21:06 / 22.07.2022
70110

1900 сўмдан 2850 сўмгача. Метан қимматлиги билан нега ҳеч кимнинг иши йўқ?

Kun.uz АГТКСларга 1000 сўмдан тарқатилаётган метан газ республика бўйлаб қанчадан сотилаётганини аниқлади. Тадбиркор “заправкачи”лар 1 куб метр газни устига 1800 сўмгача қўйиб пулламоқдалар.

Халқимизда “кетмонни деҳқон чопади, ҳузурини савдогар кўради” деган нақл бор. Айни кунларда мамлакатдаги “газ-заправка”ларда метан газни сотиш билан шуғулланаётган тадбиркорларни шу нақлдаги савдогар десак бўлади. Бунда деҳқон ролини давлат бажармоқда. Гап нима ҳақида кетаётгани ҳақида мақоламиз давомида билиб оласиз.

Ошган нарх тушмайди

Шу йилнинг 15 июлидан юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархининг оширилиши эълон қилиниши ортидан ёқилғи қуйиш шохобчаларида метан нархи 3000−3100 сўмгача оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергоресурслар нархи ошиши кўзда тутилган ҳукумат қарори ижроси кечиктирилгач автомобилларга сотилаётган газ нархи ўзгаришсиз қолганди.

Бироқ шунга қарамай Ўзбекистонда энг оммабоп автомобил ёқилғиси ҳисобланадиган метангаз республика миқёсида бир хилда ёки арзон сотиляпти деб бўлмайди.

Тўғри, ҳудудларнинг узоқ-яқинлигига қараб логистика харажатлари турлича бўлиши турган гап. Бироқ суриштирувимиз территориал жиҳатдан ёнма-ён, логистика жиҳатдан бир-биридан у қадар узоқ бўлмаган масофада жойлашган вилоятларда сотилаётган метан нархининг кескин фарқ қилиши муаммо сабабини бошқа жойдан излаш кераклигини кўрсатмоқда.

Энг қиммат метан Наманганда

Андижон шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида метан газ нархи. Фото: Kun.uz

Сўзимиз қуруқ бўлмасин, ҳудудлар мисолида вазиятни таҳлил қилиб кўрсак. Kun.uz мухбирлари тўплаган ҳамда Facebook'да ўтказилган сўровда қатнашган интернет фойдаланувчилари берган маълумотларга кўра, энг арзон метан газ Андижонда сотилмоқда. Вилоятнинг Қўрғонтепа туманида 1 м³ метан газ 1900 сўмдан, Андижон туманидаги газ қуйиш шохобчаларидан бирида эса 1990 сўмдан, бошқа айрим “заправка”ларда 2200 сўмдан сотилмоқда.

Вилоятда метан газнинг ўртача нархи 2300 сўмни ташкил этади. Андижон шаҳри, Асака, Олтинкўл туманларидаги аксарият “заправка”ларда шу нархда газ қуйдира оласиз. Вилоят марказидаги айрим газ қуйиш шохобчаларида метан 2500 сўмгача сотилмоқда. Энг қиммат нарх Балиқчи (2700-2800 сўмдан) ва Пахтаобод (2800 сўм) туманларида қайд этилди.

Андижон шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида метан газ нархи. Фото: Kun.uz

Кўриб турганингиздек, нархлар ранг-баранг. Аслида ҳақиқий рақобат бор жойда ана шундай бўлиши, қиймат талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланиши керак. Бироқ афсуски, Наманган вилоятининг аксарият туман ва шаҳарларида метан бир хил нархда – 2800 сўмдан сотилмоқда.

Наманган шаҳрида жойлашган, метан газни 2800 сўмдан сотаётган “заправка”. Фото: Kun.uz

Чуст, Учқўрғон, Чортоқ, Поп, Наманган тумани ва шаҳрида яшовчи юртдошларимизнинг айтишича, “заправка”лардан метан газни 2800 сўмдан камига топиш мушкул. Фақат Чортоқ туманидаги иккита шохобчада метан 2600 сўмдан, Наманган шаҳридаги битта нуқтада 2700 сўмдан сотилаётгани айтилмоқда.

Наманган шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида метан газ нархи. Фото: Kun.uz

“Айнан шу Наманган вилояти бўйича нархни назорат қиладиган ташкилот йўқ шекилли. БЕЗ бўлиб 2800 сўмдан сотаверишади. Ёки шу нархни назорат қиладиган ташкилотга қанақадир манфаатлар бор?”, деб ёзади чустлик Музаффар Мадаминов.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, Намангандаги АГТКСларда нарх вилоят раҳбарларидан бирига қариндошлиги айтиладиган “қудрат”ли шахснинг назоратида шакллантирилади. Шу сабабли нархлар қарийб бутун вилоят бўйича бир хилда белгиланган ва истеъмолчиларда танлов имконияти деярли йўқ.

Фарғона шаҳрида жойлашган метан газ қуйиш шохобчаси. Фото: Kun.uz

Метан Фарғона–Водил йўлида 2300 сўм, Бағдод, Данғара туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида 2400 сўмдан сотилмоқда. Шу билан бирга, Қўқонда ушбу ёқилғини 2500, Фарғонада 2800 сўмгача сотаётган станциялар бор. Респондентларга кўра, метан Марғилонда 2600-2800, Бувайдада 2700, Ёзёвонда 2700-2800 сўмгача сотиляпти.

Агар Наманганда метан газ нархи юқорилиги логистика ва бошқа харажатлар билан боғлиқ бўлса, бу водийдаги вилоятларга ҳам таъсир қилиши керак эди, назаримизда. Чунки улар ўртасидаги масофа у қадар катта эмас, водийдаги бир вилоятдан иккинчисига бориш учун минглаб километр йўл юрилмайди.

