18:50 / 03.12.2022
15935

“35,1 минг гектар ер талон-торож қилингани бўйича 987 та жиноят иши қўзғатилган” – Бош прокуратура ҳайъат йиғилиши тафсилотлари

Видеоселектор шаклида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг 2022 йилдаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, жорий йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма бир тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 116 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланиб, 217 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,5 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бевосита прокурорлар саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда 161 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага кўмак берилган, қарийб 175 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Ҳайъат йиғилишида мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, тадбирларни янада жонлантириш, айниқса, “Маҳаллабай” ишларни самарали ташкил этиш, тегишли дафтарларга киритилган фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Қайд этилишича, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 7 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 25 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тадбирда қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга оид инвестиция дастурлари, шу жумладан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси аҳволи ҳам муҳокама қилинган.

Жумладан, Бош прокуратурада ташкил қилинган алоҳида штаб ва ишчи гуруҳлар томонидан дастурлар ижроси қатъий назоратга олинган, қонунбузилишларни, айниқса, ажратилган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича бошқа идоралар билан ҳамкорликда тизимли тадбирлар амалга оширилаётганлиги қайд этилган.

Бош прокурор ўз чиқишида соҳада назоратни янада кучайтириш бўйича 2022 йил 11 ноябрдаги “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ижросини сўзсиз таъминлаш лозимлигини ходимларга уқтирган.

Йиғилишда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 3 336 гектар ер майдонлари захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 35 161 гектар ер майдонларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 987 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди.

Ушбу масалада прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга оид вазифалар ижроси, айниқса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.

Янги йил байрами кунларида аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада деҳқон бозорлари ва ижтимоий соҳа объектларида савдо ярмаркаларини ташкил этишга доир вазифалар ижросини таъминлаш лозимлиги қайд этилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш борасидаги муаммолар ва йўл қўйилаётган хато-камчиликларни кескин танқид остига олди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчининг омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлиги қатъий таъкидланган.

Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш масалалари ҳам ҳайъат эътиборидан четда қолмаган.

Судда прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилган.

Сўз юритилганидек, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 220 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 40 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Мурожаатлар билан ишлаш, фаолиятга ошкоралик бериш, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш лозимлиги қайд этилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилган. Жумладан, Департамент ва Бюро фаолияти самарадорлигини ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг жорий йилдаги фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилган. Мажлисда масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилган.

“Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди. Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди”, дейилади Бош прокуратура расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябрь куни Бош прокуратурада ўтказилган кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун 18 нафар ходим интизомий жазога тортилгани маълум қилинганди.

Top