20:42 / 20.07.2022
16076

Давлетов: “Мурожаатсиз пенсия тайинлаш тизимига ўтмоқчимиз”

Узоқ йиллар давлат ва жамиятга хизмат қилган инсонлар умрининг охирги босқичларида бюрократиядан қийналиб, пенсия тайинланиши учун югуриб юрмаслиги керак, деб ҳисоблайди адлия вазири Русланбек Давлетов. У ҳар қандай ноаниқликлар пенсия олувчининг фойдасига талқин қилинадиган тизимга ўтилишини айтди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов бугун, 20 июл куни Қонунчилик палатасидаги чиқишида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини аҳоли учун қулайлаштириш бўйича ахборот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазир ўз ахборотида ҳозир пенсия тайинлаш учун фуқаро фақатгина паспорт билан мурожаат қилиши етарли экани, келгусида тизим бундан-да соддалаштирилишини айтди.

“Ёшга доир пенсия тайинлаш бўйича давлат ўзининг мажбуриятини тўғри ҳис қилиб, мурожаатсиз пенсия тайинлаш тизимига ўтмоқчимиз. Инсонлар шунча ишлайди, давлатга, жамиятга хизмат қилади, умрининг охирги босқичлари келганда эса бюрократиядан қийналиб, керак бўлса судлашиб юради.

Таҳлил қилинадиган бўлса, пенсия масаласида жуда кўп суд низолари бор. Аслида бундай бўлмаслиги керак. Пенсия бўйича ҳеч қандай низо қолмаслиги керак. Шунча ишлаганидан кейин давлат тегишли имкониятларни яратиб бериши керак.

Ҳар қандай ноаниқликлар пенсия олувчининг фойдасига талқин қилиниши керак. Биз бир йилда мана шу тизимга ўтишга ҳаракат қиламиз. Бу ерда асосий ижрочи – Молия вазирлиги, уларда жуда яхши жамоа шаклланган”, – деди Давлетов.

Адлия вазирлиги раҳбарига кўра, нотариусларга ҳам никоҳни қайд этиш ҳуқуқини бериш масаласи кўриб чиқилади.

“ФҲДЁ тизимига ҳам ўзгариш киритамиз. Битта далолатнома асосида шаклланадиган қилмоқчимиз. Ҳозир туғилиш, никоҳ, ўлим, фамилияни ўзгартириш кабилар учун ҳар хил далолатномалар шакллантирилади.

Никоҳни қайд этиш ҳуқуқини нотариусларга ҳам беришни кўриб чиқмоқчимиз. Нотариуслар ҳам кучли юристлар, ҳаммасини тушунади, икки томоннинг хоҳиш-иродасини тасдиқлаб шаҳодатлай олади.

ФҲДЁ органлари сони 200 та бўлса, нотариуслар сони мингта – фуқаролар мингта нотариусга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Буни энди кўриб чиқяпмиз”, – деди Русланбек Давлетов.

Top