22:25 / 21.11.2022
43179

Мудҳиш ўлимга маҳкум қилинган аскар. Украина ёлланма жангчини Россияга қайтариши халқаро ҳуқуқларга зидми?

Фото: YURI BUTUSOV/YOUTUBE

12 ноябр куни Россиянинг уруш тарафдори бўлган телеграм-каналларида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчиси, Украинага асир тушган ва маҳбусларни алмашиш доирасида ортга қайтарилган Евгений Нужиннинг шафқатсизларча қатл этилгани акс этган видео тарқалди. Нужин олдинроқ, асирликда пайтида украиналик журналистларга интервью бериб, Киев тарафида туриб уришишга тайёрлигини айтганди. У Россияга қайтарилгач, вагнерчилар Нужинни «хоинлиги учун жазолаган».

«Вагнер» ёлланма жангчилар компанияси асосчиси ва раҳбари Евгений Пригожин тармоқларда тарқалган бу видеони «ажойиб режиссёрлик иши» деб атади.

«Ушбу шоуда (Нужин) Украинада бахт топа олмагани, ёвуз аммо адолатли одамлар билан учрашгани кўриниб турибди», дея ёзади унга алоқадор бўлган «Конкорд» компанияси матбуот хизмати.

Нужин асирлар алмашуви доирасида Россия кучлари жойлашган ҳудудга қайтган. Бу ҳақда Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ва аноним ВЧК-ОГПУ телеграм-канали хабар берган. Кейинроқ бу маълумотни Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам тасдиқлади.

Украина Россияга фақат ўзи буни хоҳлайдиган маҳбусларни қайтаришга ваъда берган

Россия Федерациясида сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, Володимир Зеленский рус аскарларини ихтиёрий равишда таслим бўлишга чақирди ва Украина Россияга қайтишни истамаган асирларни бунга мажбурламаслигига ваъда берди.

Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук ҳам таслим бўлувчи рус аскарларига худди шундай кафолатларни тақдим этди.

«Агар сиз Россияга қайтишни истамасангиз, Женева конвенциялари ва Украина қонунларига кўра, ҳеч ким сизнинг хоҳишингизга қарши ўлароқ сизни Россияга қайтариб юбормайди», деган Верешчук.

Украина бош разведкаси вакили Андрей Юсов ҳам рус аскарлари мажбуран алмаштирилмаслигини айтган.

Украина ҳукумати ўз ваъдасини бажармоқдами?

Украина президенти девони маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг таъкидлашича, Нужин алмашинувга ихтиёрий розилик бериш бўйича ҳужжатга имзо қўйган.

«Бизда жуда оддий ёндашув бор. Асирга олинган аскар алмашувдан ихтиёрий равишда воз кечиши мумкин. Бу қоида бизнинг қонунларда белгиланган», деган Подоляк.

Аввалроқ, президент девони раҳбарининг яна бир маслаҳатчиси Алексей Арестович Украина Евгений Нужинни мажбуран алмаштиргани ёки аксинчалигини билмаслигини айтганди.

«Бизга қандай эътироз билдирилиши мумкин? Айтайлик, у мажбуран экстрадиция қилинишига қарши эди, биз эса уни экстрадиция қилдик. Аммо бунга аниқлик киритилиши керак. Шубҳасиз, ҳеч ким уруш пайтида буни аниқлай олмайди», дейди у.

Шунингдек, Арестовичнинг айтишича, Нужин «таслим бўлмаган – уни қўлида қурол билан жанг майдонида асирга олишган» (бу Нужиннинг ўзи айтган сўзларга зид келади. У украиналик журналистларга берган интервьюсида ўз ихтиёри билан таслим бўлганини билдирган).

«Уни бизнинг ҳудудимизда жанговар топшириқни бажараётган ҳарбий қисм таркибидаги душман аскари сифатида қўлга олишган», дейди Арестович.

Унинг қўшимча қилишича, сўнгги 24 соат ичида яна икки нафар россиялик аскар ихтиёрий равишда Украина томонига ўтиб, «Россия озодлиги» легионида жанг қилиш истагини билдирган.

«Ҳеч ким уларни ортига қайтариш ниятида эмас. Хусусан, легионда хизмат қилаётганларни ҳам», деган президент девони раҳбари маслаҳатчиси.

Давлат думаси собиқ депутати Илья Пономарёв бу борада бошқа версияни айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Нужин Россия махсус хизматлари агенти бўлиб, у «Россия озодлиги» легионига кириши керак бўлган, аммо полиграфия текширувидан (аризачидан олинган маълумотлар ишончлилигини аниқлаш, унинг таржимаи ҳолида қандай фактлар яширинганини текшириш) ўта олмаган. Шундан сўнг Нужин ҳибсга олиниб, украиналик асирларга мажбуран алмаштирилган. Пономарёв Нужиннинг ўлдирилишини «пропаганда мақсадлари» билан боғлаган.

Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан, таслим бўлган ва қўлида қурол билан асирга олинган маҳбуслар ўртасида фарқ борми?

Халқаро ҳуқуқда бундай фарқни ифодаловчи норма йўқ, бу маҳбуснинг ҳуқуқий ҳолатига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.

Учинчи Женева конвенциясига кўра, «душман қўлига тушган» барча комбатантлар қандай қилиб қўлга олинган бўлишидан қатъи назар, ҳарбий асирлар ҳисобланади.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ мантиғига кўра, уруш зонасида бўлган шахслар комбатант ҳам, оддий фуқаро ҳам бўлиши мумкин. Комбатантлар — уришаётган томонлардан бирининг қуролли кучлари таркибида жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этаётган ва алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлган шахслардир.

Kомбатант мақомига эга бўлган шахсларнинг бундай мақомга эга бўлмаган инсонлардан энг муҳим фарқи шуки, комбатантларни жанговар ҳаракатларда қатнашганлик факти учун жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Бироқ комбатант ҳарбий жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

Душман томонидан қўлга олинган барча комбатантлар ҳарбий асирлар ҳисобланади ва уларнинг ҳуқуқлари Учинчи Женева конвенцияси билан ҳимояланган. Ушбу конвенцияда ҳарбий маҳбусларни асирликда сақлаш, хат жўнатиш, меҳнат қилиш ва овқатлантириш шартлари белгиланган.

Комбатантларни улар буни хоҳламаса ҳам ортига қайтариш мумкинми?

Тўғридан тўғри тақиқ йўқ, аммо баъзи чекловлар бор.

Женева конвенцияларида «асирларни алмаштириш» тушунчаси умуман йўқ, фақат «репарация» ва «озод қилиш» атамалари мавжуд. Расмий нуқтайи назардан ҳар қандай асирларни алмаштириш уларни озод қилиш демакдир. Мажбурий репарация ҳам бевосита тақиқланмаган. 

Конвенцияда «инсонларни асирликда ушлаб турган мамлакат ‘ҳарбий асирларнинг манфаатларини ҳисобга олишиʼ кераклиги ҳақида огоҳлантириш бор.

Аммо бу қоида одамларни ҳарбий асирлар лагерига олиб келгандан кейинги ҳаракатлар тўғрисидаги бобда мавжуд ва бу кўпроқ асирларни озод қилишни осонлаштиришни назарда тутади. Асирларни ушлаб турган мамлакатдан «уларни ватанига қайтаришда қийинчиликларни кучайтирмаслик» талаб этилади.

Жанговар ҳаракатлар пайтида ярадор ёки касал ҳарбий асирларни уларнинг хоҳишига қарши ватанига қайтариш тақиқланган.

Хусусий ҳарбий компания («Вагнер») аъзолари ҳам комбaтантми?

Бу қийин савол. Улар кўпинча ёлланма аскарлар деб аталади ва ёлланма аскарлар комбатант мақоми ва ҳарбий асирларнинг ҳуқуқларига эга эмас. Масалан, ёлланма аскарларни Украина қонунлари ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ жанговар ҳаракатларда қатнашиш факти учун суд қилиш мумкин.

Аммо баъзи ҳолларда ёлланма аскарни ҳам ўз хоҳишига қарши ватанига қайтариш тақиқланади. Комбатант бўлмаган ёлланма жангчилар автоматик равишда оддий фуқаро категориясига ўтади. Оддий инсонлар эса Тўртинчи Женева конвенцияси ҳимоясидан фойдаланади. Ушбу ҳужжатнинг 45 моддасига кўра, сиёсий ёки диний эътиқодлари сабаб таъқиб қилинишдан қўрқиш учун асосли сабабларга эга бўлган одамларни ватанига қайтариш мутлақ тақиқланган.

Украина учун жанг қилишга тайёрлигини эълон қилган Евгений Нужиннинг бундай таъқиблардан қўрқиш учун асос борлиги аниқ эди.

Демак Нужинни Россияга қайтариш мумкин эмасмиди?

Барчаси жуда чигал. Муаммо шундаки, халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтайи назаридан, «Вагнер»нинг аксарият аъзолари Женева конвенциясида белгиланган ёлланма жангчилар тоифасига мос келмайди.

«Вагнер»нинг кўплаб аскарлари (шу жумладан Нужин) урушаётган тарафлардан бирининг фуқаролари, шунинг учун уларни ёлланма жангчилар деб ҳисоблаш мумкин эмас.

