09:51 / 05.05.2023
7332

Эксперт: Киев Кремлга дронлар билан ҳужум қилиш ҳақида буйруқ бермаган 

Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгашининг мудофаа сиёсати экспертига кўра, Киев Кремлга учувчисиз самолёт билан ҳужум қилиш ҳақида буйруқ бермаган.

Видеодан кадр

Украина расмийлари Кремлга учувчисиз учоқ ҳужумига буйруқ берган бўлиши даргумон. Бу ҳақда 4 май, пайшанба куни Deutsche Welle нашрига берган интервюсида Европа ташқи алоқалар кенгашининг мудофаа сиёсати ва ҳарбий технологиялар бўйича эксперти Улрике Франке айтиб ўтди.

Франке Қрим кўприги ва Россия ҳудудидаги турли объектларга қилинган ҳужумни эслаб: "Бу турдаги ҳужум Украина ҳақиқатда амалга оширган Россия ҳудудидаги бошқа ҳужумлардан жуда фарқ қилади", деди. Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача Украина учувчисиз учоқларининг Россия ҳудудига берган барча зарбалари “аниқ ҳарбий нишонларга қаратилган”, шунинг учун Франке Украинанинг Кремлга ҳужумни инкор этишини ишончли деб ҳисоблайди.

Мутахассис, шунингдек, Россияда мавжуд бўлган Россия ёки Украина кучларининг зарбага алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно қилмади, чунки дрон унчалик катта эмас ва сезиларли масофани босиб ўта олмайди. “Эҳтимол, у Украинадан учиб келмаган, балки яқинроқ жойдан учирилган”, деди Франке.

Мутахассис, шунингдек, Украина "Монобанк"и асосчиси Владимир Яценконинг 9 май куни бўлиб ўтадиган парадда учувчисиз учоғи Москвадаги Қизил майдонга қўнадиган ҳар бир кишига 500 минг доллар тўлаш ваъдасини эслади. "Балки бу биринчи тестдир", деб тахмин қилди Франке.

3 майга ўтар кечаси Россия президентининг Кремлдаги қароргоҳи жойлашган Сенат саройи гумбази устида иккита учувчисиз учиш аппарати портлаб кетди. Россия расмийлари воқеада Украина махсус хизматларини айблади. Кремл матбуот хизмати ҳужумни "режалаштирилган террорчилик ҳаракати ва президентга суиқасд" сифатида баҳолашини айтди. Расмий Киев ҳужумга алоқадорлигини рад этди.

Мавзу
Кремлга дронлар ҳужуми
Май ойида украин дронлари Кремлгача етиб борди.
Барчаси
Top