18:54 / 24.12.2021
16129

Киев суди Порошенкони ҳибсга олишга рухсат берди

Пётр Порошенко «давлатга хиёнат» ва «террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш» моддалари бўйича айбланмоқда.

Фото: Getty Images

Киевнинг Печерский район суди Украина собиқ президенти Пётр Порошенкони ушлашга рухсат берди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб «Украинские новости» хабар бермоқда.

«Печерский район суди Пётр Порошенкони ушлашга рухсат берди. Қарор давлат тергов бюроси томонидан давлатга хиёнат иши бўйича суриштирув доирасида қабул қилинди», — дейилади нашр хабарида.

Аввалроқ «Главком» нашри Украина прокуратураси суддан Порошенкони ҳибсга олишни сўраганини хабар қилганди. Хабарда айтилишича, бош прокурор вазифасини бажарувчи Алексей Симоненко Пётр Порошенкони 1 млрд гривна (37 млн доллар) гаров эвазига озодликка чиқиш имконияти билан ҳибсга олиш бўйича сўровнома берган. 

Порошенко «давлатга хиёнат» ва «террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш» моддалари бўйича айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, собиқ президент жиноий гуруҳ тузган ва 2014 йилда ЖАРдан кўмир етказилиши тўғрисидаги шартномани барбод қилган.

Top