19:14 / 02.12.2022
9514

Самарқандда Россия-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Форум якунига кўра, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Фото: uznews.uz

Жорий йилнинг 1-2 декабрь кунлари Самарқандда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида Россия-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда икки давлат вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари ва уюшмалар раҳбарлари, шунингдек, 500 дан ортиқ етакчи компания ва корпорациялар вакиллари иштирок этди.

Форумда икки мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларида, жумладан, автомобилсозлик, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Шунингдек, форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида учрашувлар ташкил этилиб, уларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонларнинг транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди. Жорий йилда юк ташиш ҳажми 21 фоизга ошгани, бунда транзит юк ташишлар салмоғи 25 фоизга кўпайгани қайд этилди. Шу билан бирга ҳудудлар орқали транзит юк ташишда ишончли транспорт-логистика занжирларини шакллантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлис якунига кўра, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди.

 

Top