21:16 / 18.10.2022
13938

«Бизда вазият оғир». Зеленскийнинг офиси украинларни мамлакат бўйлаб свет, сув ва иссиқлик ўчишига тайёр туришга чақирди

Фото: EPA

Украина фуқаролари бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти ўчишига тайёр туриши керак. Бу ҳақда миллий телемарафон эфирида Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко айтиб ўтди.

«Бизда бутун мамлакат бўйлаб критик вазият. Бир регион бошқасига боғлиқ. Бутун мамлакатда электр энергияси ҳам, ичимлик суви таъминоти ҳам ва иссиқлик таъминоти ҳам ўчишига тайёр бўлиш керак», — дея унинг сўзларини келтирган «Страна».

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский 10 октябрдан буён мамлакатда электр станцияларнинг 30 фоизи вайрон қилингани ва бу электр энергиясида оммавий узилишларга олиб келаётганини айтганди. У твиттерида Кремлнинг бундай ҳаракатларидан кейин «Путин режими билан музокаралар учун кенглик қолмагани»ни ёзди.

  • Россия 10 октябрдан буён Украин шаҳарларини ёппасига ўққа тутиб келмоқда. Владимир Путин бу зарбалар Қрим кўпригида 8 октябр куни рўй берган портлашга жавоб эканини айтган. РФ мудофаа вазирлиги фақат ҳарбий ва энергетика инфратузилмаларига зарба берилаётганини таъкидлайди, аммо аҳоли яшаш уйлари ҳам ўққа учрамоқда. Украина ҳукумати россияликлар зарбаси оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани тўғрисида хабарлар бериб келмоқда.
  • Британия разведкасига кўра, Россия Украинанинг энергетика тармоғига кенг кўламли зарар етказишни мақсад қилган. «Август ойидан Россия жанг майдонида муваффақиятсизликка учрай бошлагач, улар, катта эҳтимол билан, энди Украинанинг ҳарбий нишонларидан ташқари фуқаролик инфратузилмалари ҳам кўпроқ зарбалар бера бошлайди», — дейилади Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботида.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top