22:08 / 11.03.2023
30474

АҚШда йирик Silicon Valley Bank банкрот бўлди 

Бу 2008 йилги молиявий инқироздан кейин энг йирик банкротлик. 

Фото: REUTERS/Nathan Frandino

АҚШ молия соҳасида жиддий ҳодиса юз берди: венчур технология стартапларининг деярли ярмига хизмат кўрсатувчи Silicon Valley Bank (SVB) Калифорнияда банкрот бўлди. 

Бу ҳақда Калифорния молиявий ҳимоя ва инновациялар департаменти эълон қилди. Шунингдек, Федерал депозитларни суғурталаш корпорацияси (FDIC) банк устидан ташқи бошқарувни жорий этиб, ўз назоратига олди. 

SVB банкротлиги NASDAQ индексининг 1,76 фоизга пасайишига олиб келди (бу АҚШнинг юқори технологиялар бозоридаги вазиятни акс эттиради). Dow Jones ва S&P 500 индекслари ҳам 1-1,5 фоизга тушиб кетди. 

Вазият тез ривожланди: амалда SVB 48 соат ичида банкрот бўлди. 

8 март куни компания ўз инвестициялари муваффақиятсиз чиққанини ва йўқотишларни қоплаш учун 2,25 миллиард долларлик янги акцияларни сотишини эълон қилди. 

Бу эса венчур капитал фондлари орасида ваҳима қўзғатди, улар портфел компанияларига зудлик билан банкдан пулларини қайтариб олиш ҳақида маслаҳат беришди. 

9 март куни SVB акциялари нархи кескин тушиб кетди, бу эса бошқа банкларни ҳам комига тортди. 

10 март куни SVB акциялари савдоси тўхтатилди (шунингдек, First Republic, PacWest Bancorp ва Signature Bank акциялари савдоси ҳам).

Шундан сўнг, Калифорния молиявий ҳимоя ва инновациялар департаменти SVB банкрот бўлганини эълон қилди. 

Воқеалар бундан кейин қандай ривожланиши номаълум, аммо кўплаб технологик стартаплар зарар кўриши аллақачон аниқ: улар ўз ходимларига иш ҳақини ўз вақтида тўлай олмайди. Баъзи стартаплар эса умуман омон қолмаслиги мумкин. 

SVB Калифорниядан ташқарида камроқ таниш бўлса-да, Қўшма Штатларнинг энг йирик 20 та тижорат банкларидан биридир. Ўтган йил охирида SVB активлари 209 миллиард долларга баҳоланган. 

Top