13:53 / 13.12.2022
26267

Инсоният Ердаги табиатни қандай йўқ қилаётганини далилловчи 50 та энг зўр фотосурат

Инсонга хос кўплаб фаолият турлари барчамизни экологик ҳалокат ёқасига етакламоқда. Бутун дунёдаги сураткашлар жаҳонда содир бўлаётган фалокатларни тарихга муҳрлаб, жамоатчилик диққат-эътиборини кенг миқёсли бу муаммога жалб қилишмоқда.

Ернинг совуқ ҳудудларида ҳозир музликлар эримоқда. Бу эса жаҳон океани сатҳи кўтарилиши ва қадимий вируслар уйғонишига олиб келиши мумкин.

Ҳар ёзда йирик ўрмон ёнғинларидан бохабар бўламиз — тугаб бораётган 2022 йил ҳам истисно бўлмади. Она сайёрамиз билан қандайдир даҳшатли нарса содир бўлмоқда, ҳар бир инсон бундан воқиф бўлиши керак, чунки табиатнинг софлиги учун ҳар биримиз масъулмиз.

Бутун дунёдаги сураткашлар жаҳонда содир бўлаётган фалокатларни тарихга муҳрлаб, жамоатчилик диққат-эътиборини кенг миқёсли бу муаммога жалб қилишмоқда.

Қуйида келтирилаётган фотосуратлар турли сураткашлар томонидан туширилган. Рейтинг Франциянинг Agence France-Presse (AFP) агентлиги томонидан тузилган. Аввал фотосурат, сўнгра унинг таърифи келтирилади.

Гуатавитадаги ёнғин. Фото: Daniel Muñoz / AFP

Бу сурат 2022 йилнинг январида туширилган. Унда Колумбиянинг Гуатавита провинциясидаги эркак ўрмон ёнғинига қарши курашмоқда.

Гренландияда музликлар эриши. Фото: Odd Andersen / AFP

2022 йилнинг июнида фотосуратчи Одд Андерсен Гренландиядаги айсберглардан бирининг чўққисини суратга олди. Сурат марказидаги ложувард сув глобал исиш натижасида музнинг эришидан ҳосил бўлган.

Янгцзи дарёсининг қуриган қисмида ўтирган инсонлар. Фото: STR / AFP

2022 йилнинг сентябрида Хитойдаги энг узун дарё Янгцзи дарёсининг қуриб қолган қисмида ўтирган икки инсоннинг квадрокоптердан олинган сурати тарқалди.

Кубадаги катта тўлқин. Фото: Yamil Lage / AFP

Сентябрда Куба нотинч бўлди — Иэн тўфони улкан тўлқинлар шаклланишига сабабчи бўлди. Суратда ана шундай тўлқинлардан бири Малекон тўғонида йўл белгисини уриб йиқитаётгани акс этган.

Сант-Рома-де-Сау черкови. Фото: Josep Lago / AFP

Бу фотода Испаниянинг Виланова-де-Сау муниципалитети тасвирланган. Маҳаллий сув ҳавзасида сув сатҳи тушиб кетгани туфайли бир пайтлар сув остида қолиб кетган Сант-Рома-де-Сау черкови вайронлари яна кўриниш берган.

Қақраган дарёда ўйнаётган болакай. Фото: Asaad Niazi / AFP

Бу фотосурат эса июн ойида Ироқнинг Ди Қор муҳофазасида олинган. Унда болакай қуриб қолган маҳаллий дарё ўзанидан қолган қайиқ устида сакраб юрибди.

Ҳиндистондаги сув тошқинлари оқибатлари. Фото: Biju Boro / AFP

Ёз ойлари бошида Ҳиндистонда кучли ёмғирлар бўлиб ўтди. Айрим туманларда сув тошқини келиб чиқди, айниқса Ассам штати кўп жабр кўрди. Суратда маҳаллий аҳоли тошқиндан вайрон бўлган йўлдан кесиб ўтаётгани тасвирланган.

Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари. Фото: David Mcnew / AFP

Калифорния ҳам ўрмон ёнғинлари исканжасида қолди. Улар бир-икки йил аввал содир бўлгани каби даҳшатли бўлди. Суратда Калифорниядаги Марипоза аҳоли пунктининг тутунга тўлган осмони тасвирланган.

Калифорниядаги ёнғиннинг яна бир сурати. Фото: Patrick t. Fallon / AFP

Ўт ўчирувчилар Калифорниядаги Ҳемет шаҳри яқинида ёнғинни тийиб туриш чизиғини яратиш устида бош қотиришмоқда.

