07:28 / 31.05.2022
11555

Жиззахда бўри болаларини сотмоқчи бўлган шахслар аниқланди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида бўри болаларининг сотилиши ҳақида хабар тарқалди. 

Фото: xabardor

Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг биохилма-хилликни асраш, рақамлаштириш ва кадастр юритиш бўлими ходимлари томонидан Бахмал тумани ИИБ билан ҳамкорликда суриштирув-ўрганиш ишлари олиб борилди.

Маълум бўлишича, Бахмал туманидаги "Ўсмат" ШФЙда истиқомат қилувчи Т.Х. ва Бахмал туманидаги "Новқа" МФЙда яшовчи Ж.М. 3 та бўри боласини ушлаб, уларни сотиш бўйича эълонни ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлашган.

Тезкор назорат рейд тадбирида фуқаро Х.Т.нинг ўзига тегишли бўлган автомашина юкхонасида 3 та бўри боласи борлиги аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган. Ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси, 1-қисмига асосан жарима қўлланилган. 

Айни вақтда бўри болалари экологлар томонидан парвариш қилинмоқда. Об-ҳавонинг қулай бўлган вақтида уларни ушланган жойига олиб бориб, табиат қўйнига қўйиб юбориш режалаштирилмоқда. 

Top