18:19 / 03.08.2022
25354

«Интервьюларимдан кейин айримлар ўзини ёмон ҳис қиляпти». Алишер Никимбаев билан очиқ суҳбат

Ўз вақтида ЎФАда ишлаган, ҳозирда Қатар ФАда фаолият юритаётган, ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси вакили Алишер Никимбаев билан мундиалга тайёргарлик, Ўзбекистон миллий жамоаси, ЎФА ва ПФЛ фаолияти ҳақида гаплашдик.

– Алишер ака, аввало, ҳозирги фаолиятингиздан савол берсам. 2022 йилги жаҳон чемпионати тарихдаги энг яхши турнир бўлиши мумкинми?

– Албатта. Бунга кўп сабаблар бор. Фақат илк жаҳон чемпионати бир шаҳарда бўлган — 1930 йили Уругвай пойтахти Монтевидеода. Ундан кейингилари камида икки шаҳарда ўтказилган.

Бу сафар ҳам бир ҳудудда дейишимиз мумкин. Географик жиҳатдан 5та шаҳар кўрсатилган аммо энг шимолий ва жанубий шаҳарлар ўртасидаги масофа — 55 км, яъни 1 соатли йўл. Жамоалар узоқ йўл юришмайди. Масалан, Россиядаги мундиалда Англия миллий жамоаси Калинградда туриб, ўйинларга бошқа шаҳарларга қатнаганди. 1 кун олдин йўлга чиқишига тўғри келган. Қатарда жамоалар стадион яқинидаги меҳмонхонада туришади. Фақат икки жамоа шаҳардан четроқда, аммо улар ҳам стадионга автобусда 1 соат ичида етиб келишади.

Бу мундиал мавсум ўртасида бўлади. Футболчилар жисмоний жиҳатдан энг яхши формада етиб келишади.

Мухлислар стадионлар орасидаги масофа яқинлиги учун бир кунда 2та ўйинга боришлари мумкин. Аслида 4та баҳсга улгурса ҳам бўлади, аммо ФИФА бир мухлисга бир кун учун иккитадан ортиқ чипта сотмайди.

Технологиялар борасида ҳам янгиликлар бор. Кийиниш хонасида мониторлар бўлади, ҳатто ФИФА ҳар бир жамоага иккитадан планшет беряпти — мураббийлар ўйин пайтидаёқ такрорий лавҳаларни турли ракурслардан кўришлари, футболчиларнинг қанча масофа югургани ва бошқа жисмоний имкониятлари ҳақида маълумот олишлари мумкин.

Шу ўринда Ўзбекистон билан солиштирсак. Менга айтишдики, Суперлигада «Сурхон» мураббийи ўйин вақтида планшет ишлатгани учун уни четлатишибди. ФИФА ХХI асрда яшаяпти, биз эса ҳамон ХХ асрда қолиб кетганмиз.

– Қатарда стадионлар қурилишида бангладешлик, ҳиндистонлик қурувчилар нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундай айбловларга қандай қарайсиз?

– Стадионда ишчилар ўлаётганини кўрганим йўқ. Бу ҳақда расмий манбалар ҳам ёзишмади. Ҳеч кимда аниқ маълумот бўлмаса керак. Рақамларга эътиборли бўлишни айтардим.

Яна бир нарсани тушуниш керакки, Қатарда 2,8 млн аҳоли бўлса, шуларнинг 80 фоизга яқини — чет элликлар. Шу сабаб ўлим сони хорижликлар орасида кўп бўлиши табиий ҳол.

– ФИФА жаҳон чемпионатини ҳар 2 йилда ўтказиш масаласини тез-тез кун тартибига қўймоқда. Бунга муносабатингиз?

– Менимча, бу нотўғри. ФИФАга молиявий жиҳатдан фойда бўлиши мумкин, лекин Олимпия ўйинлари ва Европа чемпионатлари борлигини унутмаслик керак. Бу мавзу мартдаги конгрессда кўтарилиши керак эди, лекин индашмади. Демак, бу ғоя етарлича овоз тўплай олмаган.