Изоляцион материаллар билан қопланиб қолган музлик. Фото: Fabrice Coffrini / AFP

Бу фотосурат Алп тоғларида 2022 йилнинг июлида олинган. Унда Рон музлигининг эриб кетиши олдини олиш учун изоляцион материал билан қопланганини кўриш мумкин. Бу музлик Урия Алпларидаги энг катта музлик ҳисобланади.

Юкатан яриморолида темирйўл қурилиши. Фото: Carlo Echegoyen / AFP

Айни шу дақиқаларда Мексикадаги Юкатан яриморолининг жанубий-шарқий қисмида «Майя поезди» темирйўли қурилиши жадал олиб борилмоқда. У 1500 км узунликка эга бўлади ва майя цивилизациясининг асосий осори-атиқаларини боғлайди. Лойиҳа қарийб 10 млрд долларга тенг ва қаттиқ танқид остига олинмоқда. Лойиҳа муаллифлари ўрмонларни кесиб, табиатга зиён етказиш билан бирга, ҳали тадқиқ этилмаган қадимий гўшаларни ҳам вайрон қилишлари мумкин.

Ёнғиндан омон қолган мушукча. Фото: David McNew / AFP

Суратда Калифорниядаги парклардан бирида рўй берган ёнғинда мўйловлари куйган мушукча тасвирланган.

Амазонка ўрмонларидаги ёнғин. Фото: Douglas Magno / AFP

Ушбу фотосурат 2022 йилнинг сентябрида Амазонкадаги Мапингуари паркида содир бўлган ёнғин чоғида туширилган.

Янгцин тоғларида қор тобора камаймоқда. Фото: Fabrice Coffrini / AFP

2022 йилнинг бошида Пекинда қишки олимпиада бўлиб ўтди. Суратда Янгцин тоғидаги тезкор тушиш трассаси тасвирланган. У ерда қор қарийб йўқ.

Франциядаги ўрмон ёнғини. Фото: Thibaut Moritz / AFP

2022 йилнинг 11 августи эрта тонгида Франция жанубий-ғарбида даҳшатли ёнғин бошланди. Олов фонида хавфли масофага яқинлашган инсонни кўриш мумкин.

Олакийик ёниб кетган дарахтлар орасидан мўраламоқда. Фото: Thibaut Moritz / AFP

Франция жанубий-ғарбидаги ўрмон ёнғинларининг оқибати ҳақида сўзловчи яна бир фотосурат.

Мармолада музлигининг ўпирилиб тушиши. Фото: Tiziana Fabi / AFP

Мармолада музлигининг ўпирилиб тушиши — 2022 йилда юз берган ва глобал исиш оқибатларини кўрсатувчи яна бир ҳодиса. Италиядаги Мармолада тоғида рекорд +10 даража иссиқ кузатилган ва музлик ўпирилиб тушган. Воқеада 11 киши ҳалок бўлган, 8 киши яраланган.

Тошқин чоғида қутқарилаётган болалар. Фото: Fida Hussain / AFP

2022 йил февралида Покистоннинг Балужистон вилоятида кучли муссон ёмғирлари туфайли сув тошқинлари келиб чиқди. Суратда болаларни хавфсиз жойга ўтказишда сунъий йўлдошли антенна товоғидан фойдаланишгани акс этган.

Қурилган ҳавзада сувсизликдан силласи қуриган сигир. Фото: Yasuyoshi Chiba / AFP

Ҳабашистоннинг Ирестено шаҳридан у қадар узоқ бўлмаган қуриб қолган сув ҳавзасида турган сувсизликдан эти суягига ёпишиб қолган сигир.

Швейцариядаги эриётган музлик. Фото: Fabrice Coffrini / AFP

Швейцариянинг Зас-Фе курорт шаҳри яқинидаги эриётган музликни кузатаётган туристлар.

Марокашдаги ўрмон ёнғини. Фото: Fadel Senna / AFP

Ўрмончи Марокашдаги Ксар-ал-Кабир шаҳрида рўй берган ёнғиндан қочмоқда.

Дяблередаги тоғли ҳудуд қарийб қорсиз қолди. Фото: Fabrice Coffrini / AFP

Бу суратда Швейцариянинг ғарбидаги Дяблере тоғли ҳудуди қуш парвози баландлигидан кўрсатилган. 2000 йил давомида у қор билан қопланган гўша бўлган, бугунги манзара инсонни ҳайиқтиради.

