12:42 / 12.11.2022
32150

Тасма тутган Низомиддинов, саҳнага сиғмаган «ғолиб»лар ва 18 та машина – касаба уюшмалари байрамидан репортаж

11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири ушбу тадбирдан фоторепортаж тақдим қилади.

Тадбир Тошкентнинг тарихий биноларидан бири – собиқ «Свердлов» номли концерт зали биноси негизида қайта қурилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи»нинг очилиш маросими билан бошланди.

Очилиш маросимида фахрийлардан бири рамзий тасмани вақтидан илгари кесиб қўйди. Президент администрациясининг собиқ раҳбари, айни вақтда Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Зайнилобиддин Низомиддинов эпчиллик қилиб, тасмани ушлаб турди.

Маросимда Қудратулла Рафиқов бошчилигидаги Касаба уюшмалари федерацияси расмийлари, Олий мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов, депутатлар Актам Ҳайитов, Рустам Калонов ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловлар қатнашди.

Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов Шавкат Мирзиёевнинг Касаба уюшмалари аъзолари ва фаолларига байрам табригини ўқиб берди.

Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Зайнилобиддин Низомиддинов
Касаба уюшмалари республика Кенгашлари раислари

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевлар тадбирда кўп қолишмади.

 

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов ва актёр Ёдгор Саъдиев
Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов (ўнгда)
Қўшиқчи Шерали Жўраев

Тадбирда республика бўйлаб турли соҳа вакилларига мукофотлар топширилди. Мукофот ва турли унвон олганлар шунчалик кўп бўлдики, уларнинг айримлари саҳнага ҳам сиғмай қолди.

Шунингдек, «Энг яхши маҳалла раиси», «Энг яхши сектор раҳбари», «Энг намунали иш берувчи аёл», “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси», «Энг яхши ёшлар етакчиси» ва «Энг яхши хотин-қизлар фаоли» танловининг ғолибларига диплом ва автомобиллар совға қилинди.

Хусусан, 3-ўрин ғолибларига «Спарк», 2-ўринга «Кобальт» ва 1-ўринга «Жентра» (жами 18 та) автомобиллари топширилди.

Top