18:58 / 09.01.2023
27464

Тошкентда «Тез ёрдам» ҳайдовчилари жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат қилди. ИИВ ва ССВ қўшма баёнот берди

Идоралар тез тиббий ёрдам машиналари алоҳида имтиёзга эгалигини маълум қилди. Аслида бу янгилик эмас — бир неча йилдан буён бу қоида амалда. Лекин нега ҳайдовчилар видеомурожаат билан чиқиш қилишга мажбур бўлгани савол остида қолмоқда.

Фото: Видеодан скриншот

9 январ куни интернетда Тошкент шаҳридаги «Тез ёрдам» машиналари ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат қилган видео тарқалди.

Видеомурожаатда ҳайдовчилар чақирув бўйича ҳаракатланган вақтида йўл қўйилган қоидабузарликлар, хусусан, тезликни ошириш, «полоса»ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жарима қоғозлари келаётганидан шикоят қилишган.

«Жарималар юқори, бизда уларни тўлаш имконияти йўқ, маошимиз етмайди. Бу жарималар Чилонзор туманида бир кун ичида қайд этилган. Бу бизнинг имкониятларимизни чеклайди. Полосаларни босиш, светофор, тезлик, „Стоп“ белгиси», — дея санайди кадр ортидаги овоз.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу видеомурожаат батафсил ўрганилаётгани, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилишини билдирди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу масаладаги қўшма баёноти эълон қилинди.

«Ижтимоий тармоқларда тез тиббий ёрдам автомобилларига тезликни ўлчовчи махсус автоматлаштирилган, онлайн режимда ишловчи камералар орқали қайд этилиб, жарима белгиланаётганлиги ва улар бекор қилинмаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17 прим 1-моддаси бешинчи хатбошисига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади. Сўнг мазкур маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.

Мазкур ҳужжатнинг 271-моддаси биринчи хатбошисининг тўртинчи кичик бандига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган», дейилади баёнотда.

Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг 7-боб (светофор ва тартибга солувчининг ишоралари), 9-16 (Ҳаракатланишни бошлаш, Йўналишларни ўзгартириш, Йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситаларининг жойлашуви, Ҳаракатланиш тезлиги, Қувиб ўтиш, Тўхташ ва тўхтаб туриш, Чорраҳада ҳаракатланиш, Тартибга солинган чорраҳалар, Тартибга солинмаган чорраҳалар), 19-20 (Автомагистралларда ҳаракатланиш, Турар жой даҳаларида ҳаракатланиш) ва 22-боблари (Йўналишли транспорт воситаларининг имтиёзлари), 1 (Йўл белгилари) ва 2-иловалари (Ётиқ чизиқлар) талабларидан четга чиқишлари мумкинлиги қайд этилган.

«Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун махсус хизматларнинг транспорт воситаларида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин», дея қўшимча қилинган баёнотда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128 прим 5-моддаси биринчи қисмига кўра, махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан халақит бериш — БҲМнинг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши эслатиб ўтилган.

Унда ҳайдовчилар нега бирдан видеомурожаат қилиб қолди?

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев умумий баёнотлар эмас, аниқ ва конкрет чора кераклигини қайд этади.

«Бизда радарлар, камералар, мавзуси жуда бир кўнгилга яқин нозик мавзу. Чунки бизда тез юришни, қоида бузишни кўпчилик яхши кўради, буни оддий ҳол деб қабул қилишади. Минг афсуски. Йўллардаги ўлимлар сони бўйича Ўзбекистон дунёдаги энг етакчи давлатлардан бири. Минг афсуски. Лекин шундай бўлса-да, ҳайдовчилар оламида қоидабузарларга қарши курашиш маъқулланмайди, улар бунақаларни жуда ёмон кўришади ва доим бундан шикоят қилишади.

Бугун Тез тиббий ёрдам хизматининг бир гуруҳ ҳайдовчилари тилидан уларга жарима солишаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Шу баҳона камералар, радарлар мавзуси яна кун мавзусига айланди.

Аслида ҳаммаси жуда оддий: махсус хизмат машиналари шошилинч чақирув пайтида йўл қоидаларини бузишга ҳаққи бор. Тез тиббий ёрдам, ўт ўчирувчилар, ички ишлар ёки фавқулодда вазиятлар органлари машиналари ва ҳ.к. Масалан, тез ҳайдаши, қизилда ўтиши мумкин. Буни ҳамма билади. Бу янгиликмас.

Автоматлашган камералар эса ҳаммага жарима ёзаверади, тез ёрдамга ҳам, ички ишлар органларига ҳам. 

Бу жарималар ҳайдовчилар номига эмас, ташкилот номига ёзилади. Кейинчалик ўша ташкилот чақирув бўлганини исботлаб, битта хат берса, бўлди, жарима бекор қилинади. Шу пайтгача ҳеч қанақа муаммо бўлмаган, доим шундай бўлиб келган.

Бу ҳақда Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшма баёнот ҳам берди. Баёнотда ҳам чақирувга кетаётган тез тиббий ёрдам машинасига жарима солинмаслиги таъкидланди.

Лекин бу тез ёрдам машиналарига ҳар доим ҳамма нарса мумкин экан, деганимас. Агар чақирув йўқ пайтида ҳайдовчи қоидани бузса, унда жарима бекор қилинмайди. Ўша ҳайдовчининг ойлигига қаратилиши мумкин.

Аммо бугун тарқалган видео жуда ҳайратланарли. Нега унақа бўлди? Нега ҳайдовчиларга жарима тўлайсизлар дейишди? Тизимнинг қаери хато ишлади? Бу ерда албатта айбдорларни топиб, чора кўриш керак. Бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳам», дейди у телеграм-каналида.

У бу ҳолатнинг эҳтимолий сабаби бўйича уч хил вариант келтирган:

  • 1-вариант: Республика тез тиббий ёрдам маркази масъуллари келган жарималарни бекор қилиш ўрнига шунчаки ҳайдовчиларга бериб, «ўзларинг тўлаларинг» деган;
  • 2-вариант: барча етарли далиллар берилган бўлса ҳам, Йўл ҳаракат хавфсизлиги хизмати жарималарни бекор қилмаган;
  • 3-вариант: келган жарималар чақирув пайтида эмас, одатий вазият пайтида ҳайдовчилар томонидан қилинган қоидабузарлик учун келган.

«Қайси вариант бўлишидан қатъи назар, шунчаки жим кетмаслик керак. Албатта чора кўриш ва келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш шарт. Чунки инсонлар ҳаётини сақлаш учун шошилиб кетаётган ҳайдовчиларнинг кўнглида жарима тўлаш ҳақида озгина шубҳа бўлиши ҳам керак эмас. Ҳайдовчилар фақат бемор олдига тезда етиб боришни ўйлаши керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Йўл ҳаракат хавфсизлиги хизмати масъуллари билан боғланганимда, ҳолат ўрганилаётганини таъкидлашди. Умид қиламизки, якунда муаммога ойдинлик киритилади ва чора кўрилади», дея постни якунлаган у.

Top