– 2005 йили ЎФФ ЖЧ саралаши плей-оффида Баҳрайнга қарши ўйиндан кейин япониялик ҳакам хатоси сабаб ФИФАга хат ёзган. Буни сиз ёзмаганингизни таъкидлаб келасиз. Аммо нега ўша ишдан сўнг «ФИФА» ток-шоусида буни оқлаб бергансиз. ЎФФ ходими бўлганингиз учунми?

– 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг Баҳрайнга учганмиз. У ерга борганимиздан сўнг ФИФАдан жавоб баҳси бўлмаслиги, ўйинлар октябрда қайтадан ўтказилиши борасида хат келди.

Чартер-рейс билан ортга қайтдик. Зафар Имомхўжаев кўрсатувга ЎФАнинг бир вакили келишини сўраган. Раҳбарият мени юборган. Бориб, ЎФФ позициясини тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Хат юборишга қарши бўлганман. Аммо 17 йил ўтдики, «сен айбдорсан», дейишади. Нима ҳам қиламиз? Сизлар орқали бу мавзуни бошқа кўтармасликни илтимос қилмоқчиман. Шахсан, мен қўрқмайман. Лекин айримлар ўзини ёмон ҳис қиляпти.

– Купернинг миллий жамоага олиб келинишини хато деб айтгансиз. Саволим бошқачароқ. Айримлар Фаластиндан (0:2) учралган мағлубиятда футболчиларнинг саботаж қилганини айтишади. Бунга қўшиласизми?

– Йўқ, ишонмайман. «Бундай бўлмаган» деб ҳам 100 фоиз ишонч билан айтмайман, чунки у ерда бўлмаганман.

Футболчиларнинг кўпчилигини ёшлигидан танийман. Улар учун ЖЧ — орзу. Орзудан кечиб, мураббийни истеъфога чиқариш учун ютқазиб беришларига ишонмайман.

– Шу кунларда Максим Шацких ҳақида «Украинада уруш бўлаётгани учун мажбурликдан қайтди» қабилида турли гаплар янграмоқда. Миллий жамоада ишлагансиз, Максни биласиз. У шунақа инсонми?

– Бундай гапларга қўшилмайман. У профессионал. Кимгадир шундай туюлаётган бўлиши мумкин, лекин унда 2-3 йилдан бери Ўзбекистонда ишлаш варианти бор эди.

Макс билан қўнғироқлашиб турамиз. Унда ватанига қайтиш хоҳиши йўқ эди, деб айта олмайман. Қачондир келиши аниқ эди, бунга сабаб уруш эмас.

– Миллий жамоа учун миллий чемпионат кучли бўлиши керак деган фикр бор. Айримлар бунга боғлиқмас, дейди. Сизнинг фикрингиз?

– Миллий чемпионат кучли бўлиши керак. Чунки Максим Шацких, Виталий Денисов, Илёс Зейтуллаев ва Санжар Турсунов каби истисноларни инобатга олмаса, футболчилар миллий чемпионатдан чиқади. Жамоаларимиз кучли бўлса, миллий жамоа ҳам ўсади.

– Аср бошида «Пахтакор» миллий жамоа базаси сифатида шакллантирилди. Ҳозир «Олимпик» лойиҳаси бор. Бундай лойиҳаларга қандай қарайсиз?

– Фарқи бор. «Пахтакор»га тайёр футболчилар келган — Жепаров, Кападзе, Николаев, Нестеров, Кошелев. «Олимпик» эса танилмаган, асосан, ўринбосарлар жамоаларида ўйнаганлардан иборат.

