17:25 / 02.02.2023
18198

“Мендирман Жалолиддин”дан сўнг Меҳмет Боздағ Амир Темур, Мирзо Улуғбек ҳақида ҳам сериал олмоқчилигини маълум қилди

Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан турк киноижодкорлари ҳамкорлигида ишланган “Мендирман Жалолиддин” сериали продюсери Меҳмет Боздағ сериал ва Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Меҳмет Боздағ

"Тарихий сериал суратга олиш таклифи тушганида жуда ҳаяжонландим. Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков билан учрашувдан сўнг Жалолиддин Мангуберди ҳақида сериал олишни бошладик. Суратга олиш жараёнида жуда кўп инсонлар меҳнат қилишди, бош ташаббускор албатта, Озодбек Назарбеков бўлди, — деди Боздағ, — “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалининг суратга олиш жараёнида ўзбек ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик. Таъкидлаш жоизки, тарихий сериални суратга олиш жуда масъулиятли ва машаққатли жараён. Актёрлар 50–55 даража иссиқда ҳам оғир зирҳли кийимлар билан ҳаракат қилишди. Отлар қатнашган саҳналар ҳам ўзига яраша қийинчиликлар билан кечди. Шундай бўлса-да, ўзбек ва турк актёрлари ўз вазифаларини завқ ва масъулият билан бажаришди”.

Фото: Туризм ва маданият вазирлиги

Продюсер ушбу лойиҳа сабаб у болаликдан орзу қилиб юрган Самарқанд, Бухоро ва Хивага саёҳат қилганини айтиб, тарихий кино олиш борасида ўзини яна бир бор синаб кўриш имкониятини берганларга миннатдорчилик билдирган.

Келгусида эса Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абдулатиф, Али Қушчи, Фотиҳ Султон каби улуғ тарихий шахслар ҳаётига оид сериалларни суратга олиш ниятида эканлигини ҳам маълум қилган.

Top