15:10 / 27.04.2023
4227

Маъмурий суд ишларида тарафларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқи белгиланди

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини таъминлаш мақсадида президент томонидан имзоланган қонун билан айрим ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Фото: Kun.uz

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилди. Тарафларнинг келишув битими тузиш ҳуқуқи белгиланди. Унга кўра:

тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин; 

  • тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкин;
  • келишув битими ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар томонидан имзоланади;
  • келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.

Киритилган ўзгартиришга мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилади. Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади. 

Суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради. Судга аризачи ариза (шикоят) билан бир қаторда аризада кўрсатилган талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги аризалар (шикоятлар) бўйича талаб суммасининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМ 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.

Top