Бу ерда мени қизиқтираётган савол — «Олимпик» 2024 йилгачами ёки давом этадими? Келажаги қизиқ. «Пахтакор» марказлаштиришгача ҳам клуб сифатида бор эди. Кападзе жамоаси эса фақат лойиҳа учун тузилган. У профессионал клубми? Эртага Миллий Олимпия қўмитаси бюджетлаштиришни тўхтатса, нима бўлади? Натижага эришиб, Парижга бордик дейлик. Лос-Анжелесга ҳам шу лойиҳа ишлатиладими? Кападзе 2028 йилгача қоладими ёки миллий жамоага ўтиб кетса-чи? Яна янгидан ёш йигитлар тўпланадими?

– Ҳозир Қатар ФАда ишлаяпсиз. Миллий жамоаси ўсди: испанларни олиб келишди, Aspire академияси. Тизимли ишлар самара бердими ёки олтин авлод ҳам чиқиб қолдими?

– Иккаласи ҳам. Аввало, тизим. Академия ташкил этилганига 20 йил бўлмоқда. Иккинчидан, Қатарнинг туб аҳолиси 300 минг кишидан иборат — Тошкентнинг бир туманидан ҳам кам. Ҳар доим ҳам яхши футболчилар чиқиши имконсиз. Мана, кўрдингиз, 23 ёшгача бўлган жамоаси Тошкентда Осиё чемпионатида қандай натижа қайд этди. «Гуруҳдан чиқса ҳам, катта гап» деб тургандик. Чиқа олмади.

– Қатардагидек тизимни Ўзбекистонда ҳам яратса бўладими?

– Қатарда барча клублардаги энг яхши ёш футболчилар ҳафтасига 5 кун Aspire'да шуғулланади ва фақат 6-кун жамоасига қайтиб, ўйнайди.

Ўзбекистонда буни амалга ошириш қийин. Яхши ўйинчилар Қорақалпоғистон ёки водийда бўлса, уларни Тошкентга чақириб 5 кун машғулот ўтказиш осон эмас. Тўғридан тўғри «Copy+Paste» қила олмайсиз.

Лекин яхши томонларини ўйлаб кўриш керак. Уларда ҳамма ёшдаги жамоаси бир хил услубда ўйнамоқда. Бизда ҳам шундай бўлиши керак, аммо турли услубдаги мураббийлар бошқаришади. Шунинг учун ёш футболчи кейинги жамоага ўтишда йўқолиб қолади.

– Ўзбекистон миллий жамоасига мундиалга чиқиш асосий планка бўлиши керакми?

– Ҳар доим айтаман: ЖЧга чиқишнинг икки хил йўли бор — Жанубий Корея ва Шимолий Корея йўли. Жанубликлар ҳар доим қатнашади. Ҳатто ЖЧ-2018 саралашида энг кучсиз авлоди ҳам бизни ортда қолдириб, Россияга борди ва у ерда Германияни мағлуб этди.

КХДР эса 2010 йили мундиалга борди, аммо ҳозир нима қилаётганини билмайди. Шунинг учун, йўлни тўғри танлаш лозим. Бир марта чиқиб, «бўлди энди» дейиш керак эмас. Ҳар доим ЖЧга олиб борадиган тизим керак.

– Хитой Осиё Кубоги-2023ни ўзида қабул қила олмаслигини маълум қилди. Ҳозир даъвогарлар бор. Нега Ўзбекистон мезбонлик учун кураша олмайди?

– 40-50 минглик стадионлар йўқ. Бу оддий нарса эмас. Ҳукумат даражасида ҳал қилиш керак бўлади. Фақат чемпионат ўтказиб олайлик, дейиш билан иш битмайди. Тўғри режа керак.

– ЎФА ва ПФЛ ҳақидаги саволларга ўтамиз. Суперлига клубларидан бадал пули олиниши қанчалик тўғри?

– Нотўғри. Аммо бу иқтисодий имкониятларга боғлиқ. Бизнинг футболда бизнес тизими йўқ.

