09:42 / 16.02.2023
7288

Европарламент Тбилисини Саакашвилини озод қилишга чақирди

Европарламент депутатлари инсонпарварлик сабабларига кўра оғир касал бўлган Грузия собиқ президентини даволаниш учун қўйиб юборишни талаб қилмоқда. Унинг саломатлиги учун Тбилиси масъул экани эслатилди.

Михаил Саакашвили / Фото: Reuters

15 февраль, чоршанба куни Европарламент Грузия ҳукуматидан «инсонпарварлик сабабларига кўра ва сиёсий қутбланишни камайтириш учун» собиқ президент Михаил Саакашвилини озод қилишни ва «унинг хорижда тўғри даволанишига рухсат беришни» талаб қилувчи резолюция чиқарди.

Европарламент депутатлари Грузия ҳукуматига «собиқ президентнинг соғлиғи ва саломатлигини таъминлаш, унга тўғри тиббий ёрдам кўрсатиш, асосий ҳуқуқлари ва шахсий қадр-қимматини ҳурмат қилиш учун масъул эканини» эслатди.

Резолюция 2 февраль куни Европарламентда бўлиб ўтган Саакашвилининг позициясига доир муҳокама натижаси бўлди. «Унинг қамоқда ўлишига йўл қўймаслик керак. Грузия ҳукумати агар унга бирор нарса бўлса, Саакашвилининг аҳволи учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади, улар жавобгар бўлишади», - дея огоҳлантирган Словакия вакили Мириам Лексманн. У Грузия ҳукуматининг «уятли» хатти-ҳаракати унинг Европа интилишларига кескин зид келишини айтди.

Михаил Саакашвили 2021 йилнинг кузида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Грузияга қайтганида қўлга олинган эди. Ҳибсда бўлганида унинг соғлиғи ёмонлашди. Украина бир неча бор собиқ президентни Киевга юборишни талаб қилган, чунки у Украина фуқаролигига ҳам эга.

Top