14:00 / 01.01.2023
42751

2022 йилги Украина даҳшатлари. Урушнинг муҳим 9 палласи суратларда

24 февралдан буён «Медуза» фотомуҳаррирлари ҳар куни бу урушнинг энг асосий кадрларини тақдим этиб келишмоқда. Бу суратларнинг муаллифлари олдинги чизиқларда, доимий отишмалар остида ишлаб, озод этилган шаҳарларга биринчилардан бўлиб кириб, бу жойларда Россия истилосининг даҳшатли оқибатларига гувоҳ бўлишмоқда. Келгусида уруш айнан шу фотосуратлар асосида ўрганилади. Қуйида Россия босқинининг асосий тўққиз воқеаси украиналик фотомухбирлар нигоҳида.

Урушнинг илк ҳафталари. Максим Левин

2006 йилдан бошланган фаолияти давомида Максим Левин Украинанинг «Левый берег», «Громадське» нашрлари ва УНИАН агентлиги учун суратлар олган, BBC, Associated Press ва Reuters билан ҳамкорлик қилган, БМТ учун ҳам фото ва видеолойиҳалар тайёрлаб берган.

2022 йилда Левин дастлаб Харкив мудофаасини ҳужжатлаштирди, кейин Киев областига кетди ва шиддатли жанглар кечаётган вақтда Буча, Бородянка ҳамда Ирпинда бўлди.

13 март кунидан Левин алоқага чиқмай қўйди. 2 апрел куни «Левый берег» таҳририяти фотографнинг жонсиз танаси Киев атрофидаги Гута-Межигорская қишлоғидан топилганини хабар қилди. «Чегарасиз мухбирлар» халқаро ташкилоти ўз мустақил суриштирувини ўтказиб, Максим Левин ва унга ҳамроҳлик қилган украиналик аскар Алексей Чернишов россиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганини аниқлади — улар аввал қийноқлар остида сўроқ қилинган бўлиши мумкин.

Версиялардан бирига кўра, россияликлар фотографни аскар деб ўйлаб, ўт очган бўлиши мумкин, кейин унинг танаси ва машинасини ёқиб юборишган. Бошқа версияга кўра — россиялик ҳарбийлар Левин ва Чернишов кетаётган автомобилни тўхтатган, уларни сўроқ қилиш учун ўрмон ичкарисига олиб кетган, кейин уларни ўлдириб, изларни яшириш мақсадида ўт қўйишган.

Украин ҳарбийлари Киевдан 25 километр жанубда, Василково шаҳри авиабазаси яқинидаги позицияларда. Василковода авиабазадан ташқари йирик нефт базаси ҳамда туркларнинг Bayraktar дронларини таъмирлаш цехи жойлашган, шу туфайли шаҳар РФ армияси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган. Аммо Украина қуролли кучлари Василково устидан назоратни сақлаб қолишган. 2022 йил 26 феврал
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
Харкив атрофида ётган таниш белгиларисиз аскар жасади — катта эҳтимол билан бу жанглар чоғида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий эди. РФ қўшини урушнинг илк кунидаёқ шаҳарга ҳужум қилганди. Шаҳар атрофида жанглар кечган, Харкив ичкарисидаги районларга ракета зарбалари йўлланган. 2022 йил 24 феврал
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
РФ армиясининг Бородянкада яксон этилган ҳарбий техникаси — Киевдан 80 километр шимоли-ғарбда жойлашган бу посёлка март ойи давомида Россия истилоси остида қолади. 2022 йил 3 март
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
Бучадаги кўприкда снаряддан қолган ўра — Киевдан 33 километр масофадаги бу шаҳар Россия қўшини март ойи охирида чекингач, бутун дунёга машҳур бўлиб кетганди. Ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари кўчаларда ётгани акс этган даҳшатли фотосуратлар айнан шу ерда олинганди. 2022 йил 28 феврал
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
Бородянкада отишма оқибатлари. 2022 йил 2 март
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
Киев областидаги ҳудудий мудофаа қисмлари жангчилари Россия қўшинларини адаштириш мақсадида йўл белгиларини олиб ташламоқда. 2022 йил 8 март
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
Киевдан тахминан 40 километр шимолдаги Демидов қишлоғи яқинида Россия авиацияси зарбалари вақтида окопга сакраб яширинаётган украиналик ҳарбий. Бу Максим Левиннинг эълон қилинган сўнгги суратларидан бири эди. 2022 йил 10 март
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA

Мариупол қамали. Евгений Малолетка

Евгений Малолетка 2009 йилдан буён фотокорреспондент сифатида фаолият олиб боради. 2013–2014 йилларда у Евромайданни тасвирга олган.

