10:12 / 12.01.2022
2242

Қорақалпоғистондаги 8 нафар раҳбар ходимга берилган ҳайфсан олиб ташланди

Фото: Kun.uz

Олдинроқ Қорақалпоғистонда 4 нафар вазирга ҳайфсан берилиб, яна 3 нафар ҳокимга чора кўрилиши мумкинлиги ҳақида хабар бергандик. Вазирлар Кенгашининг фармойишига кўра, интизомий жазо олган расмийларнинг ҳайфсани олиб ташланган.

2021 йилнинг 22 ноябр куни қабул қилинган Вазирлар Кенгашининг фармойишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Зоҳиджон Зиядуллаев, соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов, мактабгача таълими вазири Жумагул Уснатдинова, халқ таълими вазири Рустем Рейимовга ушбу жазо чораси берилганди.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Тимур Баекеевга нисбатан 2021 йил июлидаги ҳайфсан эълон қилингани инобатга олиниб, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланганди.

Вазирлар Кенгашининг 2022 йил 10 январдаги фармойишига кўра, юқоридаги 5 нафар расмийга эълон қилинган ҳайфсан жазо чораси олиб ташланган.

Бундан ташқари, Маданий мерос Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Қ.Шарипов, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси бошлиғи А.Тилеумуратов ва "Қорақалпоқсувтаъминот" МЧЖ директори А.Қудайназаровга қўлланган ҳайфсанлар ҳам олиб ташланган.

Изоҳланишича, 2021 йилнинг 30 декабридан Қорақалпоғистондаги 8 нафар раҳбар ходимга кўрилган интизомий чоралар белгиланган топшириқларнинг ижросини вақтида таъминлаш, ишдаги ютуқлари ҳисобга олиниб бекор қилинган.

Қорақалпоғистонда тўрт вазирга ҳайфсан берилганда Вазирлар Кенгаши раисининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Эрназар Аташовга ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Бахитжан Хабибуллаевга нисбатан, Нукус шаҳар ҳокими Утемурат Панаев, Бўзатов тумани ҳокими Маҳмуд Қайпанов ва Тахиатош тумани ҳокими Илҳом Маткаримовга нисбатан интизомий чоралар кўриш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси номига таклиф киритилганди.

Top