16:18 / 09.09.2022
31805

Чарлздан ёши каттароқ қирол бўлганми? Унинг валиаҳди ким? Британия монархияси келажаги ҳақидаги саволларга жавоблар

Фото: Getty Images

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этди. Ўлим куни қироллик оиласи аъзолари Шотландиядаги Балморал қалъасига, Лондон аҳолиси эса Букингҳем саройи олдида тўплана бошлади. Қиролича вафотидан кейин Виндзор қасрида давлат байроғи мотам белгиси сифатида пастга туширилди. Буюк Британияда 10 кунлик миллий мотам эълон қилинди, у дафн маросимига қадар давом этади. 73 ёшли шаҳзода Чарлз янги қирол деб эълон қилинди.

Янги қиролнинг исми нима? Буни ким аниқлайди?

Қиролнинг исми Чарлз III бўлади – номни шаҳзода Чарлзнинг ўзи танлаган. Бу унинг тахтдаги биринчи қарори бўлди. Умуман олганда, монарх ўзининг тўртта исмидан исталган бирини танлаши мумкин эди – Чарлз, Филипп, Артур ёки Жорж.

Қирол исмидаги рақам ҳам кетма-кет танланади. Тарихда Чарлз I ва Чарлз II каби қироллар ўтгани сабабли, янги монарх III рақамини танлаган.

Қирол исми турли тилларда ҳар хил шаклда қўлланмоқда. Масалан, испанча – Карлос, португалча – Карлуш, французча – Шарл, чех тилида – Карел, можар тилида – Кароли, руминчада – Карол, италянчада – Карло ва ҳ.к. Немис тилида ҳам Чарлз, ҳам Карл ишлатиляпти. Россияда, XIX асрнинг охиридан буён шаклланган анъанага кўра, Британия қироллари немисча тарзда номланади: Жорж эмас, Георг, Уилям эмас, балки Вилгелм, Чарлз эмас, Карл сифатида.

MIRRORPIX / GETTY IMAGES

Нега Чарлз матбуотда қирол деб номланмоқда? Тож кийиш ва бошқа расмиятчиликларни кутиш керак эмасми?

Йўқ, қиролича вафот этган вақтда, тахт зудлик билан ва ҳеч қандай маросимсиз меросхўрига, Уэлс шаҳзодасига ўтди.

Ўрта аср инглиз ҳуқуқида Rex nunquam moritur тамойили бор эди, бу ибора «қирол ҳеч қачон ўлмайди» деб таржима қилинади.

«Қирол ўлди, яшасин қирол!» ибораси эса ўрта асрларда француз тилидан инглиз тилига кўчиб ўтган. У сиёсий тамойил ҳисобланади: тахтдаги шахс ўлиши мумкин, аммо сиёсий феномен сифатидаги суверен абадий мавжуд. Бу қоида олий ҳокимиятни топширишда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиш учун жорий қилинган.

Қирол қандай тасдиқланади?

Кейинги ўн кунлик маросимларнинг аксарияти қиролича Елизаветага бағишланади. Шу билан бирга, битта расмий процедура барибир ўтказилади – қиролича ўлимининг эртаси куни соат 10:00 да, Сент-Жеймс саройида Тахт ворислик кенгаши тўпланади ва Чарлз III Британиянинг янги қироли бўлгани эълон қилади.

Кенгаш парламентнинг амалдаги ва собиқ депутатлари, зодагонлар вакиллари, Лондоннинг лорд-мэри, Британиянинг ҳамдўстлик мамлакатларидаги элчилари, қиролликнинг олий комиссарлари ва бошқа юқори мартабали давлат хизматчиларидан иборат. Унда қиролнинг тахтга чиқиши расман тасдиқланиши керак. Тадбирда 700 дан ортиқ киши иштирок этиши мумкин. Одатда қиролнинг ўзи бунда қатнашмайди.

Ворислик кенгаши сўнгги марта 1952 йил февралида, Елизавета II тахтга ўтирганида йиғилган эди.

Қирол қасамёд қиладими?

Тахт ворислик кенгаши яна бир марта эртаси куни йиғилади. Бу сафар тадбирда қирол ҳам иштирок этади.

Британия қиролларининг ҳукмронлиги бошланишида ҳеч қандай қасамёд бўлмайди. Бу бошқа давлат раҳбарларининг, президентларнинг лавозимга киришишига ўхшамайди.

Аммо, янги қирол декларация ўқийди. XVIII асрда шаклланган анъанага кўра, у черков манфаатларини ҳимоя қилишга ваъда беради.

Тантанали мусиқа садолари янграганидан сўнг, Сент-Жеймс саройи болохонасида, омма олдида Чарлз янги қирол деб эълон қилинади. Бош геролдмейстер «Худойим асрагин қиролни» деб ҳайқиради ва мадҳия янграйди.

Қиролича ва валиаҳд шаҳзода парламентнинг расмий очилиши вақтида, 2019 йил. Фото: Getty Images

Британиянинг «Худойим асрагин қироличани» мадҳияси нима бўлади? Қайта ёзиладими?

Йўқ, аслида мадҳия қирол Жорж II шарафига XVIII асрда ёзилган. Кейинчалик аёл ҳукмдор тахтга ўтирганида, мадҳиядаги олмош ўзгартирилган ва «King» (қирол) сўзи «Queen» (қиролича) билан алмаштирилган. Бу сафар ҳам шундай қилинади.

Тож кийдириш маросими қачон ўтказилади?

Тож кийдириш маросими яқин ойларда ўтказилмаса керак, деб ёзмоқда Британия матбуоти. Чунки тадбир жуда пухта тайёргарликни талаб қилади. Қиролича Елизавета II 1952 йил февралда монарх бўлди, лекин фақат 1953 йил июн ойида тож кийган эди.

Сўнгги 900 йил давомида тож кийдириш маросими Вестминстер аббатлигида ўтказилди. У ерда тож кийган биринчи монарх Уилям Фотиҳ эди, Чарлз эса қирқинчиси бўлади.

Тадбир диний маросим шаклида ўтказилади. Унинг якунида Кентербери архиепископи Чарлзнинг бошига 1661 йилда соф олтиндан ясалган Авлиё Эдвард тожини кийдиради. У Лондоннинг Тауэр қалъасида сақланади. Монарх тожни фақат мана шу маросимда кияди, чунки у 2,23 кг оғирликка эга.

Қирол оиласида ўтказиладиган тўйлар ва бошқа тантаналардан фарқли ўлароқ, тож кийдириш маросимини ташкил қилиш ва ўтказиш харажатлари ҳукумат томонидан қопланади. Чунки у давлат миқёсидаги тадбир ҳисобланади. Маросимга таклиф қилинадиган меҳмонлар рўйхати ҳам ҳукумат томонидан тузилади.

Миллатлар Ҳамдўстлиги раҳбари

Чарлз Миллатлар Ҳамдўстлиги – 2,4 миллиард киши истиқомат қилувчи 56 мустақил давлат бирлашмаси раҳбари бўлади. Буюк Британиядан ташқари у 14 та давлатда ҳукмронлик қилади: Австралия, Антигуа ва Барбуда, Баҳама ороллари, Белиз, Канада, Гренада, Ямайка, Папуа-Янги Гвинея, Сент-Кристофер ва Невис, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадина, Янги Зеландия, Сулаймон ороллари ва Тувалу.

Чарлзнинг рафиқаси энди қиролича Камиллами?

Йўқ, у қиролича-консорт бўлади (инг. consort - «шерик, ҳамроҳ») – бу Букингҳем саройининг Елизавета II вафотидан кейин берилган баёнотида алоҳида таъкидланган.

Қиролича деб одатда қиролнинг рафиқаси эмас, балки тўлиқ ҳукмдорга айланган аёлга айтилади. Камилла – тўлиқ ҳукмдор аёл эмас. Худди қиролича Елизаветанинг марҳум эри, Эдинбург герцоги Филипп ҳам тўлиқ ҳукмдор бўлмагани ва қирол унвонини олмагани каби.

Ворислик тамойилига кўра, Камилла келажакда тахтга даъвогарлик қила олмайди, шу туфайли, Чарлзнинг ҳамроҳи, қиролича-консорт ҳисобланади. Шу билан бирга, амалиётда Камилла унвони барибир қисқартирилиб, «қиролича» деб номланаверса керак, чунки бундай нозик тамойил борлигини ҳамма ҳам билмайди.

Энди ким Уэлс шаҳзодаси бўлади?

Уэлс шаҳзодаси – инглиз тахтининг эркак ворисига бериладиган унвон бўлиб, қирол унвонидан фарқли ўлароқ, аввалги монархнинг вафоти пайтида автоматик равишда ўтмайди. Янги қирол уни бир неча ойдан (баъзи ҳолларда бир неча йилдан) кейин тайинлайди.

Шу билан бирга, Чарлзнинг тўнғич ўғли шаҳзода Уилям аллақачон тахт ворисига айланди, гарчи ҳали Уэлс шаҳзодаси унвонини олмаган бўлса-да.

Британия тарихида бу унвонни олмаган, аммо кейинчалик барибир қирол бўлганлар бор. Масалан, XV асрда қирол бўлган Ҳенри VI.

Унвонни бериш маросими қирол Эдвард II (1284-1312) туғилган жой – Уэлсдаги Карнарвон қалъасида ўтказилади. Унда янги қирол меросхўрнинг бошига тож кийдиради.

Қиролича шаҳзода Чарлзга Уэльс шаҳзодаси мақомини берувчи тожни кийдирмоқда, 1969 йил.  Фото: GETTY IMAGES

Нега Уэлсда?

Афсонага кўра, XIII асрда Эдуард I айёрлик билан Уэлсни Англия вассали қилиб олади — бу ўлкадаги ҳарбий муваффақиятлардан кейин у маҳаллий зодагонлар билан музокараларга киришади. Князлар Эдуардни сюзерен (ҳукмдор) сифатида тан олишга рози бўлишади, аммо Уэльс шаҳзодаси инглизча билмайдиган маҳаллий аҳоли вакили бўлишини талаб қилишади.

Ўшанда Эдуард уларга ўз ўғлини — шу кунларда Карнавонеда туғилган бўлажак қирол Эдуард II’ни олиб боради ва хитоб қилади: «Мана сизларга Уэльс шаҳзодаси, у шу ерлик ва инглиз тилида бирор сўз билмайди!»

Тарихчилар қайд этишича, аслида Эдуард I бошқаруви даврида Англиядаги аристократия эски француз тилида (оддий одамлар сўзлашган инглиз тилида эмас) гаплашишган, аммо Эдуард II чиндан ҳам Карнарвонеда туғилган, унинг отаси бу вақтда ўша ҳудудда ҳарбий кампания олиб бораётганди.

Шаҳзода Чарлз жуда узоқ вақт тахт вориси бўлган, энди у энг кекса қиролми?

Ҳа, 73 ёшли Чарлз Британия тарихида тахтга ўтирган энг кекса инсон бўлди. Бунгача энг кекса қирол Уилям IV бўлган. 1830 йилда тахтга ўтирганида у 64 ёшда эди ва 71 ёшда вафот этди.

Буюк Британия ҳаётида яна нима ўзгаради?

Елизавета II вафотидан кейин муомалага чиқарилган тангалар ва банкноталарда янги қиролнинг сурати жойлаштирилади – бу анъана қадимдан давом этмоқда. Эски тангалар ва банкноталар аста-секин янгилари билан алмаштирилгунга қадар муомалада қолади.

XVII асрда жорий қилинган қоидага кўра, янги қирол банкноталарда ўзидан олдинги монархга нисбатан қарама-қарши томонга қарайди. Қиролича Елизавета банкнотларда ўнг томонга қараб турган бўлса, Чарлз чап томонга қараган ҳолда тасвирланади. Шунингдек, почта маркаларида ҳам янги қирол суратлари бўлади.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб қироллик шифри ўзгаради. Бу монархнинг исми ва унвони бош ҳарфларининг монограммаси бўлиб, турли нарсаларга босилган – қизил почта қутиларидан тортиб полиция кийимларигача. Ҳозирги шифр Авлиё Эдвард герби ёнида жойлашган «EIIR» шаклида. 

Top