14:40 / 13.10.2022
31361

«Барселона» ва «Ювентус» гуруҳда қолиши мумкин. ЕЧЛ гуруҳларидаги вазиятлар ҳақида

Бир пайтлар Чемпионлар Лигаси тузилиб, барча лигаларнинг кучлиларини йиғиб олмагунча, иккинчи даражали ҳисобланган УЕФА кубоги ёки Кубок эгалари кубоги турнирлари ҳам анча қизиқарли ўтган. Чунки Чемпионлар кубогида фақат мамлакат чемпионлари тўп сурган бўлса, совриндор клублар УЕФА кубоги учун беллашишган. Тасаввур қилинг, шу формат ҳозир ҳам сақланиб қолганида, “Ливерпуль”,”Челси”, “Интер”, “Ювентус”, “Барселона”, “Манчестер Юнайтед”, “Боруссия”, “Наполи” каби клубларнинг барчаси УЕФА кубогида ўйнаган бўларди.

Қизиғи, форматлар ўзгармаган бўлса-да, бу мавсумда Европа Лигаси плей-оффлари анча қизийдиган бўлиб турибди. ЕЧЛ гуруҳ босқичи бизга жуда кўп сюрпризларни тақдим этди ва бир қатор топ-клублар гуруҳда 3-ўринни олиб, Европа Лигасига ўтиш хавфи остида қолган. Келинг, анча чигал гуруҳлардаги вазиятларга эътибор қаратамиз. 

БАРСЕЛОНА

“Реал” қаторасига 31-маротаба гуруҳ босқичини муваффақиятли ҳал қилганидан бир кун ўтиб, “Барселона” қаторасига иккинчи бор баҳорги ЕЧЛ мусиқасидан мосуво бўлмоқда. Тўғри, жуда кичик бўлса-да, имконият сақланиб қолган, аммо “Кам Ноу”да “Интер”ни ютмасдан туриб, плей-оффдан умид қилиш мўъжизани исташ билан тенг эканини жамоанинг ўзи ҳам сезди чоғи, ўйин чинакам плей-офф баҳсига айланиб кетди.

5-тур олдидан “Барселона” “Интер”дан 3 очко кам жамғарган. Муҳим нуқта – очколар тенг бўлиб қолган тақдирда, ўзаро ўйинлардаги устунлик (1:0, 3:3) туфайли “Интер” гуруҳда юқорида жойлашади. Ҳар икки жамоада иккитадан ўйин қолган – “Виктория” ва “Бавария”га қарши. Демак кўриниб турибдики, вазият фақат “Бавария” билан ўйинларга боғланиб қолмаган. Агар кейинги турда “Интер” ўз майдонида “Виктория” устидан ғалаба қозонса, тамом, “Барселона” билан орадаги 3 очколик масофа сақланиб қолинади. Сўнгги турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар “Барселона” италияликларни қувиб ўта олмайди.

Энди, “Барселона” кейинги босқичга чиқиши ҳар икки ўйинида ғалаба қозониши, шу билан бирга “Интер”нинг қолган 2 ўйинда 3 очко олмаслигидан умид қилиши лозим бўлади. Кеча ўзаро ўйинда ғалабани қўлдан чиқарган Хави шогирдлари номи “ғалаба” маъносини берувчи чех клубига барча умидни боғлашга мажбур бўлиб қолишди.

ЮВЕНТУС

Туринликлар ниҳоят Аллегрини истеъфога чиқариши кутилганди, лекин “Маккаби”дан мағлубиятдан сўнг ҳам ЕЧЛ гуруҳ босқичидан ўтиш учун математик имконият сақланиб қолгани туфайлидир балки, сабр қилишмоқда. Имконият эса, ростдан ҳам фақат математик.

H гуруҳини “ПСЖ” ва “Бенфика” 8 тадан очко тўплаб бошқаришмоқда. “Ювентус”да эса, атиги 3 очко бор. Кейинги икки турда “Ювентус” “Бенфика” билан сафарда ва “ПСЖ” билан ўз майдонида ўйнайди. Туринликлар ҳар икки ўйинда ўз фойдасига ҳал қилиши ва ё “ПСЖ” ёки “Бенфика”нинг “Маккаби” билан ўйинда қоқилишини кутиши лозим бўлади.  Ўзаро ўйинларда “Ювентус” ҳар икки рақибига ҳам 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган. Демак ўзаро ўйинларда устунлик таъминлаш учун албатта, каттароқ ҳисобларда ютишига тўғри келади ҳам. Акс ҳолда, “ПСЖ” ёки “Бенфика” “Маккаби” билан очко йўқотган (дуранг) тақдирда ҳам, тўплар нисбатига кўра, “Ювентус”дан юқорида жойлашиши мумкин. Хуллас, “жой йўқ”, деб қўя қолган яхши, тўғрими?

МИЛАН

“Милан” гуруҳда айни дамда 3-ўринни эгаллаб турибди ва “Челси” билан икки ўйиндаги мағлубият вазиятни бироз қийинлаштириб қўйгани ҳам бор гап. Аммо юқорида саналган жамоалардан фарқли равишда, ҳаммаси миланликларнинг ўз қўлида.

