13:33 / 30.11.2021
4471

Ўзбекистон Панама билан дипломатик муносабатлар ўрнатди

Куни кеча икки давлат вакиллари дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзолади.

Фото: Dunyo

«Дунё» нашри хабарига кўра, Панама Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 138-давлат бўлди. Кеча, 29 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Панама ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди.

Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Иброҳимов ва Панаманинг БМТдаги доимий вакили, элчи Маркова Консепцион Жарамилла имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасидаги қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади. Бундан ташқари, ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излашда, жумладан, Ўзбекистон 3 ноябрдан доимий кузатувчи мақомига эга бўлган Америка давлатлари ташкилоти доирасида икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Панама Марказий ва Жанубий Американинг туташган жойида, Атлантика ва Тинч океанлари оралиғида жойлашган ва муҳим юк ташиш йўлини таъминлайдиган давлатдир.

«Марказий ва Жанубий Америка чорраҳасида жойлашган Панама билан ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг ушбу минтақалардаги давлатлар билан ўзаро ҳамкорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди», — дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Доминика ҳамдўстлиги Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 137-давлат бўлди. 

Top