21:45 / 24.08.2022
9974

Андижон, Наманган ва Термиздаги музейларда 3,5 млрд сўмлик зарар аниқланди

Қайд этилишича, Андижон, Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейларда жами 54 млн 700 минг сўм, Термиз давлат музей-қўриқхонасида 3 млрд 467 млн сўмга яқин зарар қиймати аниқланган.

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси бошчилигидаги ишчи гуруҳ июн-июл ойларида Андижон, Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейлари ҳамда Термиз давлат музей-қўриқхонасида сақланаётган ноёб ашёларни хатловдан ўтказиб, уларнинг сақланиши ва хавфсизлик ҳолатини ўрганди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Хабарга кўра, ўрганиш давомида ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида 4 дона, Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида 9 дона ашё музейнинг кирим ва инвентар китоблари ҳамда илмий паспортларининг тавсифномаларига, ўлчами, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди.

Шунингдек, Термиз давлат музей-қўриқхонасида 24 дона ашё музейнинг кирим ва инвентар китоблари ҳамда илмий паспортларининг тавсифномаларига, ўлчами, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги, 58 номдаги ашёлар музей фондида йўқлиги маълум бўлди.

Маданий мерос агентлигининг санъатшунослик эксперти хулосаларига кўра, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида аниқланган зарар қиймати 31 млн сўмни, Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида 23 млн 700 минг сўмни ҳамда Термиз давлат музей-қўриқхонасида 3 млрд 466 млн 800 минг сўмни ташкил қилади.

Аввалроқ моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини фойдаланишга (ижарага) бериш ва улардан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатини ўрганишда 15,3 млрд сўм дебитор қарздорлик аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Top