19:57 / 28.10.2022
10171

Ўзбекистон ва Тожикистон янги назорат-ўтказиш пунктларини ташкил этишга келишиб олди 

Душанбе ва Тошкент халқаро аҳамиятга молик янги назорат-ўтказиш пунктларини ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар. 

Фото: khovar.tj

Тошкентда Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода ва Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов мамлакатлар ўртасидаги божхона ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. 

Томонлар Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги «Бекобод» назорат-ўтказиш пункти фаолиятини янгилашга келишиб олдилар. Бу ўтиш пункти Тошкент вилоятини Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан боғлайди. Томонлар пунктнинг ўтказувчанлигини ошириш зарурлигини қайд этишди. 

Бундан ташқари, суҳбатдошлар икки давлатнинг тегишли тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди. Товар ва маҳсулотларни ташишда божхона хизматларининг самарали фаолиятини кучайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. 

Йиғилишда божхона кўригидан ўтиш тартибини тезлаштириш, чегара постларида автотранспорт воситаларини ушлаб туришнинг олдини олиш, халқаро аҳамиятдаги янги назорат-ўтказиш пунктларини ташкил қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Top