18:47 / 01.05.2023
16754

«Толибон» Афғонистон ҳудудидан Марказий Осиёга ҳеч қандай таҳдид йўқлигини маълум қилди

Толибларнинг бу баёноти Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг экстремистик гуруҳлар Афғонистон шимолида ўрнашиб, Марказий Осиёга таҳдид туғдираётгани ҳақидаги иддаосига қарши янгради.

Фото: AP

Афғонистон «Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид сўзларига кўра, Кобул ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга қарши фойдаланишга рухсат бермайди. Унинг сўзларини ТАСС келтирди.

Унинг таъкидлашича, Афғонистон раҳбарияти нафақат мамлакатда, балки минтақада ҳам хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган сиёсат олиб бормоқда, Афғонистон ҳудудидан Марказий Осиё давлатларига ҳеч қандай таҳдид йўқ.

Забиҳулло Мужоҳид бу сўзларни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Афғонистонда илдиз отган радикал гуруҳлар минтақа хавфсизлигига асосий таҳдид эканлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ сифатида айтди.

«Россия ҳукумати амалдорлари тушуниши керакки, сўнгги икки йил давомида Афғонистондан минтақа давлатлари ва бутун дунё учун ҳеч қандай хавфсизлик таҳдиди бўлмаган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Афғонистон ИШИД қолдиқларини тўлиқ қатъият билан енгишга муваффақ бўлди», деди у.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон минтақада нафақат хавфсизлик ва барқарорликни таъминлайди, балки «иқтисодий йўналтирилган ташқи сиёсати орқали минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка ҳисса қўшади».

Толибон вакилининг таъкидлашича, Кобул ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга қарши фойдаланишга рухсат бермайди. Шунингдек, «бошқа давлатлар, айниқса, минтақада жойлашган давлатлар бузғунчи ниятда бўлганларнинг Афғонистонга киришига йўл қўймаслигини кутади».

28 апрель куни Сергей Шойгу Ҳиндистонда бўлиб ўтган ШҲТ давлатлари мудофаа вазирлари йиғилишида Марказий Осиё минтақасида вазият кескинлашиши мумкинлигини ва асосий таҳдид кўп сонли радикал экстремистик гуруҳлардан эканини, улар Афғонистон шимолида мустаҳкам ўрнашиб, қўшни республикаларда ўз ғояларини тарғиб қилиш учун ҳаракатларини кучайтираётганини иддао қилган эди.

Top