16:15 / 19.03.2023
15441

Осмонўпар бинолар, яшил дарё ва бизнес маркази – Чикагодан фоторепортаж

Айни вақтда хизмат сафари билан АҚШда бўлиб турган Kun.uz ижодий жамоаси ушбу мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри, дунёга машҳур Чикагонинг диққатга сазовор жойларидан фотожамланма тақдим қилади.

Фото: Kun.uz

2,6 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Чикаго – Нью-Йорк ва Лос-Анжелес шаҳарларидан кейин АҚШнинг учинчи энг йирик шаҳри ҳисобланади. Катта Чикаго агломератида 9 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бундан ташқари, шаҳарнинг йирик компаниялар офислари жойлашган марказий қисми – Манҳэттендан сўнг АҚШда энг йирик молиявий марказ ҳисобланади.

Шаҳар Мичиган кўлининг ғарбий соҳили – Иллинойс штатида жойлашган, ҳавоси бир мунча совуқ, қуруқ ва совуқ шамоллар кўп кузатилади.

Асосан афроамерикаликлар яшайдиган ҳудудлар криминоген ҳолат ёмонлиги туфайли сайёҳлар учун хавфли экани айтилади. Асосий сайёҳлик зоналари эса хавфсиз.

Чикагода жамоат транспорти яхши ривожланган, шу билан бирга яшаш нархлари ўзи қаторидаги йирик шаҳарлардагидан анча арзонроқ. 1871 йилда содир бўлган улкан ёнғиндан сўнг Чикаго қарийб бутунлай қайтадан қурилган, шаҳарда илк осмонўпар бинолар пайдо бўлган.

 

Ҳар йили 70 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатувчи О'ҳара халқаро аэропорти дунёдаги энг катта ва тиғиз аэропортлар қаторида туради. Турли маълумотларга кўра, Чикагога 2018 йилда 58 миллион сайёҳ келган.

Шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойлари қаторида баланд биноларнинг ўрни муҳим. Улар қаторига 110 қаватли Wills Tower (103-қаватда томоша майдони мавжуд), Grant Park, Riverwalk – Чикаго дарёси бўйлаб сайр қилиш йўлаги, бундан ташқари кўплаб музей, парк ва театрларни киритиш мумкин.

Шунингдек, сайёҳлар учун – шаҳарнинг бизнес маркази орасидан оқиб ўтувчи Чикаго дарёсида кема саёҳати ҳам мавжуд. Бу дарё 1962 йилдан бери анъанавий равишда зарарсиз моддалар билан яшил рангга бўялади. Бундай ноодатий дарё бўйлаб осмонўпар бинолар орасида сайр қилиш – дунёнинг ҳеч қаерида учрамайди ва ҳар қандай сайёҳни лол қолдиради.

Фаррух Абсаттаров
Муҳаммаджон Ғаниев

Top