07:38 / 29.04.2022
21727

4269-сонли сохта жиноят иши. Фитрат – юртга озодлик истаган олим ва сиёсатчи

ХХ асрда Марказий Осиёдаги арзон хомашё ва ишчи кучидан фойдаланиш учун босқинчиларнинг террор тегирмони тинимсиз ишлаб туриши керак эди. Бу тегирмон озодлик ва илмга интилган одамлар қони билан юриб турган. 30-йилларда отилган ўқлар жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакили Абдурауф Фитратни ҳам четлаб ўтмади.

Жадидшунос Зайнобиддин Абдурашидов таъбири билан айтганда, Фитрат 20-асрнинг қомусий олими бўлишдан ташқари, яхши сиёсатчи ҳам эди. Туркистонликлар илмли бўлишини ва ўз ерига ўзи эгалик қилишини хоҳлагани, Фитратнинг сиёсий, илмий ва бадиий фаолияти асоси бўлган. Шунинг учун ҳам у Сталин қизил терроридан омон қолмаган.

“Отишга ҳукм қилинишидан олдин унга шундай айбловлар қўйилгандики, уларни бажаришга бир одамнинг умри камлик қилади”, – дейди Фитратнинг маҳбуслик анкетаси билан танишган тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова.

Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиган Фитрат шу ердан ислоҳотчилик ҳаракатларига қўшилади. Бухородаги билимли ёшлар қатори “Тарбияи атфол” жамияти кўмаги билан Истанбулга ўқишга жўнайди.

Фитрат Туркиядан исломчилик, туркчилик, усмончилик ғоялари билан тўйиниб, Бухорога қайтади ва жадид мактабларини очади. 1917 йилдаги инқилоблар натижасида Оқ подшо ағдарилгач, Бухорода ҳам ислоҳотлар бошланади. Жадидлар амирдан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиб, намойишларга чиқадилар.

Дилноза Жамолованинг айтишича, Фитрат “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг мафкурачиси ва ғоявий раҳбарларидан бири бўлган. Ҳаракатнинг Фитрат бошчилигидаги сўл қаноти ислоҳотлар учун бўлган намойишларда қатнашган.

Амир қўшинлари намойишни бостиргач, жадидларнинг бир гуруҳи Самарқандга жўнайди. Жадидлар орасида бўлган Фитрат Самарқандда бутун Туркистон жадидларининг асосий нашри бўлган “Ҳуррият” газетасида муҳаррирлик қилади.

Россия империяси ҳудудига олиб кириш тақиқланган асар

“Мунозара” – Фитратнинг энг машҳур асарларидан. Асар Истанбулда чоп этилган ва у Россия империяси ҳудудига олиб кириш тақиқланган китоблар қаторида бўлган.

“Асарга тақиқ Бухоро амири томонидан эмас, рус ҳукумати томонидан қўйилган. Петербургда хорижда нашр этилган асарлар ва уларнинг махсус рўйхати бўлган”, – дейди Зайнобиддин Абдурашидов.

Зайнобиддин Абдурашидов

“Мунозара”нинг Бухорога олиб кирилиши самарқандлик Абдуқодир Шакурий исмли мактабдор билан боғлиқлиги айтилади. “Шу киши, – дейди Абдурашидов, – Истанбулга борганда, чопонининг ички тарафига китобни яшириб, 10–15 дона олиб келади. Ва Ҳожи Муин томонидан форсчадан ўзбекчага таржима қилинади”.

“Уялмайсизларми, ҳар куни насронийлар оташ ароба, ўт-кема ва телеғраф симлари каби минг тур ҳунарлар зоҳир қилмоқдалар, бизнинг саноатимиз сайр аравача ва сопол офтобалар билан четланмоқда. Тфу, бу қадар қаро кунимизга, эшиг-у девордан ҳам хижолат чекмоғимиз лозим”. (“Мунозара” қиссасидан парча)

“Жадидлар мероси ўзбек тилининг бугунги муаммолари ечимида ҳам қўл келади”

1920 йилда Бухоро ва Хивада тузилган ҳукумат қўғирчоқ эди. Буни яхши тушунган Фитрат Файзулла Хўжаев билан Бухорода ҳақиқий, мустақил ҳукумат тузиш умидидан асло воз кечмади. Фитрат нозир, нозирлар шўроси раиси ўринбосари сифатида маориф, матбуот, маданият соҳасида катта ишлар қилди, деган сўзларни айтганди фитратшунос Бегали Қосимов.

1921 йилда турк тилини давлат тили деб эълон қилиш, ёзувни ислоҳ қилиш, тилни софлаштириш масалаларида Фитрат тузган “Чиғатой гурунги” ташкилоти ташаббускорлик қилган.

“Фитрат “Сарф” ва “Навф” китобларида жуда кўп тил терминларини таклиф қилган. Аммо негадир уларнинг кўпчилигидан бугун фойдаланмаймиз. Агар Фитрат ва Беҳбудий таклиф этган усуллар билан қисман ишласак ҳам, тилимизнинг ривожи, бугунги кундаги ҳолатидан олиб чиқишга катта туртки беради”, – дейди Абдурашидов.

