08:42 / 25.04.2023
19157

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Лавров иштирокидаги йиғилишида Россия танқид қилинди

Ғарб дипломатлари Москвани БМТ Низомини ва халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби йирик давлатлар ўртасидаги зиддият хавфи ортиб бораётгани ҳақида гапирди.

Фото: CNN

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров раислигида ўтказилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия Украинага қилинган ҳужум учун кескин қораланди. 24 апрел, душанба куни Россия расмийларининг ҳаракатларини, хусусан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш танқид қилди.

Россия босқинчилиги "мамлакат ва унинг халқига катта азоб-уқубатлар ва вайронагарчиликларни келтириб чиқаради" ва COVID-19 пандемияси чиқарган иқтисодий нотинчликни янада кучайтиради, деди Гутерриш. “Йирик давлатлар ўртасидаги таранглик тарихий чўққига етди”, - дея таъкидлади у ва улар ўртасидаги тўқнашув хавфи ҳам худди шундай юқори эканлигини қўшимча қилди. БМТ бош котиби, шунингдек, Россияни Украина билан “ғалла битими” бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда давом этишга чақирди.

АҚШнинг БМТдаги вакили Линда Томас-Гринфилд Россияни масъулиятсизликда айблаб, унинг Украинага қарши урушини “ноқонуний, асоссиз ва кераксиз” деб атади. “Россия БМТ Низомини бузган ҳолда халқаро чегараларни куч билан қайта чизмоқчи, холос”, деди у.

Европа Иттифоқининг БМТдаги доимий вакили Олоф Скуг ЕИ барча 27 элчиси номидан сўзга чиқиб, Россиянинг Украинага қарши бошлаган урушини ва унинг БМТ Низомига риоя қилмаслигини қоралади. "Россия ўзини БМТ Низоми ва кўп қиррали ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳақиқат бошқа нарса бўлиши мумкин. Бу беадаблик. Ҳаммамиз биламизки, Россия вайрон этаётганда, биз қуряпмиз. Улар бузаётганда, биз ҳимоя қиламиз. БМТ Низоми, БМТ Бош ассамблеяси, Халқаро суд, Халқаро жиноий суд – қаерга қараманг, Россия ҳамма нарсани оёқости қилди”, — дейилади баёнотда. Скуг, шунингдек, БМТ Бош ассамблеясининг Россияга барча қуролли кучларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетиш талабини эслатди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top