12:56 / 24.10.2022
6135

Ҳукумат бозор ва савдо комплекслари бўйича янги қарор қабул қилиши кутиляпти

Вазирлар Маҳкамасининг “Бозор ва савдо комплексларини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси билан ҳудудларда жойлашган бозор ва савдо комплексларини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури, туман (шаҳар) ҳокимлари бошчилигида бозор ва савдо комплексларини ўрганиш бўйича тузиладиган ишчи гуруҳлар намунавий таркиби тасдиқланмоқда.

Ишчи гуруҳлар бозор ва савдо комплекслари ҳозирги замон архитектура ва шаҳарсозлик меъёр талабларига мос келиши, санитария, ветеринария, ёнғин хавфсизлиги ҳамда зарур инфратузилма билан таъминлангани ҳолатини хатловдан ўтказиши, хатлов натижаларига кўра ҳар бир бозор кесимида улар кейинги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига киритиши лозим.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мутасадди ташкилотлар билан бирга 2023 йил 1 мартгача ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан киритилган таклифлар асосида ҳудудлардаги бозор ва савдо комплекслари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ манзилли рўйхатни, молиявий манбаларини кўрсатган ҳолда тасдиқлайди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар Е-BOZOR бозорлар ва савдо комплекслари ягона электрон платформасини яратади.

Қурилиш вазирлиги Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда деҳқон бозорларини ташкил этиш бўйича тавсиявий талабларни ишлаб чиқади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда кетма-кет 2 та молиявий ҳисобот даврида фаолиятини зарар билан якунлаган ёки тасдиқланган бизнес режа кўрсаткичларини асоссиз бажармаган давлат улуши мавжуд бозор ва савдо комплекслари акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишларида ижроия органи раҳбарлари ваколатини белгиланган тартибда муддатидан олдин тугатиш масаласини кўриб чиқади.

Давлат активлари агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бозор ва савдо комплекслари ижроия органи раҳбари лавозимига номзодларни шаффоф танлов асосида саралаб олиш бўйича намунавий тартиб ишлаб чиқилишини ҳамда бозор ва савдо комплекслари бошқарув органлари қарорлари билан тасдиқланиши, 2023 йил 1 июлга қадар тасдиқланган тартиб бўйича янгича фикрлайдиган, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали раҳбарларни танлов асосида саралаб олинишини ва уч йил муддатга тайинлаш чоралари кўрилишини таъминлаши кўзда тутилган.

Top