15:28 / 09.02.2023
7772

Зеленский Европа Иттифоқи фавқулодда саммитида қатнашиш учун Брюсселга борди

Украина президенти иштирокида бўлиб ўтадиган ЕИнинг фавқулодда саммитида Киевга кейинги ёрдам, шунингдек, Украинанинг Европа интеграцияси жараёни, Россияга қарши янги санкциялар ва ҳарбий жиноятчиларни жавобгарликка тортиш масалалари муҳокама қилинади.

Фото: Kenzo Tribouillard/AFP

Брюсселда, Киевда бўлиб ўтган 24-Европа Иттифоқи-Украина саммитидан бир ҳафта ўтиб, Украина президенти Володимир Зеленский иштирокида Европа кенгашининг фавқулодда йиғилиши бошланади. 9 февраль, пайшанба куни Зеленский Париждан Брюсселга учиб кетди, у ерда бир кун аввал Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашди.

Зеленскийни аэропортда кутиб олган Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Twitter’да Европа Иттифоқи Украинани ЕИга қаратилган ҳар бир қадамида қўллаб-қувватлаши тўғрисида ёзди. Унинг таъкидлашича, Украина Европа давлатлари оиласининг бир қисмидир. 

Саммит бошланишидан олдин Шольц ўзини Россия босқинидан ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлашда Европа Иттифоқи давлатларининг бирлигини олқишлади. Деярли бир йил давомида европаликлар украиналиклар билан бирдамлик кўрсатди, дейди у. Бундан ташқари, Шольц яна бир бор Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорларни биргаликда қабул қилишда давом этиши кераклигини ва Германия ҳозирда Европа Иттифоқида мутлақ кўрсаткичларда Киевга энг йирик фуқаролик ва ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлат эканлигини таъкидлади. 

Ўз навбатида, Эстония бош вазири Кая Каллас Европа Иттифоқини Украина учун биргаликда қурол олишга чақирди. Коронавирус пандемияси даврида вакцина сотиб олиш каби, европаликлар биргаликда қурол сотиб олишлари керак, деди у саммитдан олдин. Бундан ташқари, у Украинада уруш жиноятларини содир этганларни жавобгарликка тортиш ва бунинг учун халқаро махсус трибунал яратиш зарурлигини таъкидлади. 

Шу билан бирга, уларнинг ёрдами билан Украинани қайта тиклашни молиялаштириш учун Россиянинг ЕИ мамлакатларидаги активлари мусодара қилиниши керак, дейди Каллас. «Бу европалик солиқ тўловчиларга юкланиши нотўғри бўларди», деди у. 

Саммитнинг асосий мавзуларидан бири Украинага янги ёрдам, жумладан, ҳарбий ёрдам бўлади. Бундан ташқари, учрашувларда Европа Иттифоқига қўшилиш жараёни, Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш ва уни Украинадаги ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортиш масалалари муҳокама қилинади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top