Малолетка ва унинг шериги, видеожурналист Мстислав Чернов кенг кўламли босқиннинг илк соатларидан Мариуполда бўлишган. Йигирма кун мобайнида улар шаҳар ўққа тутилиши оқибатлари, турар жой биноларига зарбалар, маҳаллий шифохоналардаги шифокорлар ишини тасвирга олишган. Бу даврни фотограф «вақт ўтган сайин вазият тобора ёмонлашиб борган адоқсиз кун» деб атаган.

Малолетка ўзининг, балки уруш давридаги энг асосий суратларни Мариупол туғуруқхонасида олган. У шунингдек маҳаллий аҳоли вакиллари қамал чоғида отишмалардан, очлик ва касалликлардан вафот этган яқинлари ҳамда қўшниларини кўмишга мажбур бўлган биродарлик қабристонларини ҳам тасвирга муҳрлаган.

Сентябр ойида Малолетка Украинадаги ишлари учун фотожурналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири — Visa dʼor News («Янгиликлар олтин визаси») билан тақдирланди. The Guardian эса уни агентликлар учун ишлаган йил фотографи (Agency photographer of 2022) деб топди.

Мариуполлик аёл отишмалар чоғида яксон этилган ўт ўчириш машинаси олдида адёлга ўранган ҳолда турибди. Россия қўшини Мариуполга 2 март куни кира бошлаганди — шаҳар ҳамон оккупация остида қолмоқда. 2022 йил 10 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими россияликларнинг урушнинг илк тонгидаги зарбасидан яксон бўлган. 2022 йил 24 феврал
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Мариуполлик киши ҳалок бўлган ўғли жасади тепасида. 2022 йил 2 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Шифокорлар шаҳар илк бор ўққа тутилиши чоғида жабрланган қизалоққа сунъий нафас беришмоқда. 2022 йил 27 феврал
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Мариуполлик Анастасия Ерашова қизи билан Мариупол шифохонаси йўлагида. 2022 йил 11 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украиналик қутқарувчилар россияликлар зарбаси чоғида яраланган ҳомиладор аёлни олиб кетишмоқда. Кўп ўтмай аёл ва чақалоғи жон беради. 2022 йил 9 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Митрополитская кўчасидаги кўп қаватли турар жой биносига зарба келиб тушиши. Евгений Малолетканинг ўзи россияликлар танки уйнинг олтинчи қаватини мўлжаллаб ўт очгани ҳақида ёзган. Бу ерда тинч аҳоли вакиллари бўлган икки киши вафот этган. 2022 йил 11 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Мариуполликлар қурбонларни биродарлик қабристонига дафн этишмоқда. 2022 йил 9 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Харкив метроси. Павел Дорогой

Харкивлик Павел Дорогой урушга қадар ҳужжатли ва архивлаштириш фотографияси билан шуғулланиб, ўзи туғилган шаҳар архитектурасини тасвирга олган. Кенг кўламли босқин бошлангач, Дорогой Харкивда қолади ва рўй бераётган ҳодисаларни объективга муҳрлайди. Унинг ишларининг бир қисми отишмалар чоғида шаҳар аҳолиси учун бошпанага айланган метродаги ҳолатга бағишланади. Фотограф Харкивдаги ер ости бошпаналаридаги ҳолатни шундай тасвирлаган:

Бу ўзига хос тартибларига эга «шаҳар ичидаги шаҳар»га айланди. Соат олтида герметик дарвоза очилади ва одамлар кўчага чиқишади — кимдир уйга, кимдир ишга йўл олади. Кечқурун уларнинг аксари яна қайтиб келади, чунки уйда қолиш қўрқинчли.

Март ойида менинг отам ва оиласи яшаган бекатда 500 га яқин киши тунаган, айрим станцияларда эса бир ярим мингдан икки минггача харкивлик яшаган. Одамлар вақт ўтган сайин ўзлари учун ер остида яшаш шароитларини яратиб олишди, йиғма каравотлар (раскладушка), палаткалар, адёллар келтиришди. Метрода совуқ — 15 даража — ва елвизак эди. Барча қалин кийимларда ва кўрпа-тўшакка ўраниб ётарди. Ток ҳамиша ёниқ турган ва шовқин тинмаган. Вагонлардан ҳам ухлаш учун фойдаланишган — улар «ВИП-жойлар» саналган.

