19:27 / 02.12.2022
27415

Португаллар Бразилияга тушиб қолиши мумкин. Сўнгги турда кимга қандай натижа керак?

Бугун мундиалда нималар ҳал бўлади?

Фото: Дмитрий Голубович, «ЧЕМПИОНАТ»

2 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатида G ва H гуруҳларида ҳам сўнгги ўйинлар ўтказилади ва гуруҳ босқичи якунланади. Бразилия ва Португалия 1/8 финал масаласини ҳал этиб бўлган, аммо улар ҳали плей-оффда кимга қарши ўйнашини билмайди. Учинчи тур якунларига кўра улар ўзаро тўқнаш келиб қолиши ҳам мумкин. Қуйида ушбу квартетларда гуруҳ босқичи якуни арафасида юзага келган вазият кўриб чиқилади.

H гуруҳи

Гана — Уругвай (Тошкент вақти билан соат 20:00)

H гуруҳида сўнгги тур арафасида Гана иккинчи ўринда (икки ўйинда 5 гол урилган), Уругвай эса бирорта гол урмасдан сўнгги ўринда жойлашишини кўпчилик кутмаганди. Африкаликлар жамоасида плей-оффга чиқиш ва ЖЧ-2010 чоракфиналидаги мағлубият учун уругвайликлардан қасос олиш учун ажойиб имконият юзага келди. Гуруҳдан чиқиш учун Ганагга дуранг ҳам етарли, бунда Корея Португалиядан икки ёки ундан кўп тўп фарқи билан устун келмаслиги керак бўлади.

Диего Алонсо жамоасида эса хато қилишга ҳуқуқ йўқ, уларга уч очко сув ва ҳаводек зарур. Уругвайнинг турнирдаги учинчи рақиби ҳимоя ҳақида жиддий ўйламайдиган жамоа бўлмоқда. Лекин айтиш керакки, жанубий америкаликларнинг ўзи ҳужумда у қадар ишончли ўйнай олмаяпти. Улар кўп хавфли вазиятлар ярата олмаяпти, юзага келтирилган вазиятлардан фойдаланишда ҳам оқсашмоқда. Уругвайликлар биргина очко билан қолаётгани етмагандек, уларда голлар нисбати бўйича энг ёмон вазият юзага келган (Жанубий Корея билан таққослаганда). Агар сўнгги турда кореяликлар ва Уругвай бир хил тўп фарқи билан ғалаба қозонишса, осиёликлар жамоаси юқорироқда жойлашади. Шу туфайли Жанубий Американинг учинчи жамоаси сифатида турнирга келган жамоадан йирик ҳисобда ғалаба қозониш талаб этилади.

Жанубий Корея — Португалия (Тошкент вақти билан соат 20:00)

Қийинчиликларга қарамай португаллар ўтган икки ўйинда икки ғалабага эришиб, муддатидан олдин 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилди. Аммо Португалия термаси футболчиларининг бўшашишга ва индивидуал статистикасини яхшилаш учун ўйнашга ҳаққи йўқ. Агар улар плей-оффнинг биринчи босқичидаёқ Бразилияга рақиб бўлишни исташмаса, охирги турда Кореяга ютқазмаслик ва гуруҳда биринчи ўринда қолиш талаб этилади. Португаллар мағлуб бўлса ҳам гуруҳ етакчилигини сақлаб қолиши мумкин, бунинг учун Гана Уругвайни енга олмаслиги керак бўлади. Агар Гана ўз ўйинида икки ёки ундан кўп тўп фарқи билан ғолиб бўлса ва португаллар ютқазса, иккинчи ўринга тушиб кетади.

