18:24 / 19.03.2022
15670

Самарқанднинг тубдан қайта қурилган халқаро аэропорти фойдаланишга топширилди

18 март куни Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали очилди. Қайд этиб ўтиш керак, 2019 йилда бошланган қурилиш ишлари давомида аэровокзал биноси, аэродром комплекси тўлиқ қайта қурилиб, ҳаттоки бутунлай янги учиш-қўниш йўлаги барпо этилди.

Қайд этиб ўтиш керак, Самарқанд халқаро аэропортининг мутлақо янгиланиши асносида аэровокзалнинг 4 қаватдан иборат биноси бутунлай қайта қурилди. Уни яратишда Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Жадиди Кўрагоний» китобидан илҳом олинган ва очиқ турган китоб шаклида бунёд этилди.

Очилиш маросимида республика ва вилоят раҳбарлари, авиация соҳаси фахрийлари ва ходимлари иштирок этишди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари, споттинг-блогерлар ҳам ҳозир бўлишди. Аввал рамзий тасма кесилди.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқалар аэропортни замонавийлаштириш ташаббуси ва амалга оширилган ишлар, унинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беришди.

Аэропорт биноси халқаро ва маҳаллий парвозлар учун бирдек мослаштирилди. Самолётларга чиқиш учун иккита дарвоза ва тўртта телескопик трап барпо этилди. Натижада, терминалнинг йўловчи ўтказиш қуввати аввалги 400 йўловчидан соатига 1000 йўловчига қадар — қарийб уч баробарга оширилди.

Аэродром комплексида бутунлай янги учиш-қўниш йўлаги, 4 та янги бурилиш йўлкалари, 26 та самолётга мўлжалланган тураргоҳлар барпо этилди.

Аэродром замонавий радиолокация ва ёритиш чироқлари билан таъминланди. Натижада аэропорт чироқлари осмонда 50 км масофадан кўзга ташланадиган бўлди. Бу жаҳондаги камдан кам аэропортларда мавжуд қулайлик.

Алоҳида қайд этиш лозимки, қурилиш ишлари лойиҳа асосида маҳаллий корхоналар ва ишчилар томонидан амалга оширилди. Бу ҳам ўз навбатида катта тажриба мактаби бўлди ва келгусида бундай лойиҳаларни ўз кучимиз билан амалга ошириш учун асос яратилди.

Энди Самарқандга ҳар қандай типдаги ҳаво кемалари қўниши мумкин, дейди «Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Раъно Жўраева, «Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси

«2019 йилда аэропортни қайта қуриш бошланганида, ишларни аввалига «Uzbekistan Airports» АЖ ўзи мустақил бошлади, кейин барибир ДХШ тўғрисидаги қонун асосида лойиҳа қилишга қарор қилдик. Инвестор ҳам топилди — «Air Marakanda».

Бу Ўзбекистон учун шундай уникал тажрибаки, бу ерда нафақат янги аэропорт қурилди — гарчи бу ҳам Ўзбекистон учун кам кузатилган ҳодиса — ривожлантиришга инвестиция жалб қилишда ривожланган бозорга асосланган давлатларнинг тажрибасидан фойдаланилди.

Шу сабабли бу ерда орттирилган тажриба Ўзбекистон аэропортларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади», — деди Р.Жўраева. 

Унинг айтишича, Самарқанд аэропорти тўғридан тўғри парвозлар сифатида ҳам,  Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳат уюштириш нуқтайи назаридан ҳам бутун дунё авиакомпаниялари учун қизиқарли нуқта.

«Бу ер ҳам ички ҳаб, ҳам халқаро ҳаб сифатида жозибали. Албатта, бу аэропортда яратилган шароитлар катта ўтказиш қувватидан далолат беради.

Ҳозир бизда 2026 йилгача Ўзбекистондаги барча аэропортларни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Барча аэропортлар реконструкция қилинади, айрим жойларда янги вокзаллар, янги аэродром комплекслари қурилади», — дея фикрини мухтасар қилди Р.Жўраева.

Аэровокзал комплекси энг сўнгги русумдаги технологик ечимлар билан таъминланди. Багаж текшириш ва ўтказиш, паспорт назорати, қайддан ўтказишда ўз-ўзига хизмат қилиш — буларнинг барчаси йўловчиларга қулайлик яратиш учун қилинган. Аэропорт биносида 29 та қайддан ўтказиш нуқтаси бор.

Шунингдек, йўловчилар учун емакхоналар, сувенир ва дюти-фри дўконлари, болалар ва оналар хонаси, ибодат хоналари ҳам қуриб қўйилган.

Янги аэропорт давлат-хусусий шериклик битими асосида «Air Marakanda» бошқарув компанияси томонидан бошқарилади. Самарқанд халқаро аэропорти — хусусий компания томонидан бошқариладиган Ўзбекистондаги ягона аэропорт бўлиб турибди.

Ҳилми Йилмаз, «Air Marakanda» бошқарув компанияси директорининг ўринбосари.

«Йўловчиларимизга Европа ва жаҳон стандартларида хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз. Учиб келаётганлар ва кетаётганлар жаҳон андазасидаги барча қулайликларга эга бўлишлари, ҳузурли вақт кечиришларини таъминлаймиз. 

Терминал биномизда энг сўнгги технологиялардан фойдаланганмиз. Багаж тизими, рўйхатдан ўтказиш тизимида энг сўнгги технологияларни жорий этганмиз», — дейди «Air Marakanda» бошқарув компанияси директорининг ўринбосари Ҳилми Йилмаз.

Буткул янги қиёфага эга бўлган Самарқанд халқаро аэропорти энди мамлакатимизни турли давлатлар билан боғловчи муҳим транспорт ҳабига айланади. Кўплаб давлатларга янги йўналишлар очилади. Рейслар сони ҳозирги 40 тадан ҳафтасига 120 тага етказилади.

Ўзбекистонда туризм соҳасини янада юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим транспорт тугуни бўлади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири

Оператор ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top