Биринчидан, трансляция сотилмайди. Бу бир кунлик масала эмас. Лекин ўзгаришларни кўряпман. Масалан, «Sport» ва «UzReport» топ лигалар трансляциялари учун рақобатлашмоқда. Шу рақобат ўзимизнинг футболда ҳам акс этса, яхши бўлади.

Бугунги кунда хусусий клубларимиз фақат хўжайиннинг чўнтагидан яшаяпти. Масалан, «Пахтакор». Катта тадбиркорлар келишди, анча маблағ сарфлашди ва 3 йилдан сўнг «бўлди, бизга керакмас» деб кетишди. Чунки пул тикиб, фойда топишмади. Ва клуб яна ҳокимиятга қолди.

АПЛдан «Ньюкасл»ни олайлик. Нега саудияликлар бир неча йил давомида сотиб олишга ҳаракат қилишди? Чунки бу клубдан йилига камида 200 млн фунт стерлинг фойда олса бўлади. Клубнинг минимал базаси бор. Бизда исталган жамоани олинг: минимал базаси йўқ, фақат харажатлар.

– Суперлигада 5-6 жамоа чемпионлик учун курашмоқда. Бу сизга табиий туюляптими?

– Биринчи навбатда, «Пахтакор»нинг пасайиши ва бошқа клублар, жумладан, «Сўғдиёна» босқичма-босқич кучайди. «Қизилқум»дан кутмагандим, аммо хурсанд қилмоқда.

– 10 йил аввал ОФК комиссияси таркибида Олий лига клубларининг инфраструктураси, стадионларини ўрганиш ва талабларни белгилаш борасида келиб турардингиз. Солиштирсак, ҳозир клублар ўша талабларни қанчалик бажарган?

– Инфраструктура бўйича катта ўзгариш йўқ. 10 йил аввал жуда кўп стадион қурилган ёки реконструкциядан чиқарилган. Менимча, фақат «Турон» янги стадионга эга бўлди. Яна бир бор айтаман: ҳукумат ёрдам бермаса, клубларнинг ўзи инфраструктурасини яхшилай олмайди. Ҳамма давлатда шундай. Қатарда ҳам клубнинг ўзи янги стадион қура олмайди.

– 10дан ортиқ клубимиз лицензия олди. ОФКдан лицензия олиш шунчалик осонми?

– Лицензия олиш қийин эмас. Талаблар умумийлаштирилган. Бундаги энг қийин масала — клубнинг молиявий ҳолати, қарздорлиги бор-йўқлиги. Бизда бир томондан клублар лицензия оляпти, аммо эртасига ФИФАдан трансферларга тақиқ келяпти. Шунда ҳайрон бўляпман.

Масалан, Эроннинг кучли клублари футболчилардан қарздорлик сабаб лицензия ололмади. Эрон ФА беряпти, аммо ОФК бекор қиляпти. Балки бизда ҳам бугун-эрта шундай ҳол бўлар.

– Яқинда берган интервьюларингиздан бирида Ўзбекистондан келишилган ўйинлар камайгани ҳақида айтгансиз. Бу ЎФА ва ПФЛнинг самарали курашими ё клубларда бошқарув яхшиландими?

– Тўғрисини айтсам, курашни кўрганим йўқ. Клубларда келишилган ўйинларда қатнашадиганларнинг кўпчилиги кетгани сабаб бўлгандир. Ва бундай баҳслар асосан қуйи лигаларда кузатиляпти.

Футболчиларга вақтида маош берилмаса, бундай ўйинлар кўпаяди. Маош олмаган ўйинчилар тотализаторга ўрганади. Кутилмаганда биринчи бўлимда футболчини алмаштиришади, чунки шунга пул тиккан бўлишади.

– Равшан Эрматов ва ЎФА фаолиятига қандай баҳо берасиз?

– Жуда қийин. Бунга сабаб — профессионал кадрлар етишмаслиги. 100 фоизга қониққаним йўқ, буни ўзларига ҳам айтдим.

Мана, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказишди. Хатосиз эмас. Келаси йил мартда Тошкентда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида қитъа чемпионати ҳам бўлиб ўтади. Кўрамиз. Хатолар қайтарилмаса, демак, ўсиш кўринади.

– Тошкентда ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати финалида чипталар сотуви масаласида муаммо юзага келди. Бунда адолатли тизим яратса бўладими?

– ЖЧни олайлик: фақат электрон чипталар ўтади. Онлайн сотув ва турникет масаласига эътибор қаратиш керак.

Электрон чипта сотилишида назорат қилиш мумкин. Масалан, ФИФА сайтига кириб, бир ўйинга 6тадан ортиқ чипта сотиб ололмайсиз. Лимит бор.

– Бизда финалда Равшан Эрматов 400та, Одил Аҳмедов 100та чипта сотиб олгани танқидларга сабаб бўлди.

– Ўша чипталар кимларга берилганини ўзларидан сўрадингизми? Шунақа вазиятлар бўладики, раҳбарлар қайсидир ташкилотларга беришга мажбур.

Ўзимдан мисол келтираман: 2010 йил, Ўзбекистон — БАА ўйини. Менга қўнғироқ қилишди: «Шайхонтоҳур ҳокимиятиданмиз. Бизга чипта керак». Мен айтдим: «Акалар, узр. Чипталар кассада». Кейин сўкиб кетишди: «Бизлар маҳаллий ҳокимиятданмиз. Ҳурмат қилмайсанлар».

Ҳурмат қилганимиз учун аслида шаҳар ҳокимиятига берганмиз, лекин уларгача етиб бормаган. Раҳбарларда шундай вазиятлар бўлиб туради.

– Диёр Имомхўжаев билан кўп бор ғойибона мунозараларга киришасиз. Юзма-юз гаплашиб олсанглар, бўлмайдими?

– 1,5 йилдан бери баҳслашмаяпман. ПФЛ ҳам, ўзи ҳам қизиқмас.

Юзма-юз келиш? Анчадан бери гаплашмаганмиз.

– Диёр Имомхўжаев туфайли Ахбор ва Аброр Имомхўжаевлар билан ҳам муносабатлар бузилдими?

– Билмадим. Улар билан ҳам анчадан бери учрашмаганман.

– Бундай савол беришимга сабаб, қозоқ шарҳловчиси оламдан ўтганида каналингизда «қозоқларнинг Ахбор акаси вафот этди» деб ёздингиз. Ахбор Имомхўжаев вафотларида ҳеч нарса ёзмадингиз?

– Буни каналда ҳам кимдир сўради. Шундай жавоб бердим. Биринчидан, бу янгилик канали эмас. Иккинчидан, ўша куннинг ўзида яна бир қанча танишларим вафот этганди. Шулар билан банд бўлганман.

Бу расмий канал эмас. Қачон вақтим бўлса, ёзаман. Масалан, сўнгги 2-3 ҳафтадан бери деярли ёзмаяпман.

– Қатар ёки бошқа мамлакатлардан молиявий томондан яхши таклифларга эга бўлсангиз ҳам, Ўзбекистонга қайтиш истагингиз сезилиб туради. Бунга сабаб ватанда ишлаш хоҳишими ёки ўзбек футболини ривожлантириш учун имкониятингиз борлигини ҳис қиласизми?

– Иккаласи ҳам. Аввало, бу ватан. Шу ерда туғилганман. 1991 йилдан бошлаб 20 йил давомида ўзбек футболида фаолияти юритдим. Ундан кейин ҳам ёрдам берганман, ҳалигача шундай. Одамлар билишади.

Қаерда ишласам ҳам, Ўзбекистондан қўнғироқ қилиб ёрдам сўрашса, доим тайёрман. Қайтаманми ёки йўқ, бу — бошқа масала. 

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди,
Тасвирчи ва монтаж устаси — Асадбек Курязов

Top