10:05 / 03.02.2023
13547

Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш давлат комиссияси ташкил этилди

Фото: Мудофаа вазирлиги

Президент "Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш ва мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • махсус органларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника ҳамда бошқа ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларни белгилаш;
  • Ўзбекистон Қуролли кучларини ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича комплекс дастурларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш; 
  • махсус органларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлашни молиялаштириш масалаларини кўриб чиқиш ва унинг манбаларини белгилаш;
  • давлат мудофаа буюртмасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • янги ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ёки мавжудларини модернизация қилиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш, соҳани ривожлантириш учун имтиёзлар ва преференциялар бериш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
  • ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, озиқ-овқат, кийим-кечак анжомлари, дори воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ҳарбий-техник мол-мулкнинг стратегик захираларини яратиш чораларини белгилаш;
  • мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқиш;
  • уруш даври учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига сафарбарлик топшириғини бириктириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
  • махсус органларни қуроллантириш ва мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини кўриб чиқиш.
  • Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида:
  • Мудофаа вазирлиги ҳузурида Мудофаа саноати агентлиги;
  • Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида O'ztextreyd давлат унитар корхонаси тузилди.

O'ztextreyd хорижда ишлаб чиқариладиган ҳарбий маҳсулотларни харид қилиш, экспорт қилиш билан шуғулланади.

Top