20:37 / 30.12.2022
49634

Амрилло Иноятов соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди

Беҳзод Мусаев энди бошқа вазирликка раҳбарлик қилади.

Амрилло Иноятов

Президентнинг тегишли фармони билан Амрилло Шодиевич Иноятов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланди.

Амрилло Иноятов 1979 йилда туғилган. 2001 йил Бухоро давлат тиббиёт институтини, 2005 йилда Тошкент тиббиёт академиясида «Болалар юз-жағ жарроҳлиги» мутахассислиги бўйича аспирантурани тамомлаган. 

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Бухоро давлат тиббиёт институти илмий-текшириш лабораториясида бошлаган. 2006-2014 йилларда ушбу институтнинг «Хирургик стоматология» кафедраси ассистенти, мазкур кафедра мудири, Стоматология факултети декани вазифаларида ишлаган. 

2014-2020 йилларда Тошкент давлат стоматология институти Бухоро филиалининг Стоматология факултети декани, ушбу филиал директори, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори сифатида фаолият кўрсатган.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Амрилло Иноятов 2020 йил июлида Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган. 

2020 йил 3 ноябрдан буён соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Вазирликка 2021 йил кузидан буён раҳбарлик қилиб келган Беҳзод Мусаев Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига ўтказилди.

Top