23:19 / 26.11.2021
5948

Манба: Хитой корхоналарида WeChat'даги ишчи гуруҳларни ўчириш сўралмоқда

Фото: AP

Хитойнинг йирик корхоналари ишчиларидан WeChat мессенжеридаги ишчи гуруҳларини ўчиришни сўраган. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб Wall Street Journal ёзмоқда.

Манбада айтилишича, China Mobile, China Construction Bank, China National Petroleum каби йирик корхоналар ишчиларидан WeChat'даги гуруҳларни ва мессенжерда сақланган маълумотларни ўчиришни сўраган.

Корхоналарда нега ишчилардан бу нарса сўралгани айтилмаган, аммо Хитой ҳукумати интернет гигантлар устидан назоратни кучайтиргани асосий сабаб бўлиши мумкин.

Хитойда кўплаб давлат ва нодавлат компаниялар ўзаро алоқани таъминлашда WeChat (хитойчаси Weixin) мессенжеридан фойдаланади. Хитойнинг Tencent компанияси томонидан ишлаб чиқилган илова орқали нафақат чат ва блоглар ташкил этиш, балки такси чақириш, овқат буюртма қилиш, коммунал тўловларни амалга ошириш ҳам мумкин. Пандемия вақтида масофадан ишлашга ўтганларнинг аксари айнан шу иловадан фойдаланган.

Олдинроқ Хитой ҳукумати Tencent компаниясидан илованинг ҳар бир янгиланган версиясини эълон қилишдан аввал ҳукуматдаги махсус идоралар билан маслаҳатлашиши кераклигини талаб қилган. Компания давлат назоратчиси билан ишлашга тайёрлигини айтиб, қандайдир ишончсизлик кўринаётган бўлса, ўзининг WeCom мессенжеридан фойдаланишни таклиф қилган.

2021 йил август ойида Хитой ҳукумати WeChat ва яна 42 та интернет сервисни фойдаланувчиларнинг маълумотларини ноқонуний тарқатишда айблаган эди.

Top