19:16 / 30.03.2023
10689

Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилишга йўл қўйган «Туркменгаз» мулозими ҳибсга олинди

У газнинг музлашига йўл қўймайдиган реагентларни сотиб олишда коррупцияга қўл урган бўлиши мумкин.

Фото: Туркменгаз

18 март куни Туркманистоннинг «Туркменгаз» давлат концерни раиси собиқ ўринбосари Отамурот Чориев Ашхободда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Turkmen.news хабар берди.

У Вазирлар Маҳкамаси биносида ушланган. Унга қандай айбловлар қўйилгани ҳозирча номаълум, бироқ ҳибс «Галқиниш» газ конидаги авария билан боғлиқ, деб ҳисобламоқда нашр. 2023 йил январь ойида юз берган авария оқибатида Туркманистондан Ўзбекистонга газ етказиб бериш бир неча кунга тўхтаб қолган эди.

Turkmen.news нашрининг таъкидлашича, ушбу ҳодиса оқибатида Россиянинг «Газпром» компанияси Марказий Осиё бозоридаги рақобатда ғалаба қозониб, мавқеини тиклаб олган.

Февраль ойида Отамурот Чориев «Туркменгаз» компанияси раҳбари ўринбосари лавозимидан ҳукумат идораларидан бирида оддий мутахассис лавозимига туширилган. Бу Туркманистонда кенг тарқалган амалиёт: амалдорлар кейинчалик яна катта «курсиларга» қайтиш учун оддий лавозимларга ўтказилади.

Бироқ, нашр манбаларига кўра, Чориев «лавозимда пасайиш» билан қутулиб қолмаган. 18 март куни у Вазирлар Маҳкамаси биносидан Бош прокуратурага сўроқ қилиш учун қўли кишанланган ҳолда олиб кетилган. Бир неча соатдан кейин унга айблов эълон қилинган ва ҳибсга олинган.

Аввалроқ «Галқиниш» конидан газ етказиб бериш тўхтатилишига қуритиш датчиклари ишдан чиққани сабаб бўлгани хабар қилинганди. «Туркменгаз» раҳбарияти сифатсиз датчиклар сотиб олган ва Марказий Осиёга ғайритабиий совуқлар келганида улар босимни кўтара олмаган.

Бироқ, ҳозирда терговчилар авариянинг асосий сабаби газнинг музлашига йўл қўймайдиган реактивлар миқдорининг етарли эмаслиги деган хулосага келган. Манбалар изоҳига кўра, айнан Чориев 2019-2021 йилларда газ «антифриз»ини сотиб олишга масъул бўлган. «Туркменгаз»нинг ўша пайтдаги раҳбари Мурод Арчаев қўл остида у бир неча бор юқори сифатли реагент етказиб бериш бўйича шартномалар тузган, бироқ аслида арзон реагентларни сотиб олган. Чориев ва Арчаев ушбу схемадан тушган даромадни «арра» қилишган.

Turkmen.news нашрининг қайд қилишича, совуқ ҳавода газ етказиб беришда узилиш юз бергани «Туркменгаз» учун ёмон реклама бўлган. Жумладан, март ойида Ўзбекистон «Туркменгаз» газини «Газпром» воситачилигисиз етказиб бериш бўйича синов шартномасини янгиламаган.

Шунингдек, январь ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича уч томонлама шартнома имзоланган пайтда Туркманистон бунга таклиф қилинмаган.

Аввалроқ «Туркменгаз» концернининг олти нафар ходими Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилиш юз бергани ортидан очилган жиноят иши бўйича ҳибсга олинган эди. Улар орасида Моддий-техника ресурслари ва жиҳозлари бошқармаси раҳбари Шуҳрат Аждаров ва «Туркменгазақдириш» («Туркментрансгаз») уюшмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Чопанов бор эди.

Top