07:54 / 21.04.2023
30299

Россиянинг Су-34 ҳарбий самолёти Белгородга авиабомба ташлаб юборди

Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани «авиация ўқ-дорисининг ғайритабиий тушиб кетиши» деб атади. Портлаш оқибатида икки киши яраланган.

Фото: Telegram / Вячеслав Гладков

Белгороднинг марказий қисмида 20 апрель, пайшанба куни кечқурун авиабомба портлаб кетди, уни Россиянинг Су-34 ҳарбий самолёти шаҳарга ташлаб юборди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани «авиация ўқ-дорисининг ғайритабиий тушиши» деб атади. «20 апрель куни ҲКК Су-34 самолётининг Белгород шаҳри узра парвози чоғида авиация ўқ-дорисининг ғайритабиий тушиши содир бўлди. Натижада турар жой биноларига шикаст етган, жабрланганлар йўқ. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади вазирлик баёнотида. Мудофаа вазирлиги бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Аввалроқ Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков ўзининг Telegram-каналида портлашдан сўнг «марказий кўчалардан бирининг (Ватутина – Губкин) чорраҳасида радиуси 20 метр бўлган улкан ўра ҳосил бўлганини ёзган эди. «Яқин-атрофдаги турар жой биносининг ойналари синган, портлаш натижасида тўхтаб турган бир нечта машина шикастланган ва электр узатиш линиялари ишдан чиққан», — дейилади унинг постида.

Кейинроқ Гладков ҳодиса натижасида икки киши жароҳатланганини айтди: «Аҳволи ўртача оғирликдаги аёл 2-сонли шаҳар касалхонасига ётқизилди. Икки аёл касалхонага ётишдан бош тортди, барча зарур тиббий ёрдам жойида кўрсатилди». Бундан ташқари, губернаторнинг сўзларига кўра, Белгородда кўп қаватли уйдаги тўртта хонадон ва тўртта автомобиль шикастланган.

Айни пайтда, «Жесть Белгород» Telegram-канали портлаш натижасида зарба тўлқини таъсирида автомобиль «Пятерочка» дўконининг томига келиб тушгани ҳақида ёзган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top