Покистондаги сув тошқинлари оқибатлари. Фото: Fida Hussain / AFP

Покистон туманларидан бирида 2022 йил августида сув тошқинидан жабр кўрган эркак ва унинг боласи.

Франциянинг жанубий-ғарбидаги ўрмон ёнғини тутуни. Фото: Gaika Iroz /AFP

Одамлар Франция жанубий-ғарбидаги барханлардан юриб бормоқда. Фонда ўрмон ёнғини тутуни.

Флоридадаги Иен тўфони оқибатлари. Фото: Giorgio Viera / AFP

Флориданинг Форт-Майерс-Бич шаҳарчаси турғуни Иэн тўфони ўтганидан кейин турли чиқитларни йиғиштирмоқда.

Тасмания ороли соҳилларига чиқиб қолган гриндлар. Фото: Glenn Nicholls / AFP

Австралия Давлат ёввойи табиат хизмати ходимлари 2022 йил сентябрида Тасмания ороли соҳилларига чиқиб қолган 200 га яқин гриндларнинг таналарини текширишмоқда. Гриндлар — делфинсимонлар турига кирувчи сут эмизувчилар. Уларнинг ўлимига сабаб атроф-муҳит ифлосланиши ҳам, глобал исиш бўлиши ҳам мумкин.

Шимпанзе билан ўйнаётган йигит. Фото: Guerchom Ndebo / AFP

Йигит Конго Демократик Республикасидаги приматлар реабилитация марказида шимпанзе билан ўйнамоқда. Айтишларича у бу ерга 14 йилдан буён ишлайди.

Фил суяги қўриқчиси. Фото: Jekesai Njikizana / AFP

Зимбабведаги миллий парклар қуролланган қўриқчиси фил суяклари қуршовида.

Ифлосланган дарё кўпиги ёнидан ўтиб кетаётган аёл. Фото: Juan Barreto / AFP

Бу фото 2022 йил апрелида суратга олинган. Унда Колумбия пойтахти Богота шаҳридаги дарёнинг ифлосланиши натижасида пайдо бўлган кўпик тасвирланган.

Гудзон қўлтиғидаги оқ айиқ. Фото: Olivier Morin / AFP

Оқ айиқ Гудзон қўлтиғида ухламоқда. Бизнинг давримизга келиб шундай йирик жониворларнинг ҳам кун кўриши қийинлашмоқда.

Дубай шаҳри фонидаги антилопалар. Фото: Karim Sahib / AFP

2022 йилнинг 4 январида туширилган ушбу фотосуратда Дубай шаҳри яқинида ўтлаб юрган антилопалар тасвирланган. Юқори технологияли шаҳар ва ёввойи табиат бир-бирига нақадар яқин жойлашиши мумкинлигини кўрсатувчи ажойиб кадр. Дубайда юқори технология жуда кўп, у ерда яқинда “космик туризм” учун ҳаттоки Ойнинг нусхаси пайдо бўлади.

Аргентина соҳиллари яқинида сувга шўнғиган китнинг қуйруғи. Фото: Luis Robayo / AFP

Фотосуратчи Аргентинадаги Ла-Кантера пляжида туриб улкан китнинг қуйруғини расмга туширишга муваффақ бўлди.

Фил болаларини ўйнатаётган эркак. Фото: Luis Tato / AFP

Киапи Лакупанаи исмли эркак бутун умрини филларга ғамхўрлик қилишга бағишлади. Суратда у Кениядаги қўриқхоналардан бирида икки фил боласи билан ўйнамоқда.

Чўлда ташлаб кетилган қайиқ. Фото: Martín Silva / AFP

Боливиянинг Пунака Тинта Мария шаҳридан унча узоқ бўлмаган айни пайтда қуриб қолган Поопо кўлида ташлаб кетилган қайиқнинг юқоридан кўриниши.

Пластик чиқиндилар орасида сув ичаётган от. Фото: Marvin Recinos / AFP

2022 йил сентябрида фотосуратчилардан бири Марказий Американинг у қадар катта бўлмаган давлати — Салвадордаги Серрон-Гранде қўриқхонасида пластик ва шиша чиқиндилар орасидан сув ичишга келган отни суратга туширган.

Чиқиндихонада тизилиб ўтирган лайлаклар. Фото: Menahem Kahana / AFP

Ўрдун дарёсининг водийсида жойлашган қайта ишланувчи пластиклар чиқиндихонасида тизилиб олган лайлаклар.