Кореянинг вазияти ҳам Уругвайникига ўхшаш — жамоани фақат ғалаба қониқтиради. Жамоа сардори ва етакчиси Сон Хин Мин ҳали ўз сўзини айтмади. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси жаҳон чемпионатига кўзидаги жароҳатидан тўлиқ тузалмаган ҳолда келди, аммо у жамоа билан турнирни эрта тарк этмоқчи эмас. Унинг жамоадошлари биринчи турда Уругвайнинг ҳужумларига дош берганди ва бу вазифани Португалияга қарши ўйинда ҳам уддалаш мумкин. Жисмонан яхши ҳолатда бўлган корейсларда қарши ҳужумлар уюштириш имконияти бўлади — ҳужум чизиғида Сондан бошқа тезкор футболчилар ҳам етарлича. Сўнгги тур арафасида Осиё вакиллари тўплар нисбатига кўра уругвайликлардан яхшироқ кўрсаткичга эга, шу туфайли икки жамоа бир хил ҳисобда ғалаба қозонган тақдирда, Корея Жанубий Америка вакилларидан юқорида жойлашади.

H гуруҳидаги вазият

1. Португаллар плей-оффга чиқиб бўлган, уларга гуруҳда биринчи ўринда қолиш учун дуранг ҳам етарли. Жамоада голлар нисбати айни вақтда +3, Ганада эса — нол. Португалия битта тўп фарқи билан мағлубиятга учраган тақдирда, ганаликлар биринчи ўринга кўтарилиши учун икки ёки ундан кўп гол фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилади.

2. Гананинг Уругвай билан ўйиндаги муваффақияти 1/8 финал йўлланмасини кафолатлайди. Ганаликлар юқоридаги бандда келтирилган сценарий бўйича биринчи ўринни эгаллаши мумкин. Африкаликлар сўнгги турда дуранг ўйнаса, Португалия  Кореяга икки тўп фарқи билан ютқазмаслигидан умид қилишга тўғри келади. Мағлубият Отто Аддо жамоасини плей-оффдан ташқарида қолдиради.

3. Кореяни турнирда қолиш учун фақат ғалаба қониқтиради. Аммо агар параллел учрашувда Гана ғалаба қозонса, кореяликларга ғалаба ҳам ёрдам бермайди. Уругвайликлар ва ганаликлар дуранги Кореяни Португалия билан ўйинда икки тўп фарқи билан ғалабага эришишга мажбур қилади. Агар Уругвай ғалаба қозонса, осиёликлар ҳам худди Жанубий Америка вакиллари эришган фарқдаги ғалабага эришиши талаб этилади.

4. Уругвай имкон қадар йирик ҳисобда ғалаба қозониши лозим. Алонсо шогирдларида тўплар нисбати бўйича энг ёмон кўрсаткич юзага келган, жамоа плей-оффга чиқиш учун параллел учрашувда керакли натижа қайд этилишига умид қилиши керак: Португалиянинг ғалабаси уларни қониқтиради, агар дуранг ёки Кореянинг кичик ҳисобдаги ғалабаси қайд этилса, уругвайликлар йирик ҳисобда ғалаба қозониши керак бўлади. Гана билан ўйиндаги дуранг ёки мағлубият уругвайликларда ҳеч қандай имкон қолдирмайди.

G гуруҳи

Камерун — Бразилия (Тошкент вақти билан соат 00:00)

Бразилия иккинчи турдаёқ кейинги босқич масаласини ҳал қилган уч жамоадан бири бўлганди. Пентакампеонлар икки учрашувда ҳам гол ўтказмасдан ғалабага эришди ва сўнгги турда гуруҳ аутсайдерига қарши ўйнайди. Бразиллар бу ўйинда ҳам жароҳатидан ҳали тикланмаган Неймарсиз ўйнашига тўғри келади. Камерун билан ўйинда уларни биринчи ўринни эгаллаш учун дуранг натижа ҳам қаноатлантиради.

Африкаликлар эса гуруҳдан чиқиш учун кучли рақибни енгиши ва параллел учрашувда Сербия ғалаба қозониши ёки дуранг қайд этилишини кутиши керак бўлади.