Мен учун энг қизиғи экстремал шароитларда кундалик ҳаёт тарзи қандай давом этаётганини кузатиш эди: одамлар таом тайёрлашар, педагоглар болаларни ўқитиш учун келишар, кимдир нимадир ўқиб ўтирар, кимдир тўқиш билан банд, яна кимдир маникюр қиларди.

Буча. Михайло Палинчак

2014 йилда Майданда ишлаган Михайл Палинчак президент Петро Порошенконинг шахсий фотографига айланиб, бир неча йил мобайнида уни турли давлатлардаги дипломатик учрашувларда суратга олади. 2019 йилда Time журналида унинг халқаро музокаралар олиб борилган хоналарда қилинган ажойиб фотосессияси эълон қилинади — унда НАТО саммитларидан тортиб, Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумигача акс этган.

2022 йил 24 февралидан Палинчак Россиянинг кенг кўламли босқини оқибатларини қайд этишга киришади. У урушнинг илк кунларидаги эвакуация жараёнини, бошпаналардаги одамларни, ҳудудий мудофаа кучлари жангчиларининг тайёргарлик кўришини тасвирга олади — ва озод этилган Бучага биринчилар қаторида киради. Россия қўшини шаҳардан март ойи охирида чекинганди. Украин ҳарбийлари шаҳарга кирганида эса бу ерда ўлдирилган юзлаб тинч аҳоли вакиллари жасадлари устидан чиқади — кўп жасадлар қўли боғлиқ ҳолда кўчаларда ётарди. BBC рус хизматининг август ойида берган маълумотига кўра, Бучада россияликларнинг бир ойлик истилоси чоғида мингдан ортиқ киши ўлдирилган.

Май ойида ушбу фотографнинг суратлари Венадаги «Уруш мусибатлари. Гойя ва бугунги кун» кўргазмасида Гойянинг урушга қарши картиналари билан бир қаторда намойиш этилади. Июн ойида эса «Медуза»да унинг уруш Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларини қандай ўзгартиргани тўғрисидаги фототарихи чиққанди.

Бучада йўлда ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари жасадлари. 2022 йил 3 апрел
Mikhail Palinchak / Reuters / Scanpix / LETA
Киевга борувчи трассада — пойтахтдан 20 километр масофадаги Житомир яқинида ўлдирилган тинч аҳоли вакили жасади. Одамлар шу йўл орқали Киевдан Украинанинг ғарбий регионларига кетишга уринишган. Житомир ва Киев ўртасидаги шосседа, Буча атрофида тахминан 300 киши ҳалок бўлган. Улар Бучанка дарёси орқали украин қўшини назоратидаги ҳудудга ўтишга уринишганди. 2022 йил 2 апрел
Mykhaylo Palinchak / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Шаҳарда ўлдирилган одамлар. 2022 йил 3 апрел
Mikhail Palinchak / EPA / Scanpix / LETA
Киев ва Житомир ўртасидаги шоссе, Буча яқинидаги ҳудуд. 2022 йил 2 апрел
Mykhaylo Palinchak / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Ҳудудий мудофаа кучлари жангчиси ўлдирилиб, ёқиб юборилган тўрт киши жасади устига ёпиб қўйилган матони кўтариб қарамоқда. 2022 йил 2 апрел
Mykhaylo Palinchak / SOPA / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Гостомелга олиб борувчи йўлдаги хоч — бу Бучадан уч ярим километр масофадаги посёлка. Апрел ойи бошида Гостомел ва Бородянка расмийлари — бу ҳудудлар ҳам Буча каби россиялик ҳарбийлар назоратида бўлган — жами 600 нафар атрофидаги одам йўқолиб қолгани ҳақида хабар беришганди. 2022 йил 22 апрел
Mikhail Palinchak / Reuters / Scanpix / LETA

Мариуполда «Азовстал» қамали. Олександр Ермоченко

Олександр Ермоченко — Reuters агентлигининг 2014 йилдан буён Россия-Украина можаросини кадрларга қайд этиб келувчи фотокорреспондентидир. Шунингдек, Ермоченко — Ғарбдаги ахборот агентликларининг «ДХР» ва Россия назоратидаги ҳудудларда ишлаган ягона фотографи ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, иш вақтида у тинч аҳоли вакилларига алоҳида эътибор қаратади — «чунки бу томон одамлари ҳам ўз овозига эга».