“Ҳозирда 40 миллион инглиз 400 миллион ҳиндий ва африкаликлар устидан ҳукмдор. Чин ҳукумати 400 миллион аҳолиси билан японнинг ҳийла-найранги ўчоғига айланган. 60 миллион олмонлар 2 заиф давлат Австрия ва Туркияни ёнлариға олиб, аҳолиси 750 миллионга тенг келадиган 7 давлат билан уруш қиляпти. Кишининг наздида ажиб ва ғаройиб кўринадиган бу воқеалар тарбия таъсиридандир, зеро болаларнинг тарбияси бу фарзандни жисмонан, фикран ва ахлоқан тарбия қилиб, камолга етказишдир.

…Биз туркистонликлар фарзандларимизни эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз. Кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган. Аммо фарзанди ҳеч бўлмаса, 3 марта хасталикка чалинган”. (“Оила” асаридан парча)

4269-сонли иш

1937 йил 24 апрел кечаси Тошкентнинг Гулистон маҳалласидаги 116-уйнинг дарвозаси бемаҳал тақиллайди. Бундай йўқловнинг хосиятсизлигини уй эгаси яхши англарди. Ўша кеча, Дилноза Жамоловага кўра, Фитрат Ўзбекистон прокурорининг рухсати билан Давлат хавфсизлиги бошқармаси 4-бўлимининг бошлиғи Давлат хавфсизлиги лейтенанти Оғабеков томонидан ҳибсга олинади. Унга қуйидаги айблар қўйилади.

1. “Аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти “Миллий иттиҳод”нинг аъзоси”.

2. “Чўбонзода бош Озарбойжондаги аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти билан Совет Шарқи республикаларини Совет Иттифоқидан ажратиб, буржуа Турон давлатини барпо қилиш мақсадида бирлашган Ўзбекистондаги аксилинқилобий ташкилотнинг раҳбарларидан бири”.

3. “Ёш адабий ходимларни аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига жалб қилган, уларни аксилинқилобий миллатчилик руҳида тарбиялаган”.

4. “Аксилинқилобий миллатчилик руҳидаги асарлар, поэмалар ёзган”.

“Фитратнинг тергов жараёнлари билан боғлиқ ҳужжатлар ДХХ архивида 4269-ҳужжат остида сақланади. Бу ҳужжат Бегали Қосимов, Тарих институти бош илмий ходими Қаҳрамон Ражабов томонидан ўрганилган.

Фитратга қўйилган айбловларни бир шахс жисмонан бажариб улгурмайди. Масалан, маслакдошларига қарши кўрсатмалар берган, отиб ўлдирилган БХСРнинг 11 нафар раҳбарлари ҳақида ҳам гўёки Фитрат маълумот бергандек унга имзо қўйдириб олинади”, – дейди фитратшунос Жамолова.

1938 йилдан бошлаб Фитратни тергов қилиш яна бошланади. Энди у Англия ва Германия билан ҳамкорлик қилиб, Туркистон минтақасида советлар ҳокимиятини тугатиш учун улардан ёрдам сўраганликда айбланади.

“Ваҳоланки, – дейди Жамолова, – бу пайтда Фитрат сиёсатдан анча узоқлашган, илмий тадқиқот муассасасида фаолият олиб бораётганди”.

Дилноза Жамолова

“…Ўзбекистон мустақиллигига 50 йил олдинроқ эришган бўларди”

Сталин вафотидан кейин, 50-йиллар ўрталарида зиёлиларни оқлаш ҳаракати бошланганда, Фитратнинг рафиқаси Ҳикматой опа мурожаати билан ДХХ ҳужжатлари қайта текширилади.

Дилноза Жамолованинг айтишича, ўшанда бир қизиқ ҳужжатга дуч келинади. Унда 1938 йил октябрда Фитрат қамоқ жазосига ҳукм қилингани, жазо муддатини ўтаётган пайтда – 1944 йил 3 ноябрда қамоқда касалликда чалиниб вафот этган, деган маълумот тақдим этилади. Ўша пайтда Ҳикматой бундай ноаниқлик сабабини билиш учун ҳукуматга қайта мурожаат қилади ва шундай жавоб олади:

“1937-38 йилларда жуда кўп кишилар қирғин қилинди. Ва биз буларни 1945 йилгача жазолаш ҳақидаги ҳужжатларни сочиб ташлашга мажбур бўлдик”.

“30-йилларда Тошкентнинг Бўзсув канали ёнидаги жарликда кўплаб миллат ойдинлари отиб ўлдирилганини у ерда олиб борилган қазишлар жараёнида мингдан зиёд зиёлиларнинг суяк қолдиқлари топилгани ҳам исботлайди. Ўзбекистон ССР ҳукуматининг ўн минглаб миллий кадрлари қатағон қилинмаганда Ўзбекистоннинг озодликка эришиши 50 йил олдин амалга ошган бўларди”, – дейди фитратшунос олима.

Ҳамма фарзандлар ҳам умрини халқининг бахт-саодатига бағишлайвермайди. Ватанпарварлик – ватанни тамасиз севишдир. Фитрат Туркистонини шундай севди, ардоқлади. Жуда қаттиқ қаршиликларга учрашига қарамай, охирги нафасигача Ватанини босқинчи кишанларидан озод ҳолда кўришни истади.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top