13:22 / 13.12.2021
61588

Янги йилда барча ходимларга 5 кун дам олиш берилиши мумкин

Президент фармони лойиҳасида иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимларга 2022 йил 3 ва 4 январ кунларини дам олиш куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда.

Mehnat huquqi телеграм каналининг хабар беришича, “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда 2022 йил 3 январ — душанба, 4 январ — сешанба қўшимча дам олиш куни этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Фармон қабул қилинса, ўзбекистонликлар Янги йил байрами муносабати билан кетма-кет 5 кун (31 декабрдан 4 январгача) дам олади.

Хусусан:

2021 йил 31 декабр (жума) – 2021 йил 10 майдаги ПФ-6222-сонли президент фармонига асосан қўшимча дам олиш куни;

2022 йил 1 январ (шанба) – Меҳнат кодекси 131-моддасига кўра, ишланмайдиган кун (Янги йил байрами);

2022 йил 2 январ — якшанба дам олиш куни;

2022 йил 3 январ (душанба) ва 4 январ (сешанба) кунлари – қабул қилиниши кутилаётган фармонга асосан қўшимча дам олиш куни.

Top