07:17 / 11.07.2022
3789

Абу Дабидан Тошкент ва Самарқандга арзон рейслар йўлга қўйилиши мумкин

БААнинг “WizzAir Abu Dhabi” компанияси делегацияси Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти билан шу ҳақда музокаралар ўтказди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафоев WizzAir Abu Dhabi (БАА) бошқарувчи директори Майкл Берлуи бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Авиакомпаниянинг Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби ва Абу-Даби – Самарқанд – Абу-Даби йўналишларида ҳар бир йўналиш бўйича ҳафтасига 4 рейсдан иборат мунтазам қатновларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувлар аҳамияти ва долзарблиги таъкидланди. Парвозлар жорий йил 4-чорагидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган.

Арзон нархларда хизмат кўрсатувчи “WizzAir Abu Dhabi” компанияси раҳбарияти кам бюджетли нархларда парвоз йўналишларини кенгайтириш бўйича режалари билан ўртоқлашди. 

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Янги рейслар ишга туширилиши БАА ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво транспортига бўлган талабни қондиради, чипталар оммабоплигини таъминлайди, икки мамлакат ўртасида йўловчилар ташиш ҳажмини кўпайтиради. Бу Ўзбекистон туризм салоҳиятини рўёбга чиқаришга ижобий таъсир кўрсатади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ тадбирларни белгилаб олдилар.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Маълумот учун, WizzAir Abu Dhabi Абу-Даби халқаро аэропортида жойлашган кам бюджетли авиакомпания бўлиб, БААнинг ADQ давлат инвестиция компанияси ҳамда Wizz Air Holdings халқаро холдинг томонидан ташкил этилган қўшма корхонасидир.

Top