11:21 / 29.11.2021
3777

Ўзбекистонда ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш режалаштирилмоқда

Президент “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг техник кўмагини жалб қилган ҳолда ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш бўйича Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.

Бунда, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда Соғлиғи ва ҳаёт фаолиятининг (функцияларининг) чекланиши халқаро классификацияси асосида фуқароларга ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил 1 августдан Тошкент шаҳар ҳамда 2023 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан йўлланмаларни, касаллик тарихидан кўчирмаларни, амбулатор карталарни, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда касб касаллигини белгилаш учун асос бўладиган махсус ваколат берилган соғлиқни сақлаш муассасаси хулосасидан кўчирмаларни ахборот тизимига электрон тарзда киритиб боришни таъминлайди.

Белгиланишича, ногиронликни белгилаш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар даволаш-профилактика муассасаларининг IT оператор-ҳамширалари томонидан шахсий идентификацион логин ва пароллар асосида ахборот тизимига киритиб борилади.

Top