22:58 / 14.02.2023
23072

Жўрабек Мирзамаҳмудов: “Лукойл” билан шартнома 55/45 – Ўзбекистон фойдасига”

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакатдаги салоҳиятли конларнинг 13 тасига эгалик қилувчи Россиянинг “Лукойл” компанияси билан маҳсулот тақсимоти битими (СРП)нинг айрим шартларини биринчи марта очиқлади.

Мирзамаҳмудов конлардаги газнинг 90 фоизи “Лукойл”га, 10 фоизи Ўзбекистонга деган тасаввур хато эканини айтди. Бу ҳақда вазир билан фаоллар мулоқотида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг тушунтиришича, инвесторлар қаторида турувчи “Ўзбекнефтгаз” улушини қўшиб ҳисоблаганда, жами даромаднинг 55 фоизи Ўзбекистон, 45 фоизи эса “Лукойл”га тегади.

“Келишувга кўра, “Лукойл” инвестиция киритади. 9-10 млрд доллар атрофида инвестиция киритди дейлик: завод қурди, бурғилаш қилди ва ҳоказо. 13 та кондан табиий газ, конденсат ва олтингугурт олинади. Бу маҳсулотлар сотилганидан тушган маблағнинг бир қисми киритилган инвестицияни қайтаришга, яна бир қисми операцион харажатларга (булар ҳаммаси назорат остида), яна бир қисми эса солиқларни тўлашга йўналтирилади. Охири қолгани – фойда.

Шу фойданинг 50 фоизи – “Лукойл”га, 50 фоизи – давлатга. “Лукойл” оладиган 50 фоизнинг ичида 10 фоиз “Ўзбекнефтгаз”нинг улуши ҳам бор.

Айтайлик, 100 млн доллар соф фойда чиқди дейлик. 50 млн доллар – “Лукойл”га ва шунинг яна 10 фоизи – 5 млн доллар “Ўзбекнефтгаз”га кетади. Ана шу принцип ишлайди. Бу – базавий принцип”, – деди у.

Расмий фото

Журналистлар Жўрабек Мирзамаҳмудовга бу маълумотлар шу пайтгача яшириб келингани хато бўлганини айтди.

“Ҳақиқатан ҳам балки бу бизнинг айбимиздир. Ўйлайманки, биз энди таклиф билан чиқамиз: умуман, “СРП”нинг ишлаш механизмини [тушунтирамиз]. Матбуот котиби бунақа деталларни билмайди”, – деди ҳукумат аъзоси.

Top