16:59 / 27.08.2022
21535

Ўзбекистон Миллий боғидаги кўл тикланди

Давлат раҳбари Ўзбекистон Миллий боғида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Боғ 1932 йилда ҳашар йўли билан қурилган, кўп йиллар аҳолининг севимли маскани бўлган. Кейинги вақтларда боғ ҳудудида қурилишлар бўлди - Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмаси биноси, Тошкент шаҳар тарихи музейи, “Magic сity” кўнгилочар маркази барпо этилди.

Президент боғнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, бу ерда Миллий анъаналарга хос муҳит яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

14 гектардан зиёд ҳудудда ишлар бажарилди. Маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланди. Майдони 40 минг квадрат метр бўлган кўл тикланди. Сув сизиб чиқмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилди. Қирғоқлар тартибга келтирилиб, чўмилиш ҳавзаси ташкил этилди. Мингдан зиёд дарахт, 200 мингга яқин бута кўчатлари экилди.

Давлат раҳбари шу ерда нуронийлар, адабиёт ва санъат намояндалари билан суҳбатлашди. Уларни Мустақиллик байрами билан табриклаб, боғнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

- Бугун шаҳарларимизда бўлаётган ўзгаришлар яхши. Лекин қадриятларимизни эъзозлаш, хотира ҳам керак. Илгари бу боғ Тошкентнинг энг машҳур жойи бўлган, ўзига хос рамзларидан бирига айланган. Одамлар бу ерга келиб сайр қилган, ижодкорлар табиатдан завқ, илҳом олган. Талабалар, ёшларнинг энг завқли дамлари шу ерда ўтарди. Бу тарихни ҳозирги кун билан ҳамоҳанг қилишимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, Миллий боғда мазмунли дам олиш учун шароитлар яратилган. Оила ёки дўстлар даврасида сайр қилиш, овқатланиш, шахмат-шашка ва теннис ўйнаш, велосипед ҳайдаш мумкин.

- Ҳаммамиз ўша машҳур киноларимиздаги “Гўзал Тошкент” каби куй-қўшиқларни, ҳофизларимиз ижро этган ашулаларни яхши биламиз, улар қалбимиздан чуқур жой олган, - деди Шавкат Мирзиёев. - Шунинг учун бу боғда ана шундай тароналар доимо янграб туришига эътибор бердик. Ўйлайманки, бу ерда аввалгидек мушоиралар, концертлар ўтказиш, яна кинолар олиш мақсадга мувофиқ. Булар боғимизни янада файзли ва тароватли қилади.

Top