Бразилияда ёқиб юборилган ўрмон белбоғи. Фото: Michael Dantas / AFP

Бразилиядаги трансамазон шоссеси (BR-230) атрофидаги ёқиб юборилган ўрмон белбоғи. Бу йўл узунлиги бўйича Бразилияда учинчи ўринда туради, уни қуриш учун жуда кўплаб дарахтлар йўқ қилиб юборилган.

Италиядаги «Дарахтлар кутубхонаси» ботаника боғининг бир қисми. Фото: Miguel Medina / AFP

Фотогалереядаги бошқа суратлардан фарқли ўлароқ, ушбу суратда гўзаллик акс этган — бу Италиядаги «Дарахтлар кутубхонаси» ботаника боғининг бир қисми. Кўрсатилган мажмуа «Гуллар ва вертикал ўрмон» деб аталади.

Австралиядаги сув тошқинлари оқибатлари. Фото: Muhammad Farooq / AFP

Австралиянинг Питт-Таун (Сидней штати) шаҳри аҳли Ҳоксбери дарёсининг ўзандан тошиб чиқиши оқибатларини томоша қилишмоқда.

 Хитой оролидаги қадимий ибодатхоналар. Фото: Noel Celis / AFP

Луосинг Дун — Марказий Хитойда жойлашган суви энг чучук Поянг кўлидаги кичик оролча. Унинг энг баланд қисмида қадимги замонларда ибодатхоналар қурилган. Вақт ўтиши билан улар сувга ғарқ бўлган. Бугун Поянг ўз сув захираларидан жудо бўлаётгани сабаб қадимий ибодатхоналар яна кўриниш бера бошлади.

Франциядаги ўрмон ёнғинларидан сўнг кўкка ўрлаётган тутун. Фото: Olivier Morin / AFP

Туристлар Франция жанубида содир бўлган ўрмон ёнғинларини узоқдан кузатиб туришибди.

 Гудзон қўлтиғидаги оқ айиқ. Фото: Olivier Morin / AFP

Оқ айиқ Гудзон қўлтиғида чўмилиб чиққач терисини силкитмоқда.

Лапландиядаги шимол буғуси. Фото: Olivier Morin / AFP

Бу фотосуратни компьютер иш столига ҳам жойлаштириш мумкин. Унда Финландиянинг Лапландия ўрмонларида ўтлаб юрган шимол буғуси тасвирланган.

Ҳондурасдаги ифлосланган пляж. Фото: Orlando Sierra / AFP

Одамлар Ҳондурасдаги чиқиндилар билан тўлиб кетган Омоа пляжида чўмилишмоқда.

Ўт ўчирувчилар оғир иш кунидан сўнг. Фото: Patricia de Melo Moreira / AFP

Ўт ўчирувчилар Португалиядаги ўрмон ёнғинини ўчириб бўлгач, сув ичиб, дам олишмоқда. Фотосурат 2022 йил августида туширилган.

Ҳиндистондаги ифлосланган дарёда сузиб бораётган одам. Фото: Sajjad Hussain / AFP

Фотосуратда Ҳиндистондаги ифлосланган ва қуйқаларга тўла Ямуна дарёсида солда сузиб бораётган одам тасвирланган. У иккиламчи хомашё йиғиш билан шуғулланади.

Португалияда ўрмон ёнғинини ўчириш. Фото: Patricia de Melo Moreira / AFP

Ўт ўчирувчи Португалиядаги катта ўрмонни қамраб олган ёнғинни ўчирмоқда.

Португалиядаги ўрмон ёнғини. Фото: Patricia de Melo Moreira / AFP

Португалиядаги кичикроқ уй эгаси ўрмон ёнғини тарқалишини хавотир билан кузатмоқда.

Франциядаги 2022 йилги ўрмон ёнғинлари оқибатлари. Фото: Thibaud Moritz / AFP

Қуш парвози баландлигидан Францияда 2022 йил ёзида рўй берган ўрмон ёнғинлари оқибатлари аниқ кўриниб турибди. Буларнинг барчаси ёниб кўмирга айланган дарахтлардан иборат қаторлар.

Болтиқ денгизидаги шамол электр станциялари. Фото: Fred Tanneau / AFP

Фотосурат 2022 йилнинг 16 июнида туширилган. Унда Германиянинг Болтиқ денгизидаги Рюген оролидан шимолий-шарқда жойлашган шамол электр станцияси тасвирланган. 

Top