22:46 / 07.09.2022
12178

Нега ХТВ дарсликлар ижарасини бепул қилишни аввалроқ таклиф қилмаган? Вазир ўринбосари изоҳи

Муаммонинг ечими бор экан, вазирлик масала президентгача етиб бормасидан олдин ўз ташаббуси билан уни ҳал этишга нега уринмаган? Темур Комиловнинг тушунтиришича, бу – давлат бюджетининг қонун билан тасдиқланиши ва вазирликларнинг шу бюджет интизомига риоя қилиши билан боғлиқ.

Мактаб дарсликлари ижараси нархи 2-3 баробарга ошгач, одамлар норозилигидан кейин ижара тўлиқ бюджетга ўтказилди. Хўш, бунинг имкони бор экан, нега бу масала президент даражасига кўтарилмасидан олдинроқ Халқ таълими вазирлиги шундай ташаббус билан чиқмаган?

6 сентябр кунги матбуот анжуманида журналист берган бу саволга халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов жавоб берди. У давлат харажатлари “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун билан белгиланишини таъкидлади.

“Бу ерда молиявий мувофиқлик, молиявий сиёсат нуқтайи назаридан, ҳар бир харажат ва даромадлар олдиндан режалаштирилиб, баланслашган.

Халқ таълими вазирлигида ўз ваколати доирасида бир сўм пулни бу ёққа ёки у ёққа йўналтираман дейдиган нарса йўқ. Агар бунақа тартибсизлик, бунақа ваколат бўлса, бюджет интизоми бузилиб кетади. Нафақат ХТВ, балки умуман барча вазирлик идорада бюджет интизоми йўқолади.

Бу – президент ўз иродаси билан халққа, вазирликнинг ўзига ҳам берган катта енгиллиги бўлди.

Вазирлик бюджет интизоми, молиявий қонунчилик нуқтайи назаридан бир сўм пулни ҳам ўзининг хоҳиши билан – бу халқнинг пули ҳаммаси – бунга эмас, бунга йўналтирамиз дейдиган эмас. Қолаверса, қонун билан тасдиқланган бюджетда ҳам китоб жамғармаси учун ижара тушумларидан келиб чиқадиган маблағлар кўзда тутилганини ҳам айтиб ўтмқочиман”, – деди Комилов.

Top