Бундан ташқари, Женева университетининг юридик факультети докторанти Линдси Кемерон Женева конвенцияларидаги ёлланма жангчиларга берилган таърифни «мутлақо ишламайдиган» деб атаган, чунки инсон ёлланма аскар бўлиши учун бир вақтнинг ўзида барча олтита мезонга жавоб бериши керак. Бу эса жуда кам учрайдиган ҳолат.

Агар асирларни ҳибсга олган томон бу шахсларнинг ёлланма жангчи эканига шубҳа қилса, халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, уларнинг мақомини белгилайдиган «ваколатли суд органи»ни тузиши керак. Украина бу ишни қилгани ёки қилмагани номаълум.

«Вагнер» жангчилари Россия Жиноят кодексига кўра ёлланма аскар деб ҳисобланиши мумкинми?

Россия Федерацияси Жиноят кодексида «Вагнер» аъзоларига назарий жиҳатдан қўлланиши мумкин бўлган икки модда мавжуд. Булар 359 ва («Ёлланиш») ва 208-модда («Ноқонуний қуролли тузилма ташкил этиш ёки унда иштирок этиш, шунингдек Россия Федерацияси манфаатларига зид бўлган мақсадларда қуролли тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок қилиш).

359-моддада ёлланма жангчига таъриф берилган: «ёлланма жангчи моддий мукофот олиш учун ҳаракат қиладиган ва қуролли тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган давлатнинг фуқароси бўлмаган, шунингдек, бу давлатлар ҳудудида доимий истиқомат қилмайдиган шахсдир».

Фуқаролик ҳақидаги бандга биноан, Украинада жанг қилаётган кўплаб вагнерчиларни ёлланма аскар дейиш мумкин эмас. Чунки уларнинг катта қисми урушда иштирок этаётган Россия фуқаролари, шу жумладан Нужин ҳам.

Жиноят кодексининг 208-моддасига кўра, ноқонуний қуролли тузилмада иштирок этиш «Россия Федерацияси манфаатларига зид бўлган мақсадларда амалга оширилса» жиноят ҳисобланади. Лекин ҳозирги Россия суди Украина билан урушни давлат манфаатларига зид мақсад деб ҳисоблаши даргумон.

Хўш, вагнерчилар комбатантми ёки йўқ?

Назарий жиҳатдан, «Вагнер» аъзолари уришаётган томонлардан бирининг қуролли кучлари таркибига кирмаса ҳам, комбатантлар деб ҳисобланиши мумкин.

Компания отряди, унинг аъзолари Женева конвенциясининг 4А (2) моддасида белгиланган талабларга жавоб берса, комбатант мақомига эга бўлиши мумкин.

Бунинг учун улар:

— қўл остидагилар учун жавобгар раҳбарга эга бўлиши;

— ўзига хос ва узоқ масофадан аниқ кўриниб турувчи белгига эгалик қилиши;

— очиқчасига қурол кўтариб юриши;

— ўз ҳаракатларида уруш қонунлари ва қоидаларига амалга қилиши лозим.

Баъзи ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, ушбу модда дастлаб Иккинчи жаҳон уруши пайтида, партизанларга ҳарбий асир мақомини бериш учун яратилган. Бироқ, ҳеч нарса модданинг таъсирини фақат шу талқин билан чеклашга мажбур қилмайди, яъни замонавий хусусий ҳарбий компаниялар ҳам ушбу модда талқинига мос келиши мумкин.

Украина бош прокурори собиқ ўринбосари Гюндуз Мамедов Евгений Нужинни комбaтант деб ҳисоблайди ва унга шу мақомда муносабатда бўлиш керак эди дея таъкидлайди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти апрел ойидаги ҳисоботида вагнерчилар Россия олдида жавобгар бўлган қўмондонлик таркибидаги қуролли гуруҳ аъзолари деб ҳисобланиши ҳамда улар комбатант ва ҳарбий асир мақомига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Демак, бундай ҳолатда мажбурий қайтариш қонуний бўлиши мумкин (Нужин ярадор ва касал бўлмаган бўлса).

Бироқ комбатант дея ҳисобланиши учун «Вагнер» аъзолари юқоридаги тўрт талабга ҳам тўлиқ жавоб бериши керак бўлади. Аммо вагнерчилар бир неча бор халқаро ҳуқуқни бузганликда айбланган.

Агар вагнерчилар комбатант мақомига эга эмас деб ҳисобласак, уларни ўзларининг розилигисиз ватанига қайтариш ҳуқуқий нуқтайи назардан шубҳали қарордир. Украина президенти офиси эса Евгений Нужин ишида бундай розилик олинганини маълум қилган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top