Сербия — Швейцария (Тошкент вақти билан соат 00:00)

Катта эҳтимол билан G гуруҳидаги иккинчи ўрин эгаси айнан шу учрашувда аниқланади. Тўрт йил муқаддам Россиядаги жаҳон чемпионатида ҳам Сербия ва Швейцария бир гуруҳдан жой олиб, иккинчи турда ўзаро ўйин ўтказганди — ва ўшанда ҳам драматик вазият юзага келганди: Александар Митрович олтинчи дақиқада сербларни олдинга бошлаган, иккинчи бўлим бошида швейцарлар ҳисобни тенглаштирган, 90-дақиқада эса Жердан Шақирий Швейцарияга ғалаба келтирувчи голни урганди. ЖЧ-2022 турнирининг учинчи турида мухлислар учун камида шиддатли ўйин кафолатланган. Энди вазиятни сўнгги турда тузатиш имкони бўлмайди — бу жамоалардан бири учун бу турнирдаги сўнгги ўйинга айланиши аниқ.

Сербия айни вақтда гуруҳ жадвалида швейцарлардан ортда жойлашганига ўзи айбдор. Серблар аввалги турда Камерун билан ўйиндаги 3:1 ҳисобини сақлаб қола олганида, ҳозирда Швейцария билан тенг вазиятда бўлган ва дуранг ўйнаб ҳам тўплар нисбатидаги устунлик эвазига плей-оффга чиқиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлган бўларди. Энди Драган Стойкович шогирдларига бу учрашувда фақат ғалаба керак — бундан бошқа ҳар қандай натижа рақиб фойдасига бўлади.

G гуруҳидаги вазият

1. Бразилия 1/8 финалда, аммо улар Камерунга ютқазса нима бўлади: Швейцария сербларни енгиб, тўплар нисбатини яхшилаб олиб, гуруҳ етакчилигини жанубий америкаликлардан тортиб олиши мумкин. Масалан, бразиллар 0:1 ҳисобида ютқазса, швейцарлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонса.

2. Швейцария гуруҳда биринчи ўринни олиши учун талаб этиладиган сценарий юқорида келтирилди. Агар бундай бўлиб чиқмаса-чи? Ғалаба Мурат Яқин жамоаси учун плей-оффни кафолатлайди. Дуранг ҳам швейцарияликлар турнирдаги иштирокини давом эттириш имконини беради, бунинг учун Камерун Бразилияни енгмаслиги талаб этилади. Сербияга ютқазса Швейцария ўз ўрнини тўғридан тўғри рақибига бўшатиб беради.

3. Камерун Бразилияни енгиши талаб этилади. Агар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилса, параллел учрашувда кўп голли дуранг бўлмаслиги керак (кўпи билан 2:2), шунда африкаликлар урилган голлар сони кўплиги эвазига иккинчи ўринни эгаллаши мумкин.

4. Сербия Швейцарияни енгишиталаб этилади. Сербларнинг тўплар нисбати бўйича кўрсаткичи Камерунникидан ёмонроқ (3:4 га қарши 3:5), шу туфайли сербларнинг ўзи кўпроқ гол уриши керак бўлади. Аммо агар африкаликлар турнирнинг асосий фаворитини енга олмаса, Сербияга иккинчи ўринни эгаллаш учун минимал ҳисобдаги ғалаба ҳам етарли бўлади.

Плей-офф

1/8 финалда G гуруҳининг 1-ўринни олган жамоаси H гуруҳининг 2-ўринни олган жамоаси билан, H гуруҳи етакчиси эса G гуруҳидан чиққан иккинчи жамоа билан ўйнайди. Мухлисларда Бразилиянинг Португалия ёки Уругвай билан тўқнашувига гувоҳ бўлиш эҳтимоли бор. Бу гуруҳлар вакилларининг плей-оффдаги учрашувлари 5 ва 6 декабр кунлари ўтказилади.

Мавзу
Қатар-2022
20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Барчаси
Top