2022 йил июн ойи бошида Ермоченко Северодонецкка борувчи йўлда оператор Павел Климов билан бирга яраланади. Ўшанда улар кетаётган автомобил ўққа тутилган, ҳайдовчи ҳалок бўлганди. Фотограф ва операторга ҳужум рўй берган жойга яқин жойлашган Рубижнеда тиббий ёрдам кўрсатилади ва ой охирига келиб Ермоченко яна ишга қайтади.

«ДХР» ҳарбий хизматчилари Мариуполдаги йўлда. Бу вақтда шаҳар қамалига бир ой бўлганди. 2022 йил 28 март
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
«ДХР» ҳарбийлари Мариуполдаги жанглар вақтида зирҳли транспортёрга ўқ-дорилар юкламоқда. 2022 йил 12 апрел
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Шаҳар аҳолиси қурбонлар учун қабр қазимоқда. 2022 йил 20 март
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
 «Азовстал» комбинати устидаги тутун. Заводда тинч аҳоли вакиллари билан биргаликда яширинган Украина қуролли кучлари ва «Азов» полки жангчилари апрел ойи бошидан май ойи ўрталарига қадар РФ армияси ва «ДХР» кучларига қарши мудофаа жангларини давом эттирди. «Азовстал» Мариупол учун жангларда украин қаршилигининг асосий ўчоғига айланди. 20 май ҳолатига кўра РФ мудофаа вазирлиги комбинат ҳудудида бўлган 2439 нафар украин ҳарбийси асир тушганини хабар қилган. Кейинроқ уларнинг бир қисми асирлар алмашинуви доирасида Украинага қайтарилди, аммо уларнинг бир қисми Оленивка посёлкасидаги колонияда рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган. 2022 йил 8 май
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Денгиз пиёдаси Михайло Дианов асирга тушиш вақтида. Кейинги тўрт ойни у Оленивкадаги колонияда ўтказади, бу ерда 29 июл куни портлаш рўй берган, унда Россия ва Украина бир-бирини айблаганди. Диановнинг сўзларига кўра, Россия асирлигида украиналик ҳарбийлар доимий равишда қийноққа солинган. 22 сентябр куни денгиз пиёдаси ва яна 214 киши россиялик ҳарбий асирларга алмаштирилади. Дианов асирликдан жуда оғир аҳволда қайтади: у «Азовстал» мудофаасидан олдинроқ қўлидан жиддий жароҳат олганди, қамал чоғида ва Оленивкадаги асирликда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмайди. Декабр ойи ўрталарида украиналик жангчи АҚШда жарроҳлик амалиётини бошдан кечиради — шифокорларнинг айтишича, реабилитация жараёнидан кейин унинг қўли ўз функцияларини тўлақонли бажара бошлайди. 2022 йил 17 май
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари Оленивкадаги колонияга олиб кетилмоқда. 2022 йил 20 май
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Северодонецк мудофааси. Олександр Ратушняк

Украиналик фотограф Олександр Ратушняк 2014 йилдан буён можарони ёритиб келади. 24 февралдан кейин у украинлар онлайн-медиаси «Левый берег» билан, шунингдек Ғарбдаги Reuters, Associated Press ва EPA (European Press Agency) агентликлари билан ҳамкорлик қила бошлади.

Ратушняк — урушни ўққа тутилаётган шаҳарлардан эмас, олдинги чизиқдаги ҳарбий бўлинмалар сафида туриб ёритаётган кам сонли фотографлардан биридир. Шу туфайли у Луҳанск областининг Северодонецк шаҳри мудофасини кадрларга муҳрлашга муваффақ бўлди. 25 июн куни уч ой давом этган оғир жанглардан кейин шаҳар тўлиғича «ЛХР» кучлари назоратига ўтганди.

