10:25 / 29.11.2021
9534

Ўзбекистонда ногиронликни муддатсиз даврга белгилашга рухсат берилди

Президент “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Фото: Shutterstock

2021 йил 1 декабрдан бошлаб шахс соғлиғининг ҳолатига кўра Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш орқали ташкил этилади.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаронинг иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

2022 йил 1 августдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими жорий этилади. Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади.

2023 йил 1 январдан бошлаб ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилади. Бунда:

  • ногиронликни белгилашда даволаш-профилактика муассасаларининг йўлланмалари, касаллик тарихидан кўчирмалар, амбулатор карта, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ахборот тизими орқали қабул қилинади;
  • вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги тўғрисидаги маълумотлар “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарати ҳамда ахборот тизими орасида маълумот алмашинуви асосида олинади;
  • ахборот тизимидаги фуқарога тегишли маълумотлардан келиб чиқиб, организмнинг функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегараланишини ҳисобга олган ҳолда ногиронликни фуқароларнинг иштирокисиз белгилаш тартиби жорий этилади;
  • ногиронлиги бўлган шахсга тааллуқли бўлган маълумотлар, даволовчи ҳамда тиббий хулоса берган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида қайд этиб борилади;
  • ногиронлик белгиланган шахсларга пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун электрон маълумотлар “Пенсия” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади.
Top