Фарғона шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида метан газ нархи. Фото: Kun.uz

“Шохобчаларга 1000 сўмдан тарқатилади”

“Ўзтрансгаз” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятларининг Kun.uz'га маълум қилишича, республика миқёсида 1200 дан зиёд газ қуйиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Улар газни “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” компанияларидан сотиб олишади.

“Шундан қарийб 350 тасига табиий газни “Ўзтрансгаз” АЖ етказиб беради. Қолганини “Ҳудудгазтаъминот” АЖ етказиб беради. Мисол учун, Тошкент шаҳрида “Ўзтрансгаз” АЖга тегишли бирорта ҳам “заправка” йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган газ тарифлари бўйича “Ўзтрансгаз” Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ўзи табиий газ етказиб берувчи шохобчаларга минг сўмдан, яъни бир хил нархда сотади”, – дейилади компания матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотда.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати ҳам ўзи газ етказиб берадиган “заправка”ларга газнинг 1 кубометрини 1000 сўмдан сотишини, маҳсулот бутун республика бўйича бир хил нархда етказиб берилишини тасдиқлади.

Самарқанддаги “заправка”да метан-газ нархи

Тасаввур қилинг, 1000 сўмдан сотиб олинаётган газ Қўрғонтепа ва Андижон туманларида 1900 сўмдан, Наманганнинг аксарият ҳудудида 2800 сўмдан сотилмоқда. Кимдир транспорт ва бошқа харажатлари билан бирга ҳар кубометр газ устига 900 сўм қўйиб сотаётган ва бундан қаноат ҳосил қилаётган бўлса, беш қўлини оғзига тиқишга одатланган кимлардир қарийб икки баробар фойдада.

Хўш, республика истеъмолчиларини табиий газ билан кафолатли таъминлаш, шунингдек транспортировка қилиш, транзит ва экспорт қилишга масъул бўлган “Ўзтрансгаз” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари метан нархидаги бундай катта тафовутнинг олдини олишга, тадбиркорларни инсофга чақириб қўйишга ваколатлими? Афсуски, йўқ.

Ҳар икки компания автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари тадбиркорлик субъекти ҳисоблангани учун уларнинг чакана нархни шакллантиришига аралаша олмаслиги, газ нархини ҳар бир станция ўзи белгилашини билдирди. “Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизмати бугунги кунда компания табиий газ етказиб берувчи шохобчаларда 1 м³ метан газ 2300-2500 сўмдан сотилаётганини қўшимча қилди.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги ҳам ҳеч бир давлат ташкилоти газ заправкалар фаолиятига таъсир кўрсата олмаслигини маълум қилганди.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги нархлар

Суриштирувларимиз энг арзон метан газ Андижон вилоятининг икки туманида сотилаётганини кўрсатгани ҳақида юқорида тўхталдик. Энг қиммат нарх эса Тошкент шаҳрида қайд этилди – 2850 сўм. Бироқ ушбу ёқилғи республика бўйича энг қиммат сотилаётган жой эканини англатмайди. Чунки Намангандагидан (2800 сўм) фарқли ўлароқ Тошкентда 2500, 2600, 2700 сўмга ҳам газ қуйдириш мумкин.

Республика бўйича метан газ нархи (онлайн-сўров маълумотлари асосида). Фото: Kun.uz

Онлайн-сўровда иштирок этган респондентлар берган маълумотларга кўра, метан Тошкент вилоятида 2300-2800, Жиззахда 2400, Сирдарёда 2400-2500, Самарқандда 2400-2700, Сурхондарёда 2400-2700, Навоийда 2400-2600, Хоразмда 2400-2700, Қорақалпоғистонда 2500, Бухорода 2600, Қашқадарёда 2700 сўмдан сотилмоқда.

Тўғри, автомобилларга қуйилаётган газнинг босими ва сифати ҳам турлича. Буни ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳам таъкидлаб турибди. Бу энди алоҳида мавзу. Мавриди келганда, бунга ҳам тўхталамиз.

Айтмоқчи бўлганимиз, ўзи шундоғам автомобиль монополияси, ишсизликдан елкаси яғир бўлиб кетган, давлатга боқиманда бўлмай ўзининг машинаси ортидан рўзғор тебратаётган оддий одамларнинг дардини кимдир тинглаши, манфаатларини ҳимоя қилиши керак.

Бозор иқтисодиёти шароитида нархлар эркин шакллантирилиши, тадбиркорларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги керак, албатта. Аммо шунга яраша ҳалол рақобат ҳам таъминланиши, бир нечта шохобчалар охири бориб бир кишига тақалиши ёки бир неча тадбиркор ўзаро тил бириктирган ҳолда нархни сунъий кўтаришга келишиши кабиларнинг олди олиниши шарт.

Амалда эса бутун бир вилоятдаги АГТКСлар қайсидир амалдор (ёки унинг қариндоши) томонидан эгаллаб олингани, нархларни бозор эмас, кўринмас қўллар белгилаётгани, “олсанг шу, олмасанг катта кўча” қабилида иш тутилаётгани давлатнинг тийиб турувчи кучлари, хусусан аксилмонопол ва аксилкоррупцион органлар эътиборидан четда қолмоқда.

Юксак минбарлардан қайта-қайта янграётган “Инсон қадри учун” иборасининг ижроси мана шу халқнинг ҳақини туя қилаётган соҳаларда ҳам ўз ифодасини топиши лозим эмасми? Бу ёзганларимиз кўп минг сонли ўзбекистонликларнинг ташвишига бефарқ бўлмаган бирорта мутасаддига етиб боради, деб умид қилиб қоламиз.

Жамшид Ниёзов, журналист

Top