Луҳанск областининг Северодонецк шаҳрида фронт чизиғи яқинидан ўтган йўл бўйида зарбага учраган автомобил. 2022 йил 8 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Северодонецкнинг саноат зонасидаги украин ҳарбийлари. 2022 йил 20 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Жанговар позициялар яқинида ухлаётган украиналик ҳарбий. 2022 йил 21 июн
Oleksandr Ratushniak / EPA / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбийлар патруллик қилмоқда. 2022 йил 20 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий шаҳар яқинида дарёни кечиб ўтмоқда. 2022 йил 19 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Северодонецкдаги «Азот» заводида ёнғин. Мариуполдаги «Азовстал» комбинатида бўлганидек, «Азот»да ҳам тинч аҳоли вакиллари яширинган ва унинг ҳудудини украин ҳарбийлари мудофаа қилган. 21 июнга келиб «Азот» шаҳарда Украина қуролли кучлари назоратида қолган ягона нуқта эди. Украина қўшини Северодонецкни ташлаб чиққанидан икки кун ўтиб Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси Кирилл Буданов шаҳар Россия ҳарбийларига топширилиши «Азовстал» сценарийси такрорланмаслиги учун ташланган тактик қадам бўлганини айтди. 2022 йил 18 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив областидаги кузги қарши ҳужум. Константин Либеров

Одессалик Константин Либеров ва унинг рафиқаси Влада тинчлик даврида тўйларни съёмка қилиш билан шуғулланишган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошлангач, ушбу жуфтлик озод этилган шаҳарларда ва фронт чизиғида рўй бераётган ҳодисаларни тасвирга олишга киришди ва бир неча бор зарбалар остида қолишди. Хусусан, ўзларининг сўзларига кўра, улар март ойи охирида Россия қўшини чекингач, Буча ва Ирпинга биринчилардан бўлиб киришган. Уларнинг суратларини бир неча бор президент Володимир Зеленский ўзининг ижтимоий тармоқлардаги постларида ишлатган.

«Служба поддержки» билан суҳбатда Влада ўзи ва эрида ҳеч қачон «документалист бўлиш амбициялари» бўлмаганини тан олган, аммо улар урушда кўрган-кечирганларидан кейин тўйлар фотографиясига қайтишни режалаштирмаяпти. 

Харкив области Изюм шаҳрига олиб борувчи йўлнинг юқоридан кўриниши. Унинг икки томонидаги дала майдонлари отишмалардан кейин ҳосил бўлган ўралар билан тўлган. Изюм 1 апрел куни Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинганд, 11 сентябр куни эса Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми давомида Киев назоратига қайтди. 2022 йил 13 май
Kostiantyn Liberov / AP / Scanpix / LETA
Харкив областининг шарқий қисми Украина армияси томонидан озод этилганидан сўнг, йўл бўйлаб ўз ярадор қуролдошини олиб кетаётган украин ҳарбийси. Суратда Украина қуролли кучлари ҳарбий техникалари ва советлар даврига мансуб стелани ҳам кўриш мумкин. 2022 йил 12 сентябр
Kostiantyn Liberov / AP / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучларининг миномётчилар гуруҳи (фақат миномётлар билан ишлайдиган бўлинма) Харкив областининг Купянск шаҳри кўчасида туриб ўт очмоқда. Шаҳар ентябр ойида озод этилган, аммо шундан кейин ҳам шаҳар атрофида жанглар давом этган. 2022 йил 23 сентябр
Kostiantyn Liberov / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбийлар Изюм озод этилганидан кейин бу ерда россияликлар томонидан ҳарбий ҳоспиталга айлантирилган черков биносини кўздан кечирмоқда. 2022 йил 13 сентябр
Kostiantyn Liberov / AP / Scanpix / LETA
Изюмдаги биродарлик қабристонида эксгумация жараёни. Озод этилган шаҳарда оммавий қабрлар топилди — регион прокурор Олександр Фильчаковнинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакилларининг қарийб 450 қабри ва украин ҳарбийлари кўмилган битта умумий қабр аниқланган. Айрим жасадларда қийноқ излари сақланиб қолган. 2022 йил 19 сентябр
Libkos

Киев ёппасига ўққа тутилиши. Глеб Гаранич

Reuters агентлиги фотографи Глеб Гаранич фаолиятини 1991 йилда бошлаган — у дастлаб Москвадаги август исёни воқеаларини кадрларга муҳрлаган. Унинг сўзларига кўра, бу унинг илк бор чиндан хавфли шароитга тушиб қолиши эди. Шундан кейин у Ироқ (2003–2011) ва Грузиядаги (2008) уруш воқеаларини тасвирга олади, шунингдек 2006 йилда Минскда бўлиб ўтган намойишларни ёритади, Чернобилдан фоторепортаж тайёрлайди ҳамда 2013 йил ноябрида майдандаги талабалар намойиши тарқатилишини кадрларга муҳрлайди, бу акция кейинчалик инқилоб бошланишига туртки бўлганди.

