07:45 / 20.04.2023
11982

Энг бой одамлар рейтингига 22 нафар россиялик миллиардер қўшилди

Андрей Мелниченко / Фото Jason Alden / Bloomberg via Getty Images

Бу йилги Forbes рўйхати оптимистик статистик маълумотлар билан мақтана олмайди - миллиардерлар сони, шунингдек, уларнинг умумий бойлиги кетма-кет иккинчи йил камайиб бормоқда. 2023 йилги глобал рейтингда 2640 киши бор, бу 2022 йилга нисбатан 28 кишига кам ва уларнинг умумий бойлиги 500 миллиард долларга камайиб, 12,2 триллион долларга етган. Шу билан бирга, россиялик миллиардерлар билан боғлиқ вазият бошқача: ҳозир уларнинг сони 110 га етди, бу ўтган йилга нисбатан 22 га кўп. Андрей Мелниченко биринчи марта россиялик энг бой миллиардерга айланди.

2023 йилги рейтингда 110 эмас, 115 киши бўлиши мумкин эди, лекин ўтган йилги рўйхатнинг беш иштирокчиси Россия фуқаролигидан воз кечган: Юрий Милнер (DST фондлари), Николай Сторонский (Revolut), Тимур Турлов (Freedom Finance) ва JetBrains  ҳаммуассислари Сергей Дмитриев ҳамда Валентин Кипятков. 2021 йилда Россия глобал рейтингда янада кенгроқ намоён бўлди - 123 иштирокчи.

Россиялик миллиардерларнинг умумий бойлиги 353 миллиард доллардан 505 миллиард долларгача ошган.Бунинг бир қанча сабаблари бор. 2022 йилда рейтинг Украинада уруш бошланиши туфайли бозорларда кучли ваҳима авж олган даврда тузилган.

Россия акцияларининг котировкалари қулади ва февраль ойи бошида тузилган дастлабки рўйхатда 140 иштирокчидан атиги 88 нафар россиялик миллиардер рейтингда қолди. 2022 йилнинг 11 мартига келиб, бутун дунё бўйлаб миллиардерларнинг бойлигини ҳисоблаш учун котировка ва ставкалар белгилаб қўйилганида, Россия компаниялари акциялари савдоси икки ҳафтадан кўпроқ вақт давомида музлатиб қўйилди ва глобал банклараро бозорда рубль курси пасайди - бир доллар учун 133 рубль. Россияликларнинг доллардаги бойликлари рубль билан бирга тушиб кетди.

Жорий рейтингда котировкалар ва валюта курслари 2023 йил 10 мартда белгиланган эди, ўша кунги рубль курси бир доллар учун 75,9 рублни ташкил қилди. Россиялик миллиардерларнинг умумий бойлиги 2021 йилда 606 миллиард долларга баҳоланган.

Ўтган йилги рейтинг натижаларига Россия иқтисодиёти ҳақидаги апокалиптик башоратлар ҳам таъсир кўрсатди. 2022 йил апрель ойида Россия Молия вазирлиги, Bloomberg манбаларига кўра, йил охиригача ЯИМнинг 12 фоизга пасайишини прогноз қилган. Аммо пасайиш анча кичикроқ бўлиб чиқди: Марказий банк маълумотларига кўра, Россия ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда 2,5 фоизга камайди.

«Еврохим» ва СУЭК асосчиси Андрей Мелниченко биринчи марта Россиянинг Forbes рўйхатида 1-ўринни эгаллади - унинг бойлиги йил давомида икки баравар кўпайиб, 25,2 миллиард долларга этди. Бу асосан ўғитлар ишлаб чиқарадиган «Еврохим» қийматининг ўсиши билан боғлиқ. Россия иқтисодиётининг ушбу сектори махсус операция бошланганидан кейин таъсирчан ўсишни кўрсатди. Энг бой 20 нафар россияликлар қаторига Мелниченкодан ташқари яна икки «кимёгар» кирди: «Акрона» эгаларидан бири Вячеслав Кантор (11-ўрин, бойлиги 11,3 миллиард доллар) ва Андрей Гурев (15-ўрин, 9,7 миллиард доллар), у ва унинг оиласи «Фосагро»нинг деярли 50 фоизига эгалик қилади.

Ўтган йили Кантор ва Гурев атиги 27 ва 24-ўринларни эгаллаган эди.

Рейтингнинг иккинчи поғонасида «Норильский никель» компаниясининг энг йирик акциядори Владимир Потанин қайд этилди - 23,7 миллиард доллар. 

Top