11:04 / 21.12.2021
14357

Сирдарёда сув таъминоти учун ажратилган 7 млн доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилинган

Осиё тараққиёт банкининг Ховос туманининг 126 минг аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ажратилган 7 млн доллардан ортиқ кредит маблағлари талон-торож қилинган.

Сирдарё вилояти Ховос туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш жараёнида 7 млн доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилинган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев 20 декабрь куни вилоят аҳолисига мурожаатида маълум қилди.

Жорий йилда Сирдарё вилоятининг ичимлик сув билан таъминланганлик ва сифат даражаси паст бўлган ҳудудларига президент Шавкат Мирзиёев таклифи ва ташаббуси билан Жиззах вилоятининг Зомин туманидан ичимлик сув келтирилиши йўлга қўйилган.

«Сирдарё вилоятининг Ховос туманини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 7 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ талон-торож қилинган. Бунда вилоятнинг иқлимига мос бўлмаган, сифатсиз труба ва сув қувурлари олиб келиб ўрнатилган. Ушбу маблағлар эвазига 126 000 нафар аҳоли ичимлик сув билан таъминланиши зарур эди», — деди вилоят ҳокими.

Шунингдек, Ғофур Мирзаев Сардоба сув омборида юзага келган сув тошқини оқибатлари ҳалигача бартараф этилаётган Сардоба туманида қувурларни алмаштириш ишлари бўйича мисол келтирди.

«Сардоба туманида стеклопакет [стеклопластика бўлиши керак — таҳририят] қувурларини ётқизиш ишлари натижа бермади. Яқиндагина 7 километрлик сув қувурларини бошқа қувурларга алмаштирдик», — дея таъкидлади у.

Top