Кенг кўламли уруш бошлангач фотограф асосан Киевда бўлаётган воқеаларни ҳужжатлаштириш билан шуғулланмоқда —масалан, баҳор бошида россияликларнинг пойтахтга ҳужумлари ҳамда 10 октябр куни, Қримдаги портлашга жавобан Россия томонидан бошланган ёппасига ракета зарбалари оқибатларини. Украина ИИВга кўра, ўша куни шаҳарда портлашлар оқибатида 14 киши ҳалок бўлиб, яна 97 киши жабрланганди. 

Киевлик йигит шаҳар марказидаги кўчалардан бирида ёнаётган машина олдидан чопиб ўтмоқда. Украина пойтахтида россияликлар зарбаларидан шикастланган объектлар қаторида 101 Tower бизнес-маркази биноси ҳам бор эди, бу ерда Германия элчихонаси виза бўлими жойлашган. Шунингдек, Марказий темирйўл парки ҳудуди ва Тарас Шевченко номидаги паркка зарбалар келган. Паркда снаряд болалар майдончаси яқинига қулаган. 2022 йил 10 октябр
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Вокзал ишчиси йўловчилар учун чой тайёрламоқда. Он использует дровяную печь, установленную для обогрева. 25 ноября 2022 года
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Киевлик колонкадан сув олмоқда. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, 31 октябр кунги ёпирилма зарбалардан кейин Украина пойтахти аҳолисининг 80 фоизи сув таъминотисиз қолганди. 2022 йил 31 октябр
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик қутқарувчи россияликлар дронлар орқали Киевга 14 декабр куни амалга оширган ҳужуми оқибатларини бартараф этиш устида ишламоқда. Мэр Виталий Кличко ва шаҳар маъмурияти хабар қилишича, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ўшанда шаҳар устида ва област ҳудудида эронликлар Россияга етказиб берган камикадзе дронлардан 13 тасини уриб туширганди. Дрон парчалари маъмурий бино ва Шевченково районидаги 4 та турар жой биносини шикастлаган. 2022 йил 14 декабр
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Киевнинг электр энергиясини режали ўчириш вақтидаги кўриниши, Украина ҳукумати мамлакат инфратузилмаларига октябр ойида бошланган ёппасига ракета зарбаларидан кейин шундай чора кўришга мажбур бўлмоқда. 2022 йил 24 октябр
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Озод этилган Херсон. Валентин Огиренко

Киевлик фотограф Валентин Огиренконинг биринчи иш кунидаги топшириғи 2008 йилда украин аёллари ҳаракати бўлмиш Femen ҳаракати акциясини тасвирга олиш бўлганди — унинг сўзларига кўра, ўшанда у ўзининг ҳар қадамини ўйлаш ва тезда тўғри қарор қабул қилишни ўрганганди. 2014 йилдан Огиренко Reuters агентлиги учун суратлар олади. Унинг ишлари орасида —Киевда 2014 йилда бўлиб ўтган намойишлар тасвирлари ҳамда журналист Аркадий Бабченконинг 2018 йил майидаги саҳналаштирилган қотиллигидан кейинги матбуот анжумани кадрлари бор.

Россиянинг Украинага босқини бошлангач, Огиренко Киевдаги туғуруқхона ертўласида яширинган аёллар ва уларнинг янги туғилган чақалоқларини, шунингдек, Миколайивда отишма оқибатларини тасвирга олди. Шунингдек Огиренко ноябр ойида озод этилган Херсон шаҳрига етиб борган илк фотографлардан бири бўлади.

Киселевка қишлоғида яшовчи Наталья Порхун украин ҳарбийларини гуллар билан қарши олмоқда. Херсондан 15 километр шимоли-ғарбда жойлашган Киселевка 14 сентябр куни Украина қуролли кучлари назоратига ўтганди. 2022 йил 12 ноябр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Херсонда яшовчи аёл шаҳар озод этилгач украин ҳарбий хизматчисини қучмоқда. 2022 йил 16 ноябр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Россияликлар томонидан ўғирланган вентиляторлар РФ қўшини Херсондан чекингач, сафарбар қилинганлар учун тайёрланган полигонда ташлаб кетилган. 2022 йил 18 ноябр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик полициячи озод этилган Херсон кўчаларидан бирида Россия таъсиридаги ҳукумат томонидан ўрнатилган билбордларни олиб ташламоқда. 2022 йил 16 ноябр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Херсон атрофидаги шосседа ёниб кетган машина. 2022 йил 12 ноябр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top