Сўнгги тур олдидан ҳам ҳаммаси ўз қўлида қолиши учун “Милан” (4 очко) Загребда ўтадиган 5-турда “Динамо”ни мағлуб этиши керак. “Залсбург” (6 очко) “Челси”ни қабул қилади. Охирги турда “Милан” ўз майдонида “Залсбург”ни қабул қилади. Демак ўша ўйин олдидан “Милан” ё рақибини қувиб ўтган ёки бир ғалабалик масофада ортида қолаётган бўлади. “Милан” финалга тенг ўша ўйинда ғалаба қозониб, гуруҳда 2-ўринни эгаллаб олиши мумкин.

“Залсбург” ва “Милан” ўртасидаги биринчи давра ўйини 1:1 ҳисобида якунланган. Бу дегани, ўша 6-тур олдидан орадаги фарқ 3 очкога етса ҳам, ҳар қандай ғалаба “Милан”га рақибини қувиб ўтишини таъминлайди. Чунки ўзаро ўйинларда Пиоли шогирдларининг устунликлари бўлади. Аммо табиийки, “Милан” Загребда мағлубиятга учрамаслиги лозим.Чунки загребликларда ҳам 4 очко бор. Агар бу жамоа Миландан ўтиб кетадиган бўлса, балким сўнгги тур олдидан барча масалани ҳал қилиб қўядиган “Челси”дан хорватлар очко олиб қўйишлари мумкин.

Хуллас, мақсад аниқ – Загребда камида дуранг ўйнаш ва охирги турда “Залсбург”ни мағлубиятга учратиш. Шунинг ўзи плей-офф йўлланмаси учун кифоя ва “Милан”нинг қўлидан келадиган вазифа.

АТЛЕТИКО

В гуруҳида “Брюгге” кейинги босқич масаласини расман ҳал қилиб бўлди. 2-йўлланма учун эса, “Порту”, “Атлетико” ва “Байер” кураш олиб боради. “Милан” каби, “Атлетико”нинг ҳам тақдири ўз қўлида, лекин Симеоне жамоасини нисбатан жиддийроқ синовлар кутиб турибди.

Хўп, кейинги турда “Атлетико” ўз майдонида “Байер”ни ютди, дейлик. Бусиз иложи йўқ. Чунки “Порту” барча масалани ҳал қилган “Брюгге” билан ўйнайди ва агар португалияликлар ғалаба қозонишса, “Атлетико” уларга ета олмайди. Охирги турда эса, “Атлетико” “Порту” меҳмони бўлади. Ана ўша учрашув плей-оффга чиқиш учун финалга айланиб кетиши турган гап. Катта эҳтимол билан ҳатто дуранг ҳам “Порту”ни қониқтирадиган ҳолат бўлиши эҳтимоли катта.

Агар ўша ўйингача “Атлетико” “Порту”га етиб оладиган бўлса, масалан, мадридликлар “Байер”ни енгиб, “Порту” Бельгияда дуранг ўйнаса, охирги турда “Атлетико”ни дуранг ҳам қониқтиради. Чунки Мадриддаги ўзаро ўйинда “Атлетико” сўнгги дақиқалардаги гол эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

ЛИВЕРПУЛЬ

Бу рўйхатга ҳозирда 6 очколик фарқ билан 2-ўринни эгаллаб турган “Ливерпуль”ни қўшиш бироз нотўғридир, лекин одатда, бу даврга келиб гуруҳ масаласини ҳал қилиб қўядиган Клопп шогирдларини ҳал қилувчи баҳс кутиб турибди.

Кейинги турда “Ливерпуль” “Аякс” майдонига сафар қилади ва бу ўйинда Клопп шогирдлари мағлубиятга учрамаслиги керак. Мағлубиятга учралган тақдирда ҳам, минимал ҳисобда бўлиши керак. Агар “Аякс” ўзи истаган ҳисобда (2 тўп фарқи билан) ғалаба қозонадиган бўлса, охирги тур олдидан орадаги фарқни 3 очкога қисқартиради. Сўнгги турда эса, “Ливерпуль” “Наполи”ни қабул қилади, “Аякс” “Рейнжерс” билан ўйнайди. Неаполликлар “Ливерпуль” учун анча ноқулай рақиб эканини Италиядаги ўйин ҳам кўрсатиб қўйди. Сўнгги тур олдидан ортиқча босим ва ютқазиб қўйишдан қўрқув таъқиб қилмаслиги учун инглизлар Нидерландияда очко олиб қайтишлари керак бўлади.

БОШҚА ГУРУҲЛАР

Қуръа ташланганда, айрим гуруҳлардан ташқари, ғолиблар аниқдек, ўйинлар оддий ва кутилган натижаларни тақдим этиши тахмин қилинганди. Аммо кўриб турганингиздек, деярли ҳамма гуруҳда ўзига яраша интрига бор ва 5-тур кўп масалага ойдинлик киритадиган ҳал қилувчи баҳсларга тўла бўлади.

D гуруҳида бошидан кутилганидек, тўртала жамоада ҳам имконият сақланиб қолган ва ҳар бир ўйин финал мақомида бўлиши табиий. F гуруҳида “Реал”, G гуруҳида “Манчестер Сити” муддатидан олдин кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлди. Кейинги йўлланмаларнинг “Шахтёр” ва “Лейпциг” ўзаро ўйинда ҳал қилса, иккинчиси катта эҳтимол билан “Дортмунд”га насиб қилади. Бунинг учун немислар “Копангаген” (уйда) ва “Манчестер Сити”га (уйда) қарши ўйинларда 1 очко олса кифоя.   

 

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top