13:18 / 15.12.2022
6095

ОТБ ривожланаётган Осиё давлатлари иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) глобал прогнозлар ёмонлашувини ҳисобга олган ҳолда Осиё ва Тинч океани минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар учун иқтисодий ўсиш прогнозларини пасайтирди.

Фото: Reuters

Бугун эълон қилинган “Осиё тараққиёти истиқболлари” (ADO) ҳисоботи 2022 йилги нашрига ОТБ навбатдаги қўшимчасига мувофиқ, минтақа иқтисодиёти жорий йилда 4,2 фоизга, келаси йилда эса 4,6 фоизга ўсади. Сентябр ойида ОТБ иқтисодиёт 2022 йилда 4,3 фоизга, 2023 йилда эса 4,9 фоизга ўсишини прогноз қилган эди.

Бутун дунё ва минтақадаги марказий банклар томонидан пул-кредит сиёсати қатъийлашуви, Россия Украинага бостириб кириши узоқ давом этиши ва Хитойда жорий этилаётган пандемия билан боғлиқ чекловлар Осиё COVID-19’дан кейинги тикланиш жараёнини секинлаштирмоқда. "Нол COVID" чекловлари ва кўчмас мулк бозоридаги муаммолар Хитой бўйича ўсиш прогнози яна бир бор пасайтирилишига олиб келди.

“Осиё-Тинч океани минтақаси тикланишда давом этади, бироқ глобал шароит ёмонлашуви шуни билдирадики, 2023 йил арафасида минтақа ўсиш суръатлари маълум даражада секинлашади”, деди ОТБ бош иқтисодчиси Алберт Парк. "COVID-19 билан боғлиқ давом этаётган муаммоларни бартараф этиш, озиқ-овқат ва энергия нархлари юқорилиги таъсирига ва бундай юқори нархлар айниқса аҳоли камбағал ва ҳимояга муҳтож қатламларга таъсирига қарши курашиш ва барқарор, инклюзив иқтисодий тикланишни таъминлаш учун ҳукуматлар янада яқинроқ ҳамкорлик қилишлари лозим".

ОТБ жорий йилда Осиё-Тинч океани минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар учун инфляция прогнозини 4,5 фоиздан 4,4 фоизга пасайтирди. Бироқ, энергия ва озиқ-овқат маҳсулотлари инфляция босими давом этаётгани сабабли банк келгуси йил учун прогнозини 4,0 фоиздан 4,2 фоизга оширди.

Прогноз қилинишича, бу йил Хитой иқтисодиёти олдинги 3,3 фоиз ўрнига 3,0 фоизга ўсади. Глобал ўсиш секинлашуви туфайли келгуси йил учун прогноз 4,5 фоиздан 4,3 фоизга туширилди. Ҳиндистон ЯИМ ўсиши прогнозлари ушбу молиявий йил учун 7,0 фоиз даражасида ва кейинги молиявий йил учун 7,2 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Прогнозлар пасайтирилган бўлса ҳам, ривожланаётган Осиё мамлакатларидаги ҳолат ўсиш ва инфляция нуқтайи назаридан дунё бошқа жойларига қараганда яхшироқ бўлади. Малайзия, Филиппин, Таиланд ва Вьетнамда истеъмол ва туризм кучли тикланиши туфайли ОТБ бу йил Жануби-Шарқий Осиё ўсиши бўйича прогнози 5,1 фоиздан 5,5 фоизга оширилди. Бироқ, келгуси йил учун прогнозлар заифлашган глобал талаб туфайли 5,0 фоиздан 4,7 фоизгача пасайтирилди. Бу йил Кавказ ва Марказий Осиё бўйича ўсиш прогнози 3,9 фоиздан 4,8 фоизга оширилди, Фижида туризм фаол тикланиши туфайли Тинч океани минтақаси бўйича прогноз 4,7 фоиздан 5,3 фоизга кўтарилди.

"Осиё тараққиёти истиқболлари" (ADO) ҳар апрел ойида чоп этилади, сентябрда янгиланади ва қисқача қўшимчалар одатда июл ва декабр ойларида чоп этилади. Ривожланаётган Осиё мамлакатлари деганда банк 46 та ривожланаётган аъзо мамлакати назарда тутилади.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришиш мақсадига содиқдир. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган. Банк акциядорлари 68 та давлат бўлиб, улардан 49 таси Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган.

Top