07:35 / 08.08.2022
8258

Собиқ партизан Петро Колумбия президентига айланди

Боготада Густаво Петронинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Колумбиянинг янги президенти тенгсизликка барҳам бериш ва исёнчи гуруҳлар билан сулҳ тузиш ниятида.

Фото: Reuters

Колумбияда биринчи марта сўл кучлар вакили, собиқ партизан Густаво Петро президентга айланди. 7 август, якшанба куни мамлакат пойтахти Боготада унинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Янги давлат раҳбари ўз нутқида Колумбияга зўравонлик ва қашшоқликни йўқ қилиш учун «иккинчи имконият» берилганини айтиб, тенгсизликка барҳам берувчи иқтисодий сиёсат олиб боришга ваъда берди. «Мен икки давлатга эга бўлишимизни хоҳламайман, жамиятнинг табақаланишини хоҳламайман. Мен кучли, адолатли ва бирлашган Колумбияни хоҳлайман», деди у.

Петро бутун мамлакат бўйлаб исёнчилар билан тинчлик музокараларини давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди ва маълумот эвазига радикал сўл Колумбия инқилобий қуролли кучлари (FARC) жангчиларига нисбатан жазоларни енгиллаштиришга ваъда берди. «Биз барча қуролли шахсларни қуролларини ўтмишда қолдиришга чақирамиз. Тинчлик ва зўравонликни якуний йўқ қилиш эвазига қонуний афзалликларни қабул қилинг», - дея қўшимча қилди у.

62 ёшли Густаво Петро ёшлигида сўл қанот исёнчи М-19 гуруҳига қўшилган ва икки йил қамоқда ўтирган. Кейинчалик у қуролли курашдан воз кечди, Бельгияда дипломат сифатида хизмат қилди ва Богота мэри бўлиб ишлади. 

Петро сайловолди кампанияси доирасида Колумбияда кенг қамровли ислоҳотларни, жумладан бойлик солиғи, очарчилик билан кураш дастури, нефть ва газдан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда қайта тикланадиган энергияга сармоя киритишга ваъда берган.

Колумбия Жанубий Америкада аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда туради. Унинг 50 миллион аҳолисининг аксарияти анъанавий равишда консерватив қарашларга эга. Мамлакатда кучли ижтимоий табақаланиш мавжуд, аммо узоқ давом этган қуролли тўқнашувлар пайтида исёнчи гуруҳлар томонидан юз берган зўравонликлар туфайли Колумбияда сўллар вакиллари шу кунга қадар унча катта нуфузга эга бўлмаган.

Top