18:53 / 22.09.2022
77186

«Бешикда ётган бола суяги деформацияга учрайди» – Нега айрим оналар бешикдан воз кечяпти?

Болаларда пайдо бўлаётган касалликлар ота-оналарни бешикдан фойдаланиш масаласида иккилантириб қўйяпти. Антропологлар бешик бош суяги деформациясига сабаб бўлишини маълум қилган бўлса, шифокорлар болани бешикка белаш бўйича турли фикрларни билдирган.

Чорсунинг бешик бозори деб аталадиган расталарида беланчаклар кўпайган. Бозорда бешик сотадиган Зиёда Абдурасулова одамлар сони ошаётган бўлса ҳам, бешикка талаб бироз пасайиб, беланчак ҳам ясашга ўтишганини айтади. Аёл ўзини 8 авлоддан бери бешик ясаб, сотиб келаётган бешикчилар авлодидан деб таништирди. Савдогарнинг гапларида жон борми, бугун ўзбеклар орасида бешикдан фойдаланиш камайиб, улар ўрнини беланчаклар эгаллаяптими, шундай бўлса бунинг сабаблари нимада?

Бешикнинг кашф қилиниши

Марказий Осиёда, асосан ўзбек ва тожик халқлари азалдан бешикдан кенг фойдаланиб келган. Бешик қадрият даражасига чиққан. Кўп манбаларда «бешик» сўзи илк марта тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғати турк» асарида учраши айтилади. Олим XI асрларда яшаган бўлса, демак бешик атамаси ҳам ёзма адабиётга шу пайтда кириб келган бўлиши мумкин.

Бироқ бешикнинг ўзи анча олдинроқ кашф қилиниб, фойдаланилгани ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори, антрополог олим Самариддин Мустафоқулов ўрганишлари натижасида бешик VI–VII асрларда кашф этилган деган тахминни илгари суради. Лекин бу масалада ҳозирча фақат тахминларга суянилади. Самарқанд музейларида IX-X асрларга оид шиша сумаклар сақланади.

Бош орқа чаноғи шаклланишига таъсири

Бола бешикда бир йўналишда ухлаши жиҳатидан олиб қаралса, бешик бошнинг орқа суяги шаклига таъсир қилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу борада аниқ бир тадқиқот ўтказилмагани учун ҳам бешикнинг инсон антропологиясига таъсири ҳақида ҳукм усулида бирор гап айтишдан йироқмиз. Шундай бўлишига қарамасдан, бу мавзуда айрим тарихчи антропологларнинг кузатувлари бор.

Масалан, Самариддин Мустафоқулов қазилма сифатидаги бош чаноқларини ўрганиш асосида бешик VI–VII асрларда Амударё ва Сирдарё оралиғида яшаган халқлар антропологиясига таъсир қилган, деган фикрда.

«Ўша даврдан икки дарё оралиғидаги пасттекисликларда яшаган халқларда, аниқроғи, ўзбек ва тожикларда бош энса қисмининг яссиланиши, илмий тилдаги брохокранлашув бошланади. Бошқача айтганда, бешик бошнинг деформацияланишига сабаб бўлган», –деган олим.

Мустафоқуловнинг фикрини Самарқанд археология институти антропологи Ниёз Рашидов ҳам қўллаб-қувватлаб, бешикнинг айнан бош суяги деформацияга учраши жараёнини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Унга кўра, бешикка беланганда бош суяги деформацияга учрайди. Бироқ бу ақлий фаолият ёки бошқа бир жисмоний фаолиятига таъсир қилади дегани эмас.

«Бош суягининг яссиланиши бешик кўп қўлланган Марказий Осиё давлатларида учраган. Бешикка тинимсиз белаш натижасида суяк шакли ўзгарган.

Лекин бунинг орқасидан эволюцион жараён бўлмайди. Деформация бир неча турга ажралади. Ўзбекистонда учрайдигани бош орқа чакка деформацияси ҳисобланади. Агар бешикка беланмаса, бошнинг ўша жойи деформация бўлмайди. Буни инсон эволюциясига таъсир қилган деёлмаймиз», – дейди у.

Оналар ўртасида ўтказилган сўровнома

Болаларда илгари кузатилмаган ёки кам кузатилган касалликларнинг кўпайгани ота–оналарда бешикдан фойдаланишда иккиланишни келтириб чиқаряпти. Болалар шифокори Мақсуд Мухторов ҳозир ота-оналар кўпинча беланчакни танлашаётганига урғу бериб, бу ҳолат мамлакатнинг урбанизациялашган ҳудудларида кўпроқ учраши ҳақида гапирди. Лекин айрим ҳудудларда бешик ҳали ўз долзарблигини йўқотмаган.

Бешикнинг фойда ва зарарли томонлари бўйича Facebook’даги «Карвонсарой» гуруҳи иштирокчилари орасида ўтказилган кичик сўровномада 250 нафарга яқин аёл иштирок этган. Уларнинг аксари бешикнинг фойдали томонлари ҳақида ёзиб қолдиришган.

Сўровномада қатнашган аёллар бешикда боланинг ости доим қуруқ туриши, тайёр тагликлар (памперс) бола терисига аллергия бериши ҳақида айтишган.

«Боланинг қўллари бешикда боғлиқ тургани учун чўчиб уйғониб кетмайди. Хотиржам ухлайди. Оналар кун бўйи боласига ўралашмай, бошқа ишларини ҳам қилиб олади», – деган иштирокчилардан бири.

Бешикдан фойдаланишга қарши бўлган аёллар бешик ёпиқ тургани учун болага ҳаво етмай қолиши, болани сиқиб боғлаш унинг эркин ўсишига тўсиқ бўлиши ҳақидаги фикрларда жон борлигини ёзишган.

«Хавфсизлик – ҳаво етмай бўғилиб қолиши, бешикни каттароқ бола ағдариб юбориб бўғилиши, саломатлик – бошнинг ясси бўлиши, оёқларни нотўғри боғлаш орқали зарар кўриши, баъзи болаларнинг миясини чайқатиш мумкин эмаслиги, онанинг тафтини ҳис қилмаслик, қўл-оёғини боғлаб, бўйсунишга мажбур қилиш, меҳмонга кета олмаслик, бешикни кўтариб юришга мажбурлик сабаб бешикка қаршиман», – дея бешикнинг ноқулай томонларини санаган аёллардан бири.

Шифокорлар нима дейди?

Сўровномада бешикнинг салбий томонларини санаган аёллар фикрининг илмий асоси ҳақида болалар шифокорлари кузатувларига мурожаат қилдик.

Масалан, педиатр Мақсуд Мухторов бешик боланинг эркинлигини чеклайди деган фикрни қўллаб-қувватлайди ва бешикда ухлаш соатлари меъёрдан ошиб кетмаслиги кераклигини таъкидлайди.

«Бешик бола ўзига-ўзи зиён етказишидан асрайди. Бошқа жиҳатдан, агар белаш вақти меъёрдан ошиб кетса, мушаклари ривожланишига ва қон айланишига салбий таъсир қилиши мумкин.

Ҳаво олмай қолиши мумкин деган фикрга келсак, агар говрапўш (бешик устига ёпиладиган мато) учун фаслга мос, ҳавони яхши ўтказувчи мато танланса, болада ҳаво билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Бундай фобия асоссиз бўлади. Энг асосийси – бешикка белаш қоидаларига қатъий риоя қилиш», – дейди у.

Айрим оналар тагликларнинг болаларга таъсиридан ҳам хавотирга тушишган. Шифокорнинг айтишича, бундай қўрқув боланинг териси нозик, ингичка ва тери ости ёғ қавати ҳали яхши ривожланмагани жиҳатидан асосли. Шу сабаб тагликларни танлашда эътиборли бўлиш керак.

«Тагликлар фаслга, боланинг ёшига мос ва синтетик матодан тайёрланмаган бўлиши лозим. Тагликларни нотўғри танлаш ёки нотўғри қўллаш, контакт дерматит ва иссиқлик тошмаларига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун тагликларни 1-2 ойлик болаларда ҳар 2 соатда, 3-6 ойлик болаларда эса ҳар 4 соатда алмаштириш лозим. Энг муҳими алмашинув оралиғида 15-20 дақиқа вақт бўлиши ва боланинг териси қуруқ бўлиши керак», – дейди шифокор.

«Вужуд айни ўсиб-ривожланадиган даврда ўраб-чирмаш нотўғри»

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов дисплазия аниқланган болаларни бешикка белаш хавфли эканини айтади.

«Бешикка белаш чаноқ (бўкса) бўғимида дисплазия аниқланган ва дисплазия билан даволанаётган болаларда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, қиз болаларда бўкса бўғимининг оғир даражадаги артрозларини келтириб чиқариши ва ногиронликка сабаб бўлиши мумкин. Шундай касаллиги бўлган болаларни бешикка белашда эҳтиёт бўлиш керак.

Болани бешикка ётқизишдан олдин унинг вужуди сиқиб йўргакланади, қўллари боғланади, оёқлари ҳам бир-бирига жуда яқин қилиб ўралади. Бу жуда нотўғри. Бола вужуди айни ўсиб-ривожланадиган даврда бундай ўраб-чирмаб қўйиш соғлиғига жиддий салбий таъсир қилади.

Бундан ташқари, баъзи оналар уй-рўзғор ишлари билан бандлигини рўкач қилиб, болани бешикда узоқ вақт қолдиради. Натижада жадал ўсадиган даврда бола организми эркин ҳаракат қилишдан мосуво бўлиши, кейинчалик соғлиғига, айниқса, таянч-ҳаракат тизимларининг рисоладагидек ривожланишига таъсир ўтказмай қолмайди.

Шу боис, она болани йўргаклашда юқорида айтганимиздек, оёқлар орасини катта очиб, қўлларини бўш қўйиши, гавда бемалол ҳаракатланиши учун шароит яратиши мақсадга мувофиқдир», – деган мутахассис.

Бешикнинг фойдаси зараридан кўпми ёки аксинча?

Бешикдан фойдаланиш масаласи баҳсли бўлгани сабаб, унинг фойдали ва зарарли томонларини ўргангач, ҳар бир ота-она ўзи учун қарор қилгани маъқул. Педиатр Мақсуд Мухторовнинг таҳлили бўйича, бешикнинг қуйидаги фойдали ва эҳтиёткорлик зарур бўлган томонлари бор.

Фойдали томонлари:

- қадди-қомати ва умуртқа поғонаси бир текисда, равон ўсади;

- қўли билан ўзини ўзи жароҳатламайди, бармоғини сўрмайди;

- памперсга кетадиган харажат ва таглик ювишга кетадиган вақт тежалади;

- ухлатиш учун қулай, тебраниш вақтида ўз инерцияси билан ухлайди;

- таглиги доим қуруқ бўлади, ҳар хил тери касалликларининг олди олинади;

- қўлга ўрганиб қолмайди, кўтариб ўргатилган бола доимо шундай эътибор талаб қилади.

Меъёрга ёки қоидаларга риоя қилинмасa:

- боланинг кун бўйи, узлуксиз бешикда ётиши зарарли. Куз ва қиш ойларида бола терисига ёруғлик тушиши камаяди. Оқибатда D витамини етишмовчилиги ривожланиши мумкин;

- боланинг қўл-оёқларини сиқиб боғлаш ўз навбатида қон айланиши бузилишига олиб келади;

- бола узоқ ётиши ҳисобига бошининг энса қисмида деформациялар юзага келиши мумкин;

- бешикда болани доимий бир томонлама эмизиш қийшиқ бўйинликка сабаб бўлиши мумкин;

- сумакдан фойдаланишда гигиена қоидаларига риоя қилинмаса, жинсий аъзолардаги инфекцион касалликларга сабаб бўлиши мумкин;

- бешикни қаттиқ ва тез тебратиш марказий асаб тизимидаги жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Чақалоқни бешикка белаш бўйича тавсиялар

Шифокор Мақсуд Мухторов болани неча соат бешикда ётқизиш ва қандай ҳолатларда бешикка беламаслик бўйича ўз тавсияларини ҳам берди. Педиатр боланинг бешикда ётиш давомийлиги 2-3 соатдан ошмаслиги кераклиги, бола узоқ вақт бешикда қолиб кетса, қон айланиши бузилиши ва таянч-ҳаракатланиш тизимидаги муаммолар юзага келиши мумкинлигини айтди.

Унга кўра, чаноқ-сон дисплазияси ёки соннинг туғма чиқиши билан туғилган чақалоқларни бешикка белаш тавсия этилмайди. Чунки бешикка белаш жараённи оғирлаштиради ва боланинг тузалиши кечикади. Шунинг учун бу касалликларда бола оёқлари орасини кенг очиб қўйиш тавсия этилади.

«Туғма юрак нуқсонлари (фалло тетрадаси) билан туғилган чақалоқларни бешикка белаш тавсия этилмайди. Чунки уларда нафас олиш ва кислород билан боғлиқ муаммолар бўлади.

Туғуруқ травмалари (айниқса мия ичи гематомалари ва кефалогематома) билан туғилган чақалоқларни ҳам бешикка белаш тавсия этилмайди. Калла суяги ичида босим баланд бўлади, тебратиш вақтида бола қаттиқ безовта бўлиши ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин», – дейди шифокор.

Хулоса ўрнида

Бешикдан ўзбек миллати асрлар давомида фойдаланиб келган. Ундан фойдаланиш баҳсли масалага айланиши болаларда учрайдиган турли касалликлар билан боғлиқ. Умуман, бешикнинг бутунлай зарарли ёки бутунлай фойдали экани ҳали исботланмаган. Бундай дейиш учун аввало маълум тадқиқотлар ўтказилиши керак. Педиатр ва бошқа шифокорлар ҳам ўз тажрибасидан келиб чиқиб тавсияларини билдиришади. Танлов эса ота-онанинг ўзида қолади.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист 

Top