07:32 / 04.02.2022
20220

Ҳисордаги фотоқопқон икки бош қор қоплонини суратга олди 

Қашқадарё вилояти Ҳисор давлат қўриқхонасидаги фотоқопқон яна икки бош қор қоплонини суратга олди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар бермоқда.

Видеодан кадр

Қайд этилишича, Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида яшайдиган қор қоплони мушуксимонлар оиласига мансуб  бўлган ва “Қизил китоб”га киритилган ноёб тур ҳисобланади. 

“Қўриқхонанинг Танхоздарё бўлими давлат назоратчиси Жамшид Бердалиев томонидан  Қуралай сойига қўйилган камера объектига икки бош қор қоплони муҳрланди”, дейилади хабарда.

2021 йилнинг январ ойида ҳам Қашқадарёдаги фотоқопқон яна бир қор қоплонини суратга олганди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳисор давлат қўриқхонасига камералар БМТ Тараққиёт дастури ҳомийлигида ўрнатилган. Фотоқопқонлар 2020 йилнинг март-апрел ойларида ҳам қор қоплонини тасвирга туширганди.

Қор қоплони Ўзбекистоннинг юқори қор тизмаларида яшайди. У сайёрадаги ҳайвонот оламининг камёб турларидан